Жаҳон | 17:45 / 31.01.2019
80781
9 дақиқада ўқилади

Энг улкан поралар ва энг йирик порахўрлар

Ҳар куни телеканалларимиз орқали конвертларда пора олиб қўлга тушаётган кичик амалдорлар ҳақидаги лавҳаларни томоша қиламиз. Пора шу пайтгача ҳам олинган, олинмоқда ва келажакда ҳам олинаверади. Тарих ва ҳозирги замон шундай катта ҳажмдаги коррупция можароларига гувоҳ бўлганки, беихтиёр «Ўғри бўл – инсофли бўл» деган мақол эсга тушади.

Император Пётр I’нинг қизидан ҳам пора олган Князь Меншиков

Александр Данилович Меншиков ислоҳотчи император Пётр I’нинг барча давлат ва ҳарбий ишларида асосий ёрдамчиси бўлган. Энг қизиғи, императорнинг ўзи ҳам «буюк князь» деб улуғланувчи Меншиковнинг порахўрлигини яхши биларди ва «ўғри бўлса ҳам содиқ хизматчи» дея ҳазиллашиб қўярди. Пётр I ўз даврида порахўрликка қарши турли усулларда курашиб кўрган, аммо бу курашлар негадир асл унвони «буюк князь» бўлса-да, халқ орасида «буюк таъмагир» деб аталувчи Меншиковни четлаб ўтаверарди. Князь урушлар пайтида шаҳарларни таламаслик учун ўша шаҳарлар одамларидан, таланган шаҳарлар учун эса ҳарбий офицерлардан пора оларди. Айниқса, Санкт-Петербург шаҳри ва Кронштадт қурилишида Меншиков хазинадан истаганича пул олиш ва сарфлар тўғрисида ҳисоб бермаслик ҳуқуқини олди ҳамда ақл бовар қилмас бойликларни ўмарди.

Ҳатто Пётрнинг қизи Аннанинг тўйи муносабати билан император ўз қизига 300 минг рубль тўёна қилганида Меншиков бу пулдан 80 мингини узатиши шартлигини, у бўлмаса Анна тўёнани тушида ҳам кўрмаслигини айтади ва ... бу пулни олиб қолади.

Давлат мураккаб даврларни бошдан кечираётганда, бўшаётган хазинани тўлдириш учун Меншиков Пётр I’га «ажойиб» маслаҳат беради. Унга кўра, олтин ва кумуш тангаларга сифати паст металл қўшилади. Буёғи осон, пулнинг қадрсизланиши шоҳнинг эмас, халқнинг муаммоси.  

Пётр I вафотидан сўнг Меншиковнинг ҳамма бойлиги мусодара қилинади, ўзи эса сургун бўлади. Мусодара қилинган бойликлар ҳажми даҳшатли эди: 6та шаҳар, 100дан ортиқ қишлоқлар, 36та уезддаги поместьелар, 90 минг деҳқон. Ундан ташқари, 3 сандиқ қимматбаҳо тошлар, 2 тоннага яқин олтин ва бир неча миллион рубль хазинага топширилади.

Шунда ҳам Меншиков 9 миллион рублни Амстердам ва Лондон банкларига яширишга улгуради. Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум.

Сургунда пайти Меншиков черковларда ваъзхонлик билан шуғулланади ва ... аҳолига порахўрлик нақадар оғир гуноҳ эканлиги ҳақида оташин даъватлар қилади.

Лю Цзинь, Хитой императори Чжэндэнинг ёрдамчиси

Император Чжэндэ давлат бошқарувини хуш кўрмас, кўпроқ овлоқ жойларни, оддий одам сифатида шаҳарларни кезишни яхши кўрарди. Шу сабаб у ўзининг кўп ваколатларини Лю Цзинга топширади. Ўзи қашшоқ оиладан чиққан бу устомон таъмагирликни шу даражага чиқариб юборадики, саройдаги ҳар бир масала унинг иштирокисиз битмай қолади. Лю Цзинь даврида қонунбузарликлар ва коррупция авжига чиқади. У император билан бир кўриштириш учун амалдорлардан бир неча минг олтин танга талаб қиларди.

Лю Цзинь ўзига шундай улкан қаср қурдирадики, бу қасрнинг ҳашамати император саройини ортда қолдирарди. Аммо тез орада ҳаддидан ошгани учун жавобгарликка тортилади ва қатл этилади.

