Қайси давлатлар энг кўп оролларга эга?
Дунёда шундай мамлакатлар борки, минглаб оролларни тасарруф этадилар. Бу оролларнинг аксариятида одамлар яшамаса-да ва амалда бу оролларнинг ҳеч бир фойдаси бўлмаса-да, давлатлар уларни зўр бериб ҳимоя қилишади ҳамда бировга бериб қўйишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар.
Қуйида оролларга энг бой давлатлар билан танишамиз.
Мавзуга оид:
1. Орол – ҳар тарафи сув билан ўралган қуруқлик бўлиб, сув сатҳи энг юқори даражага чиққанда ҳам йўқолиб кетмайди;
2. Оролнинг материклардан фарқи шартли бўлиб, майдонига кўра ажратилади. Энг йирик орол Гренландия энг кичик материк Австралиядан тахминан 3 марта кичикроқдир;
3. Ўзбекистонда ҳам ороллар бор. Амударёдаги Пайғамбар ороли яққол мисол бўла олади.
4. Гренландия ороли (майдони 2 130 800 км²) расман ўзи тегишли бўлган Дания (майдони 43 094 км²) давлатининг асосий ҳудудидан 50 марта каттароқ бўлса-да, бу оролда бор-йўғи 58 минг аҳоли яшайди.
Япония — 6 853та орол
Ороллар мамлакати бўлган Япония 2990 километрли архипелагдан иборат ва унда 6 853 ороллар мавжуд. Улардан 430тасида одамлар яшайди. Энг йирик тўрт орол – Хонсю, Хоккайдо, Сикоку ва Кюсю асосий майдонни ташкил қилади.
Шунча ороли бўлишига қарамай, Япония чегарадаги баҳсли оролчалар учун қўшниси Хитой билан можаро қилиб туради. Шунингдек Япониянинг Россия билан Курил оролларидан иборат асрий талашуви ҳамон якунига етмаган.
Филиппин — 7107та орол
Бу давлатни ҳам ороллардан иборат деб бемалол айтиш мумкин. Оролларнинг энг йириги ва аҳоли зич яшайдиган Лусон бўлиб, унда мамлакатнинг йирик шаҳри Кесон жойлашган. Оролларнинг кўпчилигида дам олиш масканлари ташкил қилинган. Табиати жуда гўзаллиги учун ҳамиша сайёҳлар билан гавжум бўлади.
Австралия — 8222та орол
Австралиядан азалдан 8000дан ортиқ орол мавжудлиги маълум эди. Аммо сўнгги маълумотларга кўра улар сони 8222тани ташкил қилади. Улардан 3747таси Ғарбий Австралияда, 1955таси Квинслендда, 1000таси Тасманияда жойлашган. Австралия оролларининг деярли ҳаммаси ёввойи табиати билан одамларни мафтун қилади.
Индонезия – 17 508та орол
Индонезияни расман “Ороллар мамлакати” деб аташади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор албатта. Майдони бўйича дунёда 14-ўринда турувчи бу давлат бир бирига ёндашиб кетган ороллардан иборат ва уларнинг энг йириги – Ява оролида пойтахт Жакарта шаҳри жойлашган. Кўпчилик ороллар вулқонлари, шаршаралари, пляж ва тоғлари билан сайёҳларни оҳанрабодек тортади.
“Ороллар мамлакати” деб аталиши, 17 мингдан ортиқ оролга эга бўлишига қарамай Индонезия бу рўйхатда кучли учликка ҳам кира олмаган. Ороллари сони бўйича эса етакчидан эса ўнлаб марта орқада.
Канада — 52 455
Статистик маълумотларга қараганда Канада 52 455 оролга эга. Уларнинг энг йириги Баффин, 507 451 квадрат километр майдонни эгаллайди. 30 мингдан ортиқ орол Гудзон бўғози атрофида жойлашган ва бунинг натижасида энг йирик архипелаглардан бири ҳосил бўлган.
Норвегия — 55 000та орол
Кўҳна Қитъа шимолидаги бу давлат тасарруфида 55 000 орол бор. Уларнинг аниқ сони йўқ, юқоридаги рақам нисбий, жуда майда ороллар ҳисобга олинмаган. Норвегиянинг энг йирик ороли – Шпицберген.
Финляндия — 188 000та орол
Финляндия туризм қўмитаси маълумотларига қараганда бу мамлакат 179 584 оролга эга ва уларнинг 98 050таси шу мамлакатга тегишли 188 мингта кўлларда жойлашган. Улардан 455тасидагина доимий яшовчи аҳоли мавжуд, 700таси материк билан боғловчи йўлларга эга.
Ва ниҳоят, Швеция – 221 800та орол
Швециялик экспертлар ўз давлатларига тегишли сув ҳудудларида 221 800та орол мавжудлигини ҳисоблаб чиқишган ва бу ҳолат мазкур мамлакатнинг рўйхат етакчилигини таъминлайди. Ҳатто пойтахт Стокгольм шаҳри ҳам 14 оролдан иборат архипелагда жойлашган. Бу гўзал шаҳарда элликдан ортиқ кўприклар мавжуд. Эланд ороли 5 минг йиллик тарихга эга ва ЮНЕСКО рўйхатига олинган қасрлари билан мақтана олади.
Аброр Зоҳидов тайёрлади.
Мавзуга оид
09:01 / 22.10.2019
Филиппинда 500 тадан кўпроқ янги орол аниқланди
10:20 / 18.02.2019
Сайёрамизнинг энг чиройли ороллари рейтинги эълон қилинди
22:46 / 26.04.2018
Сейшель ва Мальдивлар Ер юзидан йўқолиб кетиши мумкин
07:52 / 09.09.2017