Жаҳон | 00:53 / 19.01.2019
9062
2 дақиқада ўқилади

Трамп конгрессменларга давлат ҳисобидан парвоз қилишни тақиқлаб қўйди

Фото: АҚШ Оқ уй

АҚШ президенти Дональд Трамп шатдаун муаммоси ҳал қилинмагунча конгресснинг барча аъзоларига ҳукумат самолётларидан Оқ уйнинг ёзма рухсатисиз фойдаланишни тақиқлаб қўйди. 

“Шатдаун вақтида ҳар қандай вазиятда ҳукуматга тегишли, у томонидан ижарага олинган ёки ёлланган самолётлардан бирортаси Оқ уйнинг ёзма рухсатисиз конгресс аъзоларига тақдим қилинмайди”, деб айтган Оқ уй аппарати вазифасини бажарувчи Рассел Воут.

Воутнинг таъкидлашича, бу ҳақда барча вазирликлар ва агентликлар раҳбарларини хабардор қилишни ундан Трампнинг ўзи сўраган.

Бундан аввал Трамп конгресснинг вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Нэнси Пелосига Афғонистонга сафар учун ҳарбий самолётдан фойдаланишни тақиқлаганди. Трамп Пелосига сафари молиялаштирилиши бюджетда кўзда тутилмагани сабабли, унга тижорий рейс билан учишни таклиф қилган. Пелоси бу таклифни тижорий рейс учун ёнидан пул тўлашига тўғри келиши учун эмас, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан сафар сир сақлангани, бироқ Трамп уни тилга олиб ошкор қилиб қўйгани сабабли рад этган.

The New York Times нашрининг таъкидлашича, Пелосининг сафари охирги лаҳзада Оқ уйдан хабар келгандан кейин бекор қилинган. 

Бундан аввалроқ эса Пелоси хавфсизликка жавоб берувчи махфий хизмат фаолияти шатдаун сабабли блоклаб қўйилгани туфайли Трампга конгрессдаги чиқишини бекор қилишни таклиф қилганди.

Пелоси ҳозирда Мексика билан чегарада девор қурилишига маблағ ажратиш масаласида Трамп билан зиддиятга бораётган асосий шахс ҳисобланади. Пелоси девор қурилишига 5,7 млрд доллар ажратиш кўзда тутилган бюджет лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини, Трамп эса девор қурилишига сўралган пулни олиш учун ойлаб, йиллаб шатдаунни давом эттиришга тайёрлигини айтган.

Мавзуга оид