Жаҳон | 22:31 / 30.01.2019
26225
9 дақиқада ўқилади

«Геосиёсий ёлғизлик». Венесуэла тақдирини ким ҳал этади? 

2019 йил Венесуэла ички сиёсатида кучли тарқоқлик билан бошланди. Ҳукумат ислоҳотини муқаррар қилиб қўйган сиёсий инқироз илдизи 4-5 йил аввал бошланган қаҳатчиликка бориб тақалади. Ғарб нашрлари мамлакатда бошланган хатарли муждалар ҳақида кўп ва хўп ёзғирди. Аслида, Венесуэла ҳукуматидагиларнинг инқирозлар борасида тажрибаси катта: 2002 йилда ҳам мамлакатнинг собиқ президенти Уго Чавес 48 соатга лавозимидан четлаштирилганди. Унинг вориси – Николас Мадуро шундай синовларни бошдан кечирмоқда. 

Ўз етакчисига эга мухолифат тўғридан-тўғри, шикоятга ўрин қолдирмай, кучли агрессия билан амалдаги парламентарийга талаб қўймоқда. Воқеалар ривожи жадаллашиб кетяпти: 2019 йилнинг 5-куни партия бошқарувини ротация тартибида қабул қилиб олган Хуан Гуайдо ўзини «муваққат президент» сифатида таништирди. Мадурога тиш қайраган, халқаро муносабатда Венесуэла билан чиқишолмай турган давлатлар Гуайдо ҳокимиятини тан олишни бошлади. 

Мадурони ҳам ҳимоя қиладиган тарафкашлар чиқди. Уларнинг фикрича, Венесуэлада юз бераётган ҳодисалар ҳукумат узурпациясидан (ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш) бошқа нарса эмас. Мамлакат ҳокимият ағдарилиши, легитим президентликка тажовуз юз бермоқда. Гуайдони қўллаб-қувватлаётган давлатлар эса Венесуэлада ҳокимият демократик транзит орқали бошқа қўлга ўтганини айтишяпти. Бир нарса аниқки – мамлакат ички инқирознинг чўққисига эришди ва беқарорликнинг сўнгги фазаси бутун дунёга намоён бўляпти.

 Инқирознинг мухтасар тарихи

Айни жараёнларнинг моҳиятига тушуниш учун мозийга қайтиб иш тутамиз. Венесуэла ташқи сиёсатда узоқ йиллардан бери айрим гигант давлатлар билан келишолмайди. Бу факт. Аммо ҳозирги воқеалар 2015 йилда юз берган ҳодисалар таъсирида ривожланиб кетди. Яъни парламент сайловида Мадурога мухолифат бўлганлар 167та депутатлик ўрнининг 109тасини эгаллади. Миллий Ассамблеядаги хаос давлат раҳбарига хуш келмади, шундан буён у қонун ижодкорларининг ташаббусларига вето қўйиб келади. Давлат амалда «қўл» бошқарувига ўтганди. Асосан президент қарорларига асосан иш тутиш бошланди. Мадуро бирёқлама декретларни имзолаб, Венесуэладаги «фавқулодда ҳолат» муддатини узайтириб турди.   

Норози депутатлар вазиятни бир уринишда ўзгартириб юбориш ҳам мумкин эди. Бунинг учун  улар парламентда ҳақиқий кўпчиликка таяниши талаб этилди. Якдил қарорлар учун умумий депутатларнинг 3/4 қисми қўллаб-қувватлаши керак. Шундай қилиб, депутатлар органик қонунлар – Конституция даражасидаги, кези келса, унга ҳам ўзгартиш киритиш мақомидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин эди.  

Парламент ҳам йўлини топди: 2017 йил июль ойида маҳаллий қабила вакилларининг парламентга қабул қилиниши – инаугурация маросими бўлиб ўтди. Табиийки, Мадуро уларни, қабила вакиллари эса Мадурони ёқтирмасди. Ҳукумат парламент жиловини тортиб қўйиш илинжида Олий суд «қўли» билан Миллий Ассамблея фаолиятини «қайта кўриб чиқиш»га қарор қилди. Тез орада парламентнинг ҳар қандай қарорлари ҳуқуқий кучга эга бўлмаслиги аён бўлди. 

Парламент ҳам бўшашмади: депутатлар давлат раҳбарини вазифасини бажаришга лаёқатсиз, деб топди ва фавқулодда сайловлар ўтказишга келишиб олишди. Миллий Ассамблея билан «яхшиликча» ё «ёмонликча» тил топишолмаган президент ўзига мос ва хос, муқобил парламент тузишни ўйлаб қолди. Янги парламенти – Конституцион миллий ассамблеяга сайловлар 2017 йил ўрталарида бўлиб ўтди. Вазият бироз юмшади, Мадуро фойдасига барқарорлашди. Шундай «кўтаринки руҳда», 2018 йил май кунлари президентлик сайлови ҳам ўтказилди. Мухолифат мот бўлган, шекилли, уларнинг овози ҳам чиқмай қолди. Ўртага тушган жимликни Гуайдо бузди. 

Муваққат президент. Бу нега 23 январь куни юз берди?

Венесуэла солномасида бу рақам алоҳида аҳамиятга эга: айнан шу куни 1958 йилги ҳокимият ағдарилиши туфайли диктатор, генерал Перес Хименес амалдан кетди. Гуайдо 23-кунни бежиз танламади, у айнан тарихни эслатиб қўймоқчи, Венесуэла халқи қачонлардир ҳурлик илинжида кўчаларни тўлдирганини эслатмоқчи.

