Ўзбекистон | 12:55 / 23.01.2019
9644
5 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири ва журналистлар: ким матбуотни қандай тушунади?

Жорий ой аввалида regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган «Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси айрим босма матбуот, айниқса, таълим нашрлари вакилларининг кенг ва жиддий муҳокамасига, аниқроғи, эътирозига сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги кинояли изоҳлардан тортиб, нашрлардаги жиддий чиқишларгача – барчасида мазкур қарор журналистлар эркинлигига, матбуотга навбатдаги ҳужум эканлиги эътироф этилди.

Лойиҳада баён этилишича, қарордан мақсад умумтаълим муассасалари ходимлари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини халқ таълими тизими ахборотлари билан таъминлашни ташкил этиш, таълим нашрларида замонавий бошқарув ва самарали маркетингни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Шунга кўра, «Бошланғич таълим», «Тил ва адабиёт таълими», «Преподавание языка и литературы», «Lаnguage and literature teaching», «Халқ таълими»,«Ғунча», «Гулхан» журналлари, «Маърифат», «Учитель Узбекистана», «Тонг юлдузи» газеталари таҳририятларини бирлаштирган ҳолда ягона юридик шахс шаклида «Халқ таълими нашриётлари» давлат унитар корхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Ягона ДУКга бирлаштириш орқали таълим нашрлари таҳририятлари моддий-техник базасини яхшилаш, молиялаштириш, ходимларни рағбатлантириш, обунани йўлга қўйиш режалаштирилган.

Хуллас, Халқ таълими вазирлиги таклифига асосан қабул қилиниши кўзланган бу қарор орқали таълим нашрларини халқ истайдиган янгича форматга келтириш асосий мақсаддир.

Таълим нашрлари эса бу лойиҳа «матбуот энди эришай деб турган»​ эркинликнинг бўғилишига, медиамаконда вазирликнинг яккаҳукмронлиги ва фикрлар бир хиллигининг юзага келишига сабаб бўлишини таъкидлаб, қарор қабул қилинишига қаршилик билдиришмоқда.

Хусусан, журналист Сардор Мустафоевнинг фикрига кўра, «...давлат раҳбари «Танқид қилинг, танқид — келажак меваси» деб жон куйдириб, журналистларни курашга чорлаётган бир пайтда айрим раҳбарлар нега сўз эркинлигига путур етказадиган қарорларни қабул қилиш устида бош қотирмоқда».

«Маърифат»​ мухбири Суҳроб Зиё ўз мақоласида вазирлик якка муассислиги таҳририят ижодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини билдиради: «Маърифат» тармоқ нашри бўлса-да, унинг мавзу қамрови чекланмаган. Унда халқ таълими янгиликларидан ташқари олий таълим янгиликлари, касаба уюшмалари фаолияти, маънавият, санъат ва адабиётга оид мақолалар бериб борилади. Вазирлик якка муассис бўлиб, олий таълим, адабиёт ва маънавият бўлимларни ёпиш керак, деса нима бўлади? Нега десак, уларга бекорга пул сарфлаяпмиз дейишади. Қўлингиздан нима келади шунда?» 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдий «Вазир матбуотни қандай тушунади?» мақоласида Шерзод Шерматов «эскилик сарқити» ҳисобланган газетани ўқимаслиги, у «интернет ошиғи»​лигини айтиб ўтади. Вазирлик томонидан амалдаги мактаб директорларига «Обуна деган гап оғзингдан чиқса, ишдан ҳайдаласан»​, қабилида топшириқ бўлганига шаъма қилади.

Қарорда ваъда қилинаётган ипотека кредитлари ва пойтахтдан прописка қилиш масаласи эса «журналистларни авраш учун берилаётган хўрак»​ дея баҳоланмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, бундай «қарши ҳужум»​дан сўнг Халқ таълими вазирлиги ўзининг расмий изоҳини эълон қилди. Унда таҳририятларнинг ягона ДУКга бирлашиши уларнинг юридик мақомини ўзгартирмаслиги, ҳозирга қадар вазирлик нашрларнинг асосий таъсисчиси бўлса-да, таҳририят сиёсатига аралашмагани ва цензурага йўл қўймагани таъкидланган ва бундан кейин ҳам мамлакат қонунлари доирасида иш кўрилиши, цензура бўлмаслиги айтиб ўтилган.

«...улар турли баҳоналар билан таҳририятнинг («Маърифат» газетаси кўзда тутиляпти) ҳисоб-китобини узлуксиз равишда текшириб боришарди, охирги пайтларда турли ёрдам пуллари, мукофот беришни тўхтатиб қўйишганди, бунинг натижасида тажрибали журналистлар кетиб қолишганди...» ​ (XXI asr. 17 январь сони) тарзида қўйилган «айблов»​ни вазирлик рад этган:

«Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг янги жамоаси тайинланганидан бери, вазирлик ўз муассислигидаги таҳририят ходимларининг ойликларини ошириш ёки уларга мукофот бериш масалаларига аралашмаган. Таҳририятлар ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бу масалаларни мустақил белгилайдилар»​.

Халқ таълими вазирлиги ва журналистлар ўртасидаги бундай баҳс битта рақамнинг икки томонида туриб олиб, бири «бу олти»​, иккинчиси эса «бу тўққиз» деяётган мусоҳабага ўхшайди. Ким тўғри позицияда турганини – қарор қабул қилингандан кейин, вазирлик ваъда қилгандек, «матбуот гуллаб-яшнайди»​ми ёки журналистлар айтганидек «матбуотга кишан солинади»​ми, буни вақт кўрсатади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид