Ўзбекистон | 10:21 / 04.02.2019
84730
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Энергетика вазирлиги иш бошлайди. Унга вазир ҳам тайинланди

Алишер Султонов/Фото: Ўзбекнефтгаз матбуот хизмати

Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ўрнатувчи янги ваколатли орган —​ вазирлик ташкил этилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати аъзоси, Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Алишер Султонов ​янги ташкил этилган вазирликни бошқариши кутилмоқда.  

Тегишли ҳужжатга мувофиқ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖдан давлат-ҳокимият ваколатларини энергетика соҳасида мазкур давлат бошқаруви органига ўтказиш назарда тутилган. 

Ўзбекистон Президенти яқин кунларда «ихчам ҳукумат»ни ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамасини ислоҳ этишга чақирганди.​

«Биз марказда ва жойларда ортиқча мажлисларни кескин камайтириб, кўпроқ амалий ишлар ва аниқ натижа билан шуғулланишимиз керак. Нега деганда, одамлар қуруқ мажлисбозликдан чарчади.

Олиб бораётган ислоҳотларимиз ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни чинакам ижро ҳокимиятининг олий органига айлантириш вақти келди, деб ўйлайман», —​ деганди Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан қилган маърузасид​а.

Шундай қилиб, Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси​ ҳам тугатилиши, ўрнига Энергетика вазирлиги иш бошлаши мумкин. Шу билан бирга Алишер Султонов Бош вазир ўринбосари лавозимидан кетиб, вазирлик билан чекланади, аммо аввалдан унинг назоратида бўлган тармоқнинг барча ташкилотлари Султонов ихтиёрида қолади.

Мавзуга оид