Спорт | 11:55 / 02.02.2019
44871
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбариятида ўзгариш рўй берди

Фото: Kun.uz

Бугун, 2 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерациясининг сайлов конференцияси ташкил қилинди. Унда МОҚ ва федерация раҳбарияти, ҳудудий бўлинмалар вакиллари, масъул ходимлар, мураббийлар, ҳакамлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон бокс федерациясининг биринчи вице-президенти Шерзод Тошматов вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига «Локомотив» футбол клуби раҳбариятида ишлаб келган Сакен Полатов сайланди.

«Авваламбор, билдирилган ишонч учун барчангизга миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа, катта ютуқларга биргаликда эришамиз», – деди Сакен Полатов.

Тадбирда иштирок этган МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон боксининг янги сайланган раҳбарини табриклади, соғлиги сабабли тадбирда иштирок эта олмаган собиқ биринчи вице-президент Шерзод Тошматовга миннатдорчилик билдирди.

Умид Аҳмаджонов

Конференцияда, шунингдек, федерация ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов ва терма жамоа аъзоси Ҳасанбой Дўстматов ҳам сўзга чиқиб, ўзбек боксининг бугуни ва ютуқларни давом эттириш лозимлиги ҳақида гапиришди.

Марат Қурбонов

Маълумот учун, Сакен Жетибаевич Полатов 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор. Тадбиркор узоқ йиллардан буён Тошкентнинг «Локомотив» клуби тизимида фаолият кўрсатиб келади.

Сакен Жетибаевич Полатов

Қайд этиш керак, Ўзбекистон бокс федерацияси президенти Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳисобланади. Аммо федерацияни амалда вице-президент бошқаради.

Собиқ биринчи вице-президент Шерзод Тошматов ушбу лавозимда 2014 йил ноябридан буён фаолият юритиб келаётган эди. Унинг бошқаруви даврида ўзбекистонлик боксчилар халқаро майдонларда юқори натижалар қайд этишди ва Ўзбекистон бу спортда гегемон терма жамоалардан бирига айланди. 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида жами 7та медаль билан биринчи бўлган терма жамоа 2017 йилда Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида 10та медаль, 2018 йилги Осиё ўйинларида 7та медаль олиб, тенгсиз бўлди.

Мавзуга оид