Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Водийда 1 январдан газ таъминоти яхшиланиши ваъда қилинганди. Ўзгариш бўлдими?
Йилнинг совуқ фасли кириб келиши билан юртимизда хонадон ва ижтимоий объектларни иситиш энг долзарб муаммога айланади. Куз охири ва қишнинг уч ойи чекка ҳудудлар аҳолиси учун қийинчилик билан ўтиши очиқ ҳақиқат.
Вилоят аҳолиси йил давомида топган даромадининг деярли 80 фоизини қишга тайёрланиш учун, хонадонни иситиш, ўзи ва оиласига иссиқ кийимлар олишга сарфлайди. Шунинг учун баҳорнинг илк кунларида «Мана қишдан эсон-омон чиқиб олдик», «Ҳозир пул сўрама, энди қишдан чиқдик», «Худога шукр, қиш қаттиқ келмади» каби ибораларни кўп эшитамиз.
Оддийгина қилиб айтганда, қиш биз учун – газ, электр, кўмир сингари муаммоларга бой фасл.
Мана, январь ойи ҳам тугаяпти. Коммунал соҳа вакиллари бу йилги қишдан фақат шукур қилишлари керак! Қор кўп ёғмади. Аёз бўлмади. Магистралдаги газ босимини тушириб, электр трансформаторларини ишдан чиқарадиган совуқларни кўрмадик. Йўқса, газ, электр мавзуси яна биринчи рақамли муаммога айланган, ўша газчи ва электрчилар доимгидай елка қисиб турган бўларди.
Хушхабарнинг зўри Янги йил арафасида бўлганди.
31 декабрь куни «Ўзтрансгаз» АЖ раиси Баҳодир Эшмуратов томонидан «Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятининг минглаб аҳолиси 2019 йилни иссиқ хонадонларда кутиб олиши» ҳақида айтди.
Хабарларда қўшни Қозоғистон Республикасининг «КазТрансГаз» компанияси билан музокаралар ўтказилиб, унинг натижаси ўлароқ, Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича муҳим келишув имзолангани ҳақида айтилганди.
«Янги 2019 йил Фарғона водийси истеъмолчилари учун қутлуғ келадиган бўлди. Қозоғистон Республикасининг «КазТрансГаз» компанияси билан эришилган келишувга асосан Газли-Чимкент-Тошкент-Пунгон йўналиши бўйича табиий газ тўғридан тўғри Газли газни ер остида сақлаш иншоотидан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилади. Бу водийдаги кўп сонли аҳолимиз, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини бир маромда ва юқори босимда табиий газ билан таъминлаш имконини яратди», – деганди «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси.
Бир даста аризасига бир дунё ваъда олган маҳалла
Ўша кунлардаги энг ғавғоли муаммо бўлган - автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида босим кўтарилиб, навбатлар йўқолгани ҳақиқат. Бироқ водий вилоятлари аҳолиси ўз хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланганини деярли сезишмади.
Kun.uz таҳририятига жойлардаги газ таъминоти ёмонлашгани ҳақида келаётган мурожаатлар сони ҳам озаймаган.
Фарғона шаҳри марказидаги Фурқат МФЙ, Ёшлик кўчасидаги аҳоли мана бир неча йилдирки, табиий газ таъминоти яхшиланиши, хонадонлари исиши учун курашиб келади.



Куни кеча ўша ерда бўлиб, муаммони ўргандик. Маҳалла аҳлининг турли идораларга ёзган аризалари тўпламини кўриб ҳайрон қоласиз. Қўлимизга «Ўзтрансгаз»нинг Фарғона вилояти ҳудудий филиалининг 2018 йил 16 январдаги «ваъда хати»ни беришди. Унда мазкур муаммо газ таъминоти бўйича участка мутахассислари – С.Ахунджанова, Б.Дадажонов ҳамда Фурқат МФЙ маслаҳатчиси Р.Турсунова томонидан ўрганиб чиқилганида ҳудудда ҳақиқатда газ босими ўта пастлиги аниқлангани айтилган.

Жавоб хатида, фуқароларга Фарғона вилоят газ тизимини ривожлантириш бўйича 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича «Ўзтрансгаз»АКнинг 05-02/1-327-сонли баёни 4-иловаси бўйича Ёшлик, Муқумий, Али Қушчи ва бир қатор кўчаларда газ таъминотини яхшилаш учун 2018 йил март ойидан реконструкция ишлари олиб борилиши айтилади.