Ҳукуматга қарши янграётган шиорларни Каракаснинг, деярли, ҳамма кўчасида учратиш мумкин. Лотин америкаликларга хос «товалар юриши» ўрнига халқ анча ғазабнок кайфиятини яшириб ўтирмаяпти. Улар зўрлик ишлатяпти, дўкон ойналарини синдириб, талон-торожга йўл қўймоқда. Шу билан бирга Мадурога қарши манифест марши ҳам давом этяпти. Маҳаллий полиция намойишчиларнинг кучи бир нуқтада бирлашиб қолмаслигига ҳаракат қилмоқда. Акс ҳолда бегуноҳ кишилар қони тўкилиши мумкин. 

Мадуро олдида турган жиддий хавфни икки кўринишда тасвирлаш мумкин. Биринчидан, пойтахтдан ташқари авж олаётган, жумладан Сулия, Боливар, Монагас ва бошқа шаҳарлардаги намойишчилар Каракасга оқиб келмаслиги керак. Иккинчидан, мухолифатнинг ўзи икки оқимда ривожланиб, собиқ «чавист» тарафдорлари – ижтимоий ҳимояга муҳтож халқ сўл қанот билан кучларини бирлаштирмаслиги лозим. Агар булар юз берса, Манро эффекти, яъни «портлаш» юз беради ва намойишчилар тўкис назоратдан чиқиб кетади.

Юқорида таъкидланганидек, маиший озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги халқнинг ғазабини қўзғаганди. Шунингдек, нақд пулнинг муомаладан йўқолиб бориши ва ақл бовар қилмас инфляция – «пул асфиксияси», электроэнергиядаги мунтазам узилишлар, оқибатда ишламай қолаётган метро вагонлари – оддий уй бекасини ҳам кўчага чиқишга ундади. 

Армия кимни танлайди? 

Венесуэла тақдирини ҳал қилувчи куч, менинг назаримда, шубҳасиз армия ҳисобланади. Аниқроғи, намойишчиларнинг тақдири армия кимни танлашига боғлиқ. Армия қай тарафга боқса, Венесуэла ўша йўлга юриши тайин. Умуман олиб қараганда, Боливар инқилобида ҳам армия ҳал қилувчи куч бўлиб хизмат қилганди. Шундан буён, ҳарбий бир қатор ижтимоий имтиёз ва шароитлардан фойдаланади. Ҳатто мамлакат иқтисодиётининг асосини ташкил этувчи PDVSА нефть қазиб чиқариш миллий корпорацияси ҳам армия генерали Мануэль Кеведо назоратига берилган. Мухолифатга бу ҳеч қачон ёқмаган. 

Амалдаги Мудофаа вазири Лопес Подрино Мадуро ҳокимиятини қўллаб-қувватлашини билдирди. Аслида ҳам охирги 10 йилликда армия фақат Мадуро тарафида турди. 2007 йилда Мудофаа собиқ вазири Раул Бадуэлгина Чавес ташаббусига қарши чиқиб, конституция ислоҳотларини очиқчасига танқид қилганди. Шундан сўнг, у лавозимидан бўшатилган ва унинг ўзи мухолифат тарафига ўтган. Аммо 2018 йилда Мадуро жонига қасд қилган ўртамиёна ҳарбийларнинг исёни ҳам хатарли муждалардан дарак беради. Гап шундаки, армиянинг ичида ҳам келишмовчиликлар мавжуд. Ҳозирча у бизга кўринмаяпти. 

Геосиёсий ёлғиз Венесуэла

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Венесуэладаги курашни ички вазиятни тўла англаган ҳолда тушуниш қийин. Инқироз ташқи омил таъсирида ҳам шаклланиб боряпти. 2016-2017 йилларда минтақа «сўл ҳокимиятчилари» президентлик сайловларида «ўнгчилар»га ютқазди. Масалан, Ҳондурас ва Парагвайда «юмшоқ ёки қаттиқ» шаклдаги давлат тўнтариши билан, Аргентина ва Бразилияда сайлов йўли билан «сўл» оқим вакиллари ҳокимиятдан кетди. Сўнгги пайтларда Лотин Америкаси сиёсатида Suramexit термини оммалашди. Бу – Brexit'га қофиядош ва айнан «чиқиш» маъносида. Лекин ўз-ўзидан чиқиб кетиш, қадриятларидан воз кечишни англатади. Масалан, Эквадор 2004 йили Куба ва Венесуэла ташаббуси билан тузилган ALBA – Боливар иттифоқидан чиқишини эълон қилди. Ўтган йили Жанубий Америка иттифоқи (UNASUR) таркибидан чиқиш истагини билдирган давлатлар ҳам кам бўлмади. 2017 йилда эса Венесуэлага қарши кайфиятда бўлган давлатлар – Лима гуруҳи тузилди. Айнан шу гуруҳ таркибидаги 14та давлат Гуайдо ҳокимиятини қўллаб-қувватловчи ташқи куч массасини ташкил этади. Агар уларнинг бир минтақада ва Венесуэла атрофида жойлашганини инобатга олсак, Туркия, Хитой ё Россиянинг баёнотларидан кўра, Жанубий Америкадаги давлатларнинг овози ўткир бўлиши мумкинлигини сезиш қийин эмас.

Амалдаги мамлакат парламентининг ваколати 2021 йилда якунига етади. Унга қадар, балки Нассим Толибнинг «қора оққушлари» Венесуэла осмони узра пайдо бўлар ё casus belli учун шарт-шароит етилиб қолар, халқаро ҳарбий инқирозлар эскалацияси пайдо бўлар. Чунки Колумбия ва Венесуэла умумий чегарасини қўриқлаётган ҳарбийларнинг норозилик кайфияти ҳар қандай ҳарф остидаги режанинг ишга тушиб кетишига изн беради. Шунга қарамай, ички, оммадан яширин омиллар ҳам вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Барибир, Венесуэла осмонида «булутлар» сузаверади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид