Жаҳон | 21:00 / 25.01.2019
58388
15 дақиқада ўқилади

Венесуэла инқирози: Хуан Гуайдо ким ва нима қилмоқчи?

Венесуэла ўрта асрлар даражасида қашшоқлашиб кетган, мамлакат иқтисоди харобага айланган, аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари етишмай қолган. Миллионлаб кишилар ватанни ташлаб, хорижга кетишган. Лотин Америкаси тарихида бу қадар чуқур инқироз ҳеч бир мамлакатда кузатилмаганди. Лекин бу инқирозни на уруш ва на табиат ҳодисалари келтирган.

Бу инқироз Уго Чавес ҳамда унинг издоши Николас Мадуронинг сиёсати оқибатларидир. Улар социалистик инқилоб шиорлари остида бадавлат кишиларни ва ер ости бойликларини талон-торож қилишди. 2013 йили Чавес ажали етиб вафот этди, аммо унинг партиядоши Мадуро ишни давом эттирди, 2019 йил бошида у барча норозиликларга қарамасдан иккинчи муддатга, яна 6 йилга президентликка сайланганини эълон қилди.

Икки президент ҳам пул зарб қилиш ҳажмини оширишди, уларнинг даврида хусусий мулкларни тортиб олиш одатий ҳолатга айланди, давлат нархларни истаганча белгилади, юқори доирадагилар хорижга миллиардлаб долларни олиб чиқиб кетишди. Улар нефть ортидан келадиган барча даромадларни тўлиғича ўзлаштиришди. Улар нефть саноатини хароб қилишди, мамлакатни бўшатиб қўйишди, инфляциянинг йиллик кўрсаткичини 2 миллион баробарга чиқаришди, маҳаллий валюта бутунлай қадрсизланди.

Улар ўзга фикрлиларга ва эркин матбуотга қарши кураш олиб боришди, ҳар қандай намойишлар шафқатсизлик билан бостирилди. Мадуро мухолифатни деярли буткул чеклади, 2017 йилда ўзи учун алоҳида парламент тузиб олди. 2018 йил майида ўтказилган сайловларда ғалаба қозонди, мухолифат унинг натижаларини бойкот қилди, Ғарб ва Лотин Американинг асосий давлатлари бу жараённи «саҳна томошаси» деб аташди.

Айни вақтда 56 ёшда бўлган Мадуронинг инаугурация маросими хориж давлатлари томонидан инкор этилди. Фақат Хитой, Туркия, Эрон ва Россия каби ўнга яқин давлатнинг вакилларигина маросимда ҳозир бўлишди. Ўтган йилда Кремль Каракасга иқтисодий маслаҳатчиларни юборганди, кейинроқ Ту-160 русумли стратегик бомбардимончи самолётлар йўлланди.

Ўзи қашшоқ бўлса-да, авторитар ва армияси кучли бўлган Венесуэла - қўшни давлатлар учун ҳақиқий бош оғриғи. Мадуро иккинчи муддатида ҳам ташқи сиёсати орқали янги муаммоларни туғдириши тайин. Ичкаридаги инқироз туфайли яна миллионлаб венесуэлаликлар қўшни давлатларга йўл олишга мажбур.

Венесуэлалик муҳожирлар ҳар томонга кетишади, АҚШда, Канадада, Мексикада, Бразилияда, Кариб ҳавзасидаги орол-давлатларда, Никарагуа, Панама ва Коста-Рика,  Колумбия, Эквадор, Перу, Тринидад ва Тобаго каби ўзи ҳам қашшоқ давлатларда венесуэлалик қочқинлар ва муҳожирлар қўним топишган.

Перуга кетаётган венесуэлаликлар Эквадор тоғларида.
Фото: AFP

Минтақадаги вазият таранглашмоқда: Лотин Америкаси мамлакатлари шу вақтга қадар қашшоқ венесуэлаликлар учун эшикларни очиб қўйишган, аммо уларнинг раҳмдиллиги қимматга тушмоқда: иқтисодий томондан ҳам, сиёсий томондан ҳам. Чунки, бу давлатларнинг ўз аҳолиси хорижликлар оқими ва уларни омон сақлаш учун кетадиган харажатлардан безор бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, айни вақтга келиб Венесуэлани тарк этганлар сони 3 миллион кишини ташкил этади. Аммо БМТдагиларнинг ишонтиришича, ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўп. Қочқинлар оқими ортиб бормоқда, ҳар куни ўртача 5 минг киши мамлакатдан чиқиб кетмоқда, улар асосан пиёда ҳолда Колумбия, Эквадор ёки Перуга йўл олишмоқда.

Венесуэла аҳолисининг аксар қисми испан тилида сўзлашувчилардир, бу ерга ўтган асрнинг 50-йилларида Франко диктатурасидан қочганлар келиб жойлашишарди, энди улар Мадуро диктатурасидан қочиб, Испанияга қайтишга мажбур бўлишмоқда.

«Мен Венесуэлада бахтиёр ҳаёт кечирардим. Ҳеч қачон Мадридга қайтиш тўғрисида ўйламасдим. Аммо энди Каракас Франко давридаги Галисияга ўхшаб қолди. Мен кичкиналигимда Мадридда карточка бўйича овқат беришарди. Дўконлар эшиги олдида улкан навбатлар юзага келарди, энди навбатимиз етганда эшик ёпиларди, ҳеч нарса қолмаган бўларди», дея эслайди ўтмишда Жанубий Америкага келиб қолган испаниялик Кандидо Сонгас. Энди у ва набиралари Испанияга қайтишига тўғри келди.

Лекин ўтган йилда Испания ҳукуматидан бошпана сўраган 12 875 нафар венесуэлаликдан 15 нафарига бошпана берилган.

«Бу одамлар катаклизмдан ёки урушдан қочишмаяпти. Улар очликдан қочишмоқда. Лекин улар бораётган давлатларнинг ўзи ҳам қашшоқ давлатлардир», дейди Каракасдаги Симон Боливар номидаги университет профессори Клаудия Варгас.

Атлантика океанининг ғарбий қисмидаги миграцион инқироз 2015 йили Ўрта Ер денгизидаги инқироздан кам эмас. Ўшанда Европа бир миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилган бўлса, кейинги икки-уч йил ичида Венесуэла дунёдаги қочқинлар армиясини уруш ичидаги Афғонистон ва Судандан кўра кўпроқ бойитди. Мамлакат аҳолисининг ўндан бири четга кетди.

Венесуэла ҳукумати эса бу рақамларни тан олмайди. Ўтган йили Мадуро ҳақиқий эмиграция БМТ маълумотларидагидан 4 баробар камлигини айтганди. Вице-президент Делси Родригес эса «бу рақамлар Венесуэлага бостириб кириш ниятидаги душман давлатлар томонидан тўқиб чиқарилгани»ни қўшимча қилган.

«Венесуэла душманлар ўртасида». Родригес ва Мадуро БМТни бойкот қилишмоқда
Фото: AFP

Венесуэла иқтисоди қаторасига олтинчи йил қулашни бошдан кечирмоқда. Аҳвол аввалги ҳолатига қайтишига умид йўқ. Мамлакатнинг ташқи қарзи 100 миллиард долларга етган, валютанинг ягона манбаи бўлмиш нефть қазиб олиш ҳажми эса йилдан йилга пасаймоқда.

Ўтган йилда Венесуэлада инфляция 1 миллион фоизни ташкил этиб, 1920-йиллардаги Веймар республикаси ҳамда 2000-йиллардаги Зимбабвенинг натижалари янгиланди.

Гиперинфляция тиббий хизмат, энергия таъминоти, ичимлик суви таъминоти, транспорт соҳаларида ҳам вазиятни кескин ёмонлаштирди, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келди.

Мадуро эса вазиятни ўнглаш учун қолоқ амалиётларни қўллади - боливарни криптовалютгага боғлашга ҳаракат қилди, янги пул чиқарди ва эскисини алмаштирди, деноминация қилди - 100 000 боливар - 1 боливарга айланди.

Барча чоралар бефойда бўлди, иқтисод ҳалокатга юз тутди.

Каракасдаги бозорда ҳожатхона қоғозини 2,6 миллион боливарга харид қилиш мумкин
Фото: CARLOS GARCIA RAWLINS/REUTERS

Венесуэла - жаҳондаги нефтга энг бой давлат. Бу мамлакат захиралари 300 млрд баррелдан ошади - бу Саудия Арабистони заминидаги «қора олтин»дан кўп (266 млрд), бу Ироқ ёки Эроннинг захираларидан икки баробар ортиқ.

Нефть Чавеснинг социалистик инқилобида ва  бутун дунёдаги империалистларга қарши юришида асосий иқтисодий манба бўлганди. Мадуро унинг ишини давом эттирди. Аммо бу йўлда улар хорижий нефть компанияларини тортиб олишди, давлат компаниялари эса нопрофессионаллик ва коррупция ботқоғига ботди.

Чавес ўтган асрда ҳукумат тепасига келганида, мамлакатда кунига 3,5 млн баррель нефть қазиб олинарди. 2017 йилга келиб қазиб олиш ҳажми 2 млн баррелгача тушиб кетди, 2018 йил кузида эса бу миқдор 1,5 млн баррелгача пасайди, Рейтер маълумотига кўра, 2019 йил бошида Венесуэлада кунига 1,2 млн баррель нефть қазиб олинмоқда.

Мамлакатдаги нефть компанияларининг барчасини ҳарбийлар бошқаради. Қазиб олиш ҳажмини фақат хориж нефть компаниялари тиклай олиши мумкин, аммо Мадуро уларни мамлакатга киритишга кўнмайди.

Икки президентлик

Икки кун олдин Хуан Гуайдо кимлигини кўпчилик билмасди. 35 ёшли сиёсатчи ўзини Венесуэланинг вақтинчалик президенти деб эълон қилди ва Оқ уйнинг ҳамда Лотин Америкасидаги кўплаб давлатларнинг қўллаб-қувватловига эришди.

У тасодифан Венесуэла парламентига - Миллий ассамблеяга раҳбар бўлиб қолди. 5 январь куни ҳукумат у аъзоси бўлган «Халқ иродаси» (Voluntad Popular) партиясидаги етакчиларни қўлга олганди, раҳбарлик навбати озодликдаги ёш сиёсатчига келганди.

Бир ҳафта ўтиб Гуайдони ҳам Мадуро режимини танқид қилгани учун Венесуэла махсус хизматлари қўлга олишади, аммо у қўйиб юборилади.

21 январь куни Венесуэла Мудофаа вазирлиги пойтахт Каракасда давлат тўнтаришига уриниш рўй бергани ҳақида маълум қилди. Бунинг ортидан шаҳарда Мадуро сиёсатига қарши кўп минг кишилик намойишлар бошланди. 23 январь куни АҚШ вице-президенти Майк Пенс Қўшма штатлар Мадуро режимини ноқонуний деб билиши, Венесуэладаги намойишларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

23 январь куни, Николас Мадурога қарши намойишлар авжига чиққан паллада, Каракасдаги митинг вақтида Гуайдо ўзини Венесуэланинг муваққат президенти деб эълон қилди.

«Венесуэла! Қодир Худо олдида туриб, узурпацияни тўхтатиш, ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва эркин сайловларни ташкил этиш учун президент сифатида миллий ижро ҳокимияти ваколатини расман қабул қилишга қасамёд қиламан», деди у.

Уни юз минглаб кишилар қўллаб-қувватлашди, Мадуро режимига қарши намойишларнинг янги тўлқини авж олди.

АҚШ президенти Дональд Трамп дарҳол уни янги президент сифатида тан олди. Трампнинг Мадурони ноқонуний президент деб атаб, парламентни — Венесуэлада халқ томонидан қонуний сайланган ягона қонуний ҳокимият бўғини сифатида эътироф этди.

Ҳафта бошидан буён давом этаётган намойишлар вақтида полиция билан тўқнашувлар туфайли ўнлаб кишилар ҳалок бўлди ва юздан ортиқ киши қўлга олинди. Бу 2017 йилги намойишлардан кейинги энг йирик норозилик акциялари бўлмоқда. Икки йил муқаддам иқтисодий инқироз келтириб чиқарган очликдан кейин бўлиб ўтган тартибсизликлар вақтида 120 нафардан ортиқ намойишчи ўлдирилганди.

Ёш сиёсатчи

Хуан Гуайдо Кариб денгизи қирғоқлари яқинида, Варгас штати маркази Ла-Гуайра шаҳрида дунёга келган. У Андрес Бельо номидаги Католик университетда таҳсил олган, давлат бошқаруви соҳасида магистрлик даражасини олган.

Бўлажак сиёсатчининг отаси учувчи бўлган, онаси эса ўқитувчи эди.

Гуайдо ўсмирлигида Венесуэлада содир бўлган оғир табиий офатни бошдан кечиради, 1999 йилнинг декабрида рўй берган сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли 30 мингга яқин киши ҳалок бўлган. Ўшанда унинг оиласи уйсиз қолганди.

«Гуайдо Венесуэладаги ўрта табақа вакили эди. У бадавлат бўлмаган ишчи оиласида, пойтахт Каракасда эмас, провинцияда ўсган, катта қийинчиликлар билан университетга кирган, унинг ота-онаси ўқиш пулини зўрға тўларди», дейди унинг собиқ курсдоши.

«У очиқ, хушмуомала йигит эди, у ҳукумат институтлари қонунлар доирасида ишлаши керак, деб ҳисобларди», дея қўшимча қилган ўз шахсини ошкор қилмаган курсдош.

Университетда муҳандисликка ўқиган Гуайдо талабалик йилларида сиёсий фаол эди, у Уго Чавес режимига қарши акцияларда иштирок этади, мухолифатчилар учун ташкил этилган семинарларга қатнайди, сайловлар вақтида ҳаракатланиш қоидаларини ўрганади.

«Бизда «Ўз овозингни ҳимоя қил» номли гуруҳ бўлганди. Биз семинарлар ўтказардик», дея хотирлайди Гуайдонинг бошқа бир собиқ курсдоши.

«Хуан барчасини режалаштирган, унга шундай импровизациялар ёқарди», дейди у.

Гуайдо 2007 йили Андрес Бельо номидаги Католик университетда саноат муҳандиси дипломини олади, кейин эса АҚШга йўл олиб, Жорж Вашингтон номидаги университет магистратурасида бошқарув соҳасида ўқийди.

2009 йили Гуайдо ўзининг сиёсий устози Леопольдо Лопес ҳамда бошқа маслакдошлари билан биргаликда «Халқ иродаси» партиясига асос солади. Лопесни кейинчалик ҳибсга олишади ва терроризмда айблаб, 13 йилга қамашади. Кейинроқ унинг ҳибс муддати камайтирилиб, уй қамоқхонасига ўтказилади.

Оддий депутатликдан етакчиликка йўл

Ёш муҳандис катта сиёсатга 2011 йили кириб келади. Ўшанда уни «Халқ иродаси» партиясидан Миллий ассамблеяга депутат сифатида сайлашганди.

Унинг парламент раҳбарига айланиши мутлақо тасодифан рўй берди. 2015 йил декабрида мухолифатчилар парламент сайловларида ғалаба қозонишади ва ҳар йили фракциялардан бирининг етакчисини парламент раҳбари сифатида сайлашга келишишади.

2019 йил «Халқ иродаси» партиясининг навбати эди. Партиянинг асосий етакчилари эса, юқорида айтилганидек турли муаммоларга учраганди.

Партия раҳбари Леопольдо Лопес уй қамоқхонасида қолган, яна бир йирик сиёсатчи Карлос Веккио АҚШга қочиб кетишга мажбур бўлган, унинг ўринбосари Фредди Гевара 2017 йилги намойишлардан кейин Чили элчихонасидан бошпана топган.

Якунда Гуайдо спикерга айланди.

У «венесуэлалик Обама» бўла оладими?

Айримлар Гуайдони Американинг собиқ президенти Барак Обамага қиёслашмоқда. Венесуэлалик сиёсатчи Обаманинг сайловолди кампаниясида шиоридан фойдаланишни бошлаган: «Ҳа, бунинг иложи бор!» (Sí, se puede).

Гуайдо мамлакатнинг ҳақиқий президентига айлана оладими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Венесуэланинг амалдаги президенти Николас Мадуро Гуайдонинг ваколатларини тан олмади ва телемурожаати вақтида бу сиёсатчини давлат тўнтариши амалга оширишга уринишда айблади ҳамда муаммони хорижий кучлар иштирокисиз ҳал қилишга чақирди.

Гуайдо мамлакат парламентини - Миллий Ассамблеяни бошқармоқда.

Аммо Мадуро ўтган йили Таъсис Мажлиси тузган ва амалда парламентнинг барча ваколатларини янги муассасага ўтказганди.

Гуайдонинг ўзи ўз ҳаракатларини Венесуэла Конституцияси билан асосламоқда, у мамлакатни демократия томон тинч йўл билан етаклаб боришни мақсад қилган.

Айни вақтда жаҳон мамлакатлари Венесуэла масаласида иккига бўлинган: Венесуэладаги социалистик режимни қўллаб-қувватловчилар ва янги президентни тан олганлар.

Кўчаларга чиққан юз минглаб венесуэлаликлар ва АҚШдан ташқари, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларини бирлаштирувчи Америка давлатлари ташкилоти (АДТ), Европа Иттифоқи, Еврокенгаш, Канада, Бразилия, Колумбия, Эквадор, Перу, Парагвай, Чили, Аргентина, Коста-Рика, Гватемала, Ҳондурас, Грузия, Франция, Украина, Албания ва Буюк Британия ҳукуматлари ҳам Гуайдони Венесуэла давлат раҳбари сифатида тан олди.

Ўз навбатида, Россия, Хитой, Куба, Эрон, Боливия, Уругвай, Мексика, Сальвадор, Никарагуа, Сурия ва Туркия каби давлатлар Мадуро тарафида. 

Шунингдек, армия Мадуро тарафида, у хавфсизлик кучлари, судлар, хазина ва давлат нефть компанияларини назоратида тутиб турибди. Агар Гуайдо ҳарбийларни ўзига оғдира олмаса ёки АҚШ уни қўллаш учун Венесуэлага қўшин киритмаса, тинч намойишлар билан муваффақиятга эришиши даргумон.

Мавзуга оид