Кунлар, ойлар ўтиб яна қиш келди. Газчиларнинг ваъдаси эса, ваъдалигича қолди. Айнан шу мазмундаги жавоб хати шаҳар прокуратурасидан ҳам келган
«Бормаган жойимиз, ёзмаган мутасадди ташкилотимиз қолмади. Қиш келганида айниқса, ёш болалар ва кекса кишиларга қийин бўляпти. Ўтган йили баҳорда шаҳар прокуратураси вакиллари ҳам март ойида газ тизими реконструкция қилинишини айтишган эди. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фарғона шаҳри қоқ марказида газ бўлмаса, бошқа ҳудудларда қандай экан-а?», дейди 78 ёшли Сурмахон она Олимова.
Маҳалла суюлтирилган газ таъминотига ҳам ўтказилмаган. Қишда табиий газ танқислиги сабаб, барча электр иситгичлардан фойдаланмоқда. Электр кунига тўрт-беш марта ўчиб-ёниши бор. Ҳамма газ пастлиги учун электрдан фойдалангани сабаб, кучланиш пасайиб, электр иситгич тафтининг ҳам «баракаси» йўқ.

«Қизимнинг бугун-эрта «кўзи ёрийди». Янги чақалоқ билан совуқ уй ва хира чироқда қандай ўтирамиз экан, шунга ҳайронман. Кўчамиздаги кўпчилик хонадон эгалари бошқа иситиш имконияти бор ҳудудларга «қишлагани» кетишди. Бизда бу имконият йўқ»,- дейди Зулфияхон Зокирова.
Фарғона вилоятининг бошқа туманларида ҳам Янги йилдан газ таъминоти ижобий томонга ўзгаришига умид қилиб, ҳафсаласи пир бўлганлар кўп. Тошлоқ тумани, Яккатут қишлоғида ҳам бир гуруҳ аҳоли вакиллари мурожаат қилишган.
Андижондаги ҳолат ҳам ўша-ўша...
Бундан бир ярим ой олдин Андижон шаҳар газ ташкилоти Жалабек қишлоғи, Мустақиллик маҳалласидаги газ таъминотини ҳеч нормал ҳолатга келтира олмаётгани ҳақида ёзгандик. Ҳолат ҳали ҳам ўзгармабди. «Ўзгаришни сезмадик, ўша-ўша ҳолат. Газ идорасига қилинган мурожаатларимиз бесамар қоляпти», дейди хонадон соҳибаси Соҳибахон Аҳмадалиева.


Ҳайрон қоларли мурожаат Андижоннинг Булоқбоши туманидан келган. Хабарингиз бор, ўтган икки йил давомида мазкур туманда бир нечта газ кони топилган эди. Бироқ туман марказида, М. Исмоилий МФЙдаги 6та кўп қаватли уйда газ йўқ. Бу уйларда қиш мавсумида иситиш масаласи биринчи ўринга чиқади. Кўмир ёқилаётган печкалар қувурлари яқинда таъмирланган уйларни қора тутунга тўлдиряпти.
63 ёшли Мавлудахон ая Каримова бизни иккинчи қаватдаги хонадонига олиб чиқди. Ая гугурт чақиб, ёнмаган комфоркага қараб шундай дейди: «Балкондаги сўри остига кўмир, ўтин ғамлаб, қишдан совуқ қотмай чиқиш ҳаракатини қиляпмиз. Маҳаллалардаги ҳовлиларда печкалар билан қишлашга шароит бор. Лекин, кўп қаватли уйларда азоб бўлиб кетяпти».
Ҳудуддаги, 1,2,3 кўп қаватли уйларда табиий газдан ташқари бошқа муаммолар, ободонлаштириш ва ичимлик суви масалалари ҳам бор.


«Ўзтрансгаз»нинг Андижон вилояти ҳудудий филиалига икки ҳудуддан йўлланган мурожаат ижобий якун топибди. Булар - Андижон шаҳридаги Абдулла Набиев ва Саноат кўчасидаги кўп қаватли уйнинг табиий газ таъминоти. Бироқ, бу манзилларга ҳам газ етиб бориши барқарор эмас.
Наманганда-чи?
Уйчи туманидан келган мурожаатга кўра, туман марказидаги Беруний МФЙ, Беруний кўчасида ҳам Янги йилдан табиий газ таъминотида ҳеч ижобий ўзгариш бўлмагани айтилган.
Гувоҳи бўлганингиздек, водий вилоятларида табиий газ таъминотида ижобий томонга сезиларли даражада ўзгариш бўлгани йўқ.

Айни уч вилоятдаги аҳолининг катта қисми қиш бўйи қийин вазиятда қолади. Ҳолат йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ филиаллари ёнида уч ой давомида деярли ҳар куни газ идоралари иш фаолиятидан норози кайфиятдаги кишиларни кўрасиз.
Бу ҳолатни кўриб, ўзи «КазТрансГаз» билан келишув ҳақиқатда бўлганмиди, деб ўйлаб қоламиз. Модомики, вазият ўзгармас экан, йил арафасида «Ўзтрансгаз»нинг ваъдалари нега ва кимга керак эди? Алданган водийликлар қиш тугашини кутиб кун санамоқда.
Элмурод Эрматов,
Андижон-Фарғона-Наманган
Мавзуга оид
22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
22:14 / 27.05.2025
«Насаф» «Андижон»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди
01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
23:54 / 26.05.2025