Жамият | 15:20 / 21.01.2019
59545
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланди

Бугун, 21 январь куни Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича судида 2018 йилнинг августида «Aurum-898» тунги клубида ўлдирилган спортчи Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, бугунги суд мажлисида судланувчилар Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Иш бўйича раислик қилувчи С. Каримовга А. Нишонов ва М.Мирағзамов маслаҳатчилик қилишди.

Суд мажлисида Шодали Қиличовга нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисмининг «в» ва «ж» бандлари, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жахонгир Ёрқуловга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси («Безорилик») 3-қисми «г» банди билан айбланиб жиноят иши кўрилаётгани эълон қилинди. 

Сўнгра раис томонидан суд тергови бошлангани маълум қилинди.

Биринчи суд эшитуви давомида судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Давлат айбловчиси айблов хулосасини эълон қилди. Суд мажлиси тортишувларга бой тарзда бўлиб ўтди.

Суд жараёни давом этмоқда. Суд 23 январь санасигача танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 лар атрофида Юнусобод туманида жойлашган «Aurum 898» тунги клуби олдида юзага келган пичоқбозлик вақтида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлганди.

Ушбу фожиа интернетда катта резонанс келтириб чиқарди, тунги клуб ёпиб қўйилди.

Жамшид Кенжаевнинг ўлимида айбланиб, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси қамоққа олинган, 9 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Шодали Қиличовга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид