Жамият | 10:50 / 05.02.2019
28373
7 дақиқада ўқилади

«Ҳаёт йўқ маҳалла!» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари

Йўлларнинг ҳолати – фуқароларнинг маҳаллий ҳокимият иши ҳақидаги фикрларини шакллантирадиган муҳим омилдир. Миллионлаб одамлар ҳар куни шу йўлларни босиб ўтади, ишга, юмушга боради. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Агар ёмон бўлса-чи? Йўлларнинг расволиги натижасида оғири янада оғирлашаётган, оддий қулайликлардан мосуво бўлаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти Урганч тумани Амударё маҳалласидаги йўлларнинг аҳволи жуда ёмонлиги, натижада аҳолининг муаммолари кўпайиб бораётгани ҳақида ёзилган эди.

Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўргандик, аҳоли билан суҳбатлашиб, муаммолари тўғрисида маълумотлар олдик.

Урганч тумани Ғалаба қишлоғидаги Амударё маҳалласида 200дан ортиқ хонадонда 1500дан ортиқ киши истиқомат қилади. Маҳаллани вилоят маркази Урганч шаҳридан 3 километр масофа, Наврўз шаҳарчасидан эса атиги битта заҳкаш ажратиб туради. Маҳаллий такси ҳайдовчилари орасида у «Ҳаёт йўқ маҳалла», яъни «дунёдан узилган маҳалла» номи билан машҳур. Йўлларининг расволиги туфайли «дунёдан узилиб қолиши», электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, аҳолининг оддий маиший қулайликлардан маҳрум экани шундай номга сабаб бўлган.

Маҳаллага қўшни бўлган Наврўз шаҳарчаси билан таққослайдиган бўлсак, аҳоли учун мавжуд шароитларда жуда катта фарқ борлигини кўриш, гўё бу маҳалла туман учун «ёт, ўгай» бўлиб қолгандек тасаввурга бориш мумкин.

Амударё маҳалласида йўл йўқ деса ҳам бўлади. Агар тупроқ тортилган, ёзда чанг-тўзон бўлиб ётадиган, қишда ботқоққа айланадиган сўқмоқларни йўл деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бор. Маҳалла йўллари айнан шундай.

«Ёмғир ёки қор ёғиши билан маҳалламиз йўллари ўтиб бўлмас даражага келиб қолади, чунки тош ётқизилмаган, асфальт қилинмаган. Ёзда эса чанг-тўзон остида қоламиз. Январь ойида кучли ёғингарчилик бўлди, натижада, йўлларнинг расвоси чиқди. Фарзандимни мактабга юборганимда, йўлда лойга йиқилиб, кийимларини булғаб, 3 марта уйга қайтиб келди. Ҳар сафар кийимини алмаштириб, мактабга қайтариб юборганман», - деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Шарофат Норбоева.

«Бу маҳаллага таксида келолмайсиз. Маҳалла манзилини эшитган такси ҳайдовчиси ёки рад қилади ёки икки-уч баробар кўп йўлкира сўрайди. Бундай расво йўлларда ким ҳам транспорт воситасини бошқаришни истайди?! Лойга ботиб қолиши, чуқурчага тушиб, бирор жойи бузилиб, ишдан чиқиши ҳеч гап эмас. Ҳатто тез ёрдам машинаси ҳам бу маҳаллага келмайди. Чунки, лойга ботиб қоладиган бўлса, чиқиб кетолмасликдан қўрқади. Тез ёрдам чақирсак, «асфальт йўлга чиқиб туринглар» дейишади. Касал билан лой ичидан 1 километр йўл босиб, асфальт йўлга чиқишимиз керак экан, акс ҳолда келмайди», - дейди шу маҳаллада яшовчи Дилбар Машарипова.

Маҳаллада электр энергияси симёғочлари мавжуд эмас. Аҳолининг ўзи қўлбола симёғочларни ясаб, бир амаллаб ўрнатиб олишган.

«Маҳалламизда электр энергияси симёғочлари ўрнатилмаган. 20 йил олдин бу уйлар қурилганида, ўзимиз ёғоч ва ходалардан қўлбола симёғоч ясаб, уйимизга сим тортганмиз. Аҳвол ҳамон шундайлигича қолмоқда. Агар қаттиқ шамол турса, бу қўлбола симёғочлар синиб, симлар узилиб, одамларнинг, кўчада юрган болаларнинг устига тушмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шундай хавфли шароитда яшаб бўладими?.

Бундан ташқари, маҳалламизда ўрнатилган трансформатор жуда эскилиги туфайли, ёмғир ёки қор ёғса, ичига сув кириб, 2-3 кунлаб электр энергиясидан узилиб қоламиз», - деди шу маҳаллада яшовчи Раҳимбой Юсупов.

Маҳаллада чиқинди йиғиладиган жой йўқ, одамлар дуч келган жойга чиқинди ташлашга мажбур. Йиғилиб қолган чиқинди ҳеч қачон олиб кетилмаган.

«Маҳалламизда чиқинди ташлайдиган махсус жой мавжуд эмас. Аҳоли чиқиндини дуч келган жойга ташлашга мажбур. Чиқиндини йиғадиган махсус машиналар бу ерга ҳеч қачон келмаган. Нега эканини билмайман, балки йўллар ёмонлигидандир. Чиқинди тўпланмаслиги учун одамлар уни ёқиб юборишга мажбур. Энди бундан чиқадиган ҳидни тасаввур қилаверинг. Ёқиб юбормасликнинг иложи ҳам йўқ, акс ҳолда антисанитария ҳолати ёмонлашиб, маҳалла чиқиндихонага айланиб қолади», - деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Йўлдош Исмоилов.

Маҳалла аҳолисини поликлиника ва маҳалла фуқаролар йиғинини узоқлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам қийнаб қўйган.

«Маҳалламизга туташ бўлган Наврўз шаҳарчасида оилавий поликлиника бор. Оралиқ масофа ярим километр. Аммо у ерда бизга хизмат кўрсатишмайди, ўз поликлиникангизга борасиз дейишади. Маҳалламиз поликлиникаси эса ўн километр узоқликда бўлган Ғалаба қишлоғида жойлашган. Бу бизга жуда ноқулай. Ахир ёнгинамизда 3-сон оилавий поликлиника мавжуд бўлса, нега унинг хизматидан фойдалана олмаймиз?

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳам биздан 10 километр узоқликдаги Ғалаба қишлоғида жойлашган. Раис кимлигиниям билмаймиз, бу ерга умуман келмаган. Натижада, кўплаб маиший муаммоларимиз ҳал бўлмай ётибди. Агар маҳалла фуқаролар йиғини ўзимизда бўлса, балки бундай оворагарчиликлар бўлмасмиди...», - деди Гулбаҳор Машарипова.

Маҳаллага ичимлик суви қувури ётқизилмаган. Аҳоли ўз кучи билан, ўз билганича қўшни маҳалла қувурига уланиб, ичимлик сувидан фойдаланмоқда.

Маҳалла аҳолиси бу муаммолар юзасидан туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилишганини, аммо натижа бўлмаганини айтишди.

«Ўтган йили бу муаммолар бўйича туман ҳокимлигига мурожаат қилган эдик. Апрель ойида йўлларни тузатиб беришни ваъда қилишди. Аммо, орадан 9 ой ўтган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади», - деди Шарофат Норбоева.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида «Ҳаёт йўқ маҳалла» деган ибора бу ерга нисбатан бежиз ишлатилмаслиги, аҳолининг муаммолари ҳал қилинмай, йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, қуруқ ваъдалар берилганига гувоҳ бўлдик. Бунга қўшимча қилиб, «ўгай ва ёт, унутилган маҳалла» деган иборани ҳам бемалол қўллаш мумкин. Зеро мавжуд вазият айнан шуни кўрсатиб турибди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид