Ўзбекистон | 12:14 / 22.01.2019
19099
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб қолди. Россия иккинчи ўринда

Давлат статистика қўмитаси 2018 йил январь-декабрь ойлари якуни бўйича Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2018 йил январь-декабрь ойларида республика ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар кетма-кетлиги жорий йилнинг январь ойидан буён деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Ўтган йили Хитой асосий савдо шериги бўлиб қолди. Ушбу давлат билан ташқи савдо айланмаси 6,4 млрд долларни ташкил этди. Экспорт - 2,8 млрд, импорт - 3,5 млрд доллар. Хитойнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 19 фоизга тенг бўлди.

Кейинги ўриндан Россия жой олди - 5,7 млрд доллар. Экспорт - 2,1 млрд, импорт - 3,5 млрд доллар. РФнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши - 16,9 фоиз.

Учинчи поғонада Қозоғистон - 3 млрд доллар. Экспорт - 1,4 млрд, импорт - 1,5 млрд доллар. Ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши - 8,9 фоиз.

Шунингдек, республика ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 20та давлат орасида Туркия, Корея Республикаси, Германия, Япония, Афғонистон, Қирғизистон, Украина, Латвия, Беларусь, АҚШ, Тожикистон, Эрон, Франция, Италия, Туркманистон, Литва ва Ҳиндистон бор. 

Билдирилишича, Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларини ривожланиши бозор ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида мавжуд бўлган миллий иқтисодиётнинг реал эҳтиёжлари асосида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига интеграциялаштириш, мамлакатни дунёнинг бир қатор ривожланган давлатларидан бири сифатида ўрин эгаллашга қаратилган.

Мавзуга оид