Граф Сергей Юльевич Витте

Россия империясининг Темирйўллар ва молия вазири бўлган граф Витте соҳасининг билимдони бўлиш билан бирга илғор порахўр ҳам эди. Унинг бошчилигида қурилган Транссиб темир йўли ўн минглаб километрларга чўзилиб кетгани учун қурилиш ҳажми, унда кечадиган қинғирликларни фақат тахмин қилиш мумкин. Витте фақат хазинадан ўмармасди. Темирйўл ўтиши керак бўлган Саранск шаҳрига келганида у ерда бадавлат инсонлар темирйўл ортида шовқин ва жиноятчилар шаҳарга кириб келишидан қўрқиб, Виттедан бу йўлни нарироқдан ўтказишни илтимос қиладилар. Илтимос бажарилиши албатта текинга эмасди. 500 минг рублни чўнтакка урган Витте ваъдага вафо қилиб темирйўлни Рузаевка қишлоғидан олиб ўтади. Тез орада темирйўл ортидан Рузаевка жадал ривожлана бошлайди. Шунда сарансклик савдогарлар яна Виттенинг ёнига бош уриб борадилар ва хатоларини тузатишни, ўз шаҳарларидан темирйўл ўтказишни ёлвориб сўрайдилар. Масала албатта ҳал этилади. Баҳоси арзимас 500 минг.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 2-3 рублга ўша пайтда битта қўй сотиб олиш мумкин бўлган.

Аммо Витте фақат порахўр сифатида тарихга кирмаган. Поездларда стаканларни тутиб турувчи темир мосламани ҳамма билади. Иссиқ стакандан халос қилувчи шу мосламани айнан граф Витте ўйлаб топган.

Бу тарихда бўлиб ўтган айрим мисоллар холос. Замонамиз порахўрлари ҳам мозийдаги ҳамкасбларидан қолишмасликка ҳаракат қиладилар ва кўп жиҳатдан улардан ўтиб кетишга ҳам улгурганлар.

Кўпчилик Европа давлатларида коррупция йўқ деб ўйлайди. Бу хато тушунча. Катта пуллар бор жойда албатта коррупция мавжуд. 2017 йилда экспертлар коррупция туфайли Кўҳна Қитъа йилига ўрта ҳисобда 323 млрд евро йўқотаётганини ҳисоблаб чиққан. Бу маблағ билан Африкадаги қашшоқликка бемалол барҳам бериш мумкин.

АҚШда энг катта порахўрлик қурол савдосида кечиши аниқланган. 2013 йилдан кейинги 5 йил давомида коррупция айби билан қўлга олинган 2320 амалдорнинг кўпчилиги шу соҳадаги таъмагирликда айбланган. Уларнинг молиявий найранглари ортидан бюджет триллионлаб доллар йўқотгани аниқланган.

Лекин коррупция ҳажми ва ундан олинган даромадни ювиш ёки четга олиб чиқиб кетиш бўйича бирор давлат Россия билан беллаша олмайди. Тўғри, Африканинг Либерия, Сьерра-Леоне каби давлатларида порахўрлик даражаси анча баланд. Лекин у давлатларда олинадиган пулнинг ўзи йўқ. Россияда эса улкан бойликлар айланади.

Мисолларга эътибор беринг:

·        2016 йилда иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев 2 млн долларни нақд олаётганида қўлга тушди. Лекин бу иш бўйича суд ишига ҳамон нуқта қўйилмади;

·        2010 йилда тергов қўмитаси ходими Андрей Гривцов 15 млн доллар пора олаётганида ҳибсга олинди. Аммо негадир кейинчалик оқланиб чиқди;

·        2016 йилнинг сентябрида Сиктивкарда «Ренова» компаниясининг менежери Евгений Ольховик ва «Т плюс» компанияси директори Борис Вайнзихер Коми ўлкаси губернатори Вячеслав Гайзерга 12,5 млн доллар пора бераётганларида ушланди;

·        2015 йилда Сахалин губернатори Александр Хорошавин 5,6 млн доллар нақд пул билан қўлга тушди. Унинг уйидан ҳам 1 миллиард рублдан ортиқ пул топилади;

·        2007 йилда Тольятти мэри ўринбосари Николай Уткин ва ер ресурслари бошқармаси раҳбари Наталья Немих ер участкаси ажратиш учун 5 млн доллар пора олаётганларида қўлга олинади.

Албатта, маблағлар миқдори бўйича Россия билан тенглаша олмасакда, бизда ҳам йирик пора можаролари янграб туради. Жумладан, Самарқанд вилоят собиқ хокими Туробжон Жўраев қўлга олинганида, унинг кабинетидаги сейфдан 1 млн доллар нақд пул топилгани маълум қилинганди. Кейинчалик бу иш судга оширилгани тўғрисида хабар қилинди.

Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов эса 2018 йилнинг сентябрь ойида инвесторга жой тақдим этиш эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган.

Лекин ҳозирча бу ҳокимларга нисбатан ҳукм эълон қилингани йўқ ва табиийки уларнинг коррупцияга аралашган ёки йўқлиги бўйича суд ҳукм чиқаради.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид