Спорт | 20:51 / 26.01.2019
67065
8 дақиқада ўқилади

​«Икки қуённи қуваётган» Азиз Турғунбоев машмашаси - вазият таранглашяпти

Мухлислари бисёр спорт тури бўлган футболда шов-шувли воқеалар жуда кўп содир бўлади. Ўзи аслида ҳам тўп ўйини фақат майдондаги эмас, балки стадиондан ташқарида юз берадиган ғавғолари билан қизиқ.

Европа майдонларида миллий биринчиликлар авжига чиққан бўлса, юртимиз жамоалари янги мавсумга тайёргарлик ишлари билан банд. Клублар ўз таркибини шакллантириш ва турли ўқув-йиғинларига зўр беришган.

Бир ойдан бери миллий чемпионатимизга қизиқувчи мухлисларни бир савол қийнаб келмоқда: кўп йиллардан бери «Навбаҳор» таркибида майдонга тушиб келаётган, миллий терма жамоа аъзоси Азиз Турғунбоев янги мавсумни қайси клубда бошлайди?.

Январь ойи бошида «Пахтакор» клуби уч нафар футболчи билан шартнома имзолаганини эълон қилган, Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев ва Азиз Турғунбоевдан иборат рўйхат ПФЛга тақдим қилинган. Демак, кўриниб турибдики, ПФЛ томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатлар ва қоидаларга кўра, Азиз Турғунбоев «Пахтакор» аъзосидир. Бу вақтда эса Қримда ўқув-йиғини ўтказаётган «Навбаҳор» клубининг телеграм канали Азиз Турғунбоев машғулотларга қўшилгани ҳақида хабар тарқатди.

Қизиқ ҳолат. Бу тушунмовчиликка ойдинлик киритиш мақсадида, ПФЛ ташкилоти масъуллари, «Пахтакор» ва «Навбаҳор» клублари ҳамда Азиз Турғунбоев билан боғландик.

«Пахтакор» клуби матбуот котиби Бекзод Назаров қуйидаги маълумот берди: «Айни пайтда футболчи Азиз Турғунбоев мавжуд ҳужжатларга асосан «Пахтакор» аъзоси саналади. ПФЛ қоидаларга кўра, клуб футболчи билан шартнома имзолаганидан сўнг, икки томонлама тузилган ҳужжатни бир ой муддат ичида ПФЛга тақдим қилиб, рўйхатдан ўтказади. Агар мана шу жараён амалга оширилмаса, шартнома тан олинмайди. «Пахтакор» клуби январь ойининг бошида ўйинчи билан расмийлаштирилган шартномани ПФЛга берган. Январь ойи тугаб бормоқда, «Навбаҳор» клуби ҳали бундай ҳужжатни ПФЛга тақдим қилгани йўқ».

Азиз Турғунбоев ҳозир «Навбаҳор» клуби билан бирга йиғинларда иштирок этяпти. Клуб матбуот котиби Улуғбек Умаровга юзландик. Афсуски, «Лочинлар» ходими иложи борича «Турғунбоев машмашаси» тўғрисидаги саволлардан қочишга ҳаракат қилди. Берган жавоблари ҳам тумтароқ бўлди. Унинг жавоби қуйидагича: «Мен футболчини клубимиз билан шартнома тузган ёки тузмаган ҳам деёлмайман. Азиз Турғунбоев Наманган футболи тарбияланувчиси. Барча саволларингизга клубимиз интернет саҳифасида жавоб бор. Азиз Турғунбоев дарвозабон Ўткир Юсупов билан бирга БААдан қайтиб, Қримда шуғулланаётган таркибга қўшилган. Ортиқча нарса сўраманг. Бу борада клуб раҳбарларига мурожаат қилганингиз маъқул».

«Навбаҳор» клуби матбуот котибининг раҳбарлардан берухсат жавоб бермаслигидан хафа бўлмадик. Ахир ахборот асрида яшаяпмиз. Клуб сайтига назар соламиз. Сайтда «Навбаҳор» клубининг Қримдаги ўқув-машғулот йиғини доирасида Симферополнинг «ТСК-Таврия» жамоасига қарши назорат–синов баҳси ўтказгани ҳақидаги хабар жойлаштирилган. Симферополь жамоасига қарши Андрей Канчельскис танлаган таркибда эса Азиз Турғунбоев майдонга тушган. Асосли хабар ва футболчининг сўнгги танлови қандай эканлигига жавоб эди бу.

Ана энди икки томон билан бир вақтда музокара олиб бораётган ва икки клуб «меники» деб даъво қилаётган Азиз Турғунбоевнинг ўзи билан алоқага чиқдик. Футболчининг жавоби SMS орқали қисқа бўлди: «Мени тўғри тушунасиз, мана шу муаммолар бир томонга ҳал бўлмагунича сизга ҳеч нарса дея олмайман. Масала ечилганидан кейин бемалол саволларингизга жавоб олишингиз мумкин. Хафа бўлмайсиз».

Демак, футболчи айни пайтда икки ўт орасида қолган ва муаммолар ҳал бўлишини кутяпти.

Бу дунёда сирлар доим очилган, бу ғалати савдо қандай пайдо бўлгани ҳам бир куни аён бўлади. Бироқ, «Турғунбоев машмашаси» тезроқ якунига етгани маъқул. Январь ойи тугаяпти. Ҳаш-паш демай февраль ўтади ва Суперлига ўйинлари бошланади. Ундан ташқари ПФЛ тез орада Турғунбоев исм-фамилияси «Пахтакор» таркибида қайд қилинган рўйхатни Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиши учун ОФКга жўнатади.

Футболчи энг аввало - инсон. Инсон борки, хато қилади. Ҳозирги ҳолатда Азизни икки клуб билан бир вақтни ўзида шартнома имзолагани учун айблашдан йироқмиз. Кейин «Навбаҳор» гарчи Азиз уларнинг таркибида йиғинларда иштирок этаётганини яширмаса-да, унинг шартномаси борлигини тасдиқламади.

Бундан ташқари, мабодо футболчи ана шундай «икки қуённи бирдан қувган бўлса» ПФЛнинг алоҳида ва кескин жазо чораларига дучор бўлиши тайин. Маълумотларга кўра, бу жазо чоралари 6 ойгача дисквалификация ва 500 миллион сўмгача жарима солинишигача бориши мумкин.

Воқеага янада ойдинлик киритиш мақсадида ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаевга мурожаат қилдик. Мутахассиснинг жавоби эса қуйидагича бўлди: «Азиз Турғунбоев иккита клуб билан бирданига икки шартномага қўл қўйгани борасида бизда далил йўқ. Чунки, фақатгина «Пахтакор» клуби шартномани олиб келди ва рўйхатдан ўтказди. «Навбаҳор» клуби эса Турғунбоев билан тузилган шартномани олиб келмади. Агар ҳар икки клуб ҳужжатларни олиб келса, ПФЛ иш очиши керак. Бироқ, Турғунбоев Қримда «Навбаҳор» клуби билан машғулот олиб бораётгани учун «Пахтакор» тарафидан эътироз мактуби олдик. Демак, иш очишга ҳақлимиз. Келаси ҳафта футболчи, Илҳом Мўминжонов, ҳар икки клуб спорт ва бош директорлари, ПФЛ Мусобақаларни ўтказиш бўлими ва ЎФА комиссияси иштирокида мажлис бўлиб ўтади. Ўша йиғилишда мазкур муаммоли масала бўйича юқоридагилар фикри тингланади. Агар футболчи 2та шартномага қўл қўйган бўлса, унга нисбатан кескин жазо чоралари қўлланади. Бу ишда клублардан бири ваколати доирасидан ташқари ҳаракат қилгани аниқланса, уларга нисбатан катта жарима, футболчиларни рўйхатдан ўтказиш борасида тақиқ, футболчини эркин агентга айлантириш каби масалалар қўлланилиши мумкин».

Ана шунақа гаплар... Азиз Турғунбоев билан икки клуб ўртасидаги муносабатлар қай даражада ривожланган ва машмашалар қандай бошлангани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Юқорида айтганимиздек, футболчи ҳам инсон, у ҳам хатодан холи эмас. Ишқилиб, бу хатоси унга қимматга тушмаса бўлгани...

Клубларда фаолият юритаётган раҳбарлар, мутахассислар ва футболчилар иш юритишдаги меъёрий ҳужжатлар, қоидаларни чуқур ўрганмасалар, мана шундай чигал вазиятлар юзага келаверади. Ҳеч бўлмаса, футбол агенти ва футболчи тузилган шартнома ҳар икки томонга масъулият юклаши ҳақида тўла тушунчага эга бўлиши керак.

Футбол мухлислари учун эса «Турғунбоев машмашаси» тезроқ тугаши ва футболчи бу муаммоли ҳолатдан руҳий зарбаларсиз чиқиб кетиши муҳимроқ. У бизга «муаммоли объект» эмас, майдондаги зўр футболчи сифатида зарур. Ўйлаймизки, ПФЛ тез орада бу масалага нуқта қўяди.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид