Ўзбекистон | 14:30 / 05.02.2019
87636
3 дақиқада ўқилади

Очилбой Раматов «Ўзбекистон темир йўллари» раислигидан кетди. Унинг ўрнига янги раҳбар тайинланди

Ҳукумат қарори билан Хуснутдин Нуруддинович Хасиловга «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарувининг раиси вазифасини бажариш юкланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.

Хуснутдин Хасилов шу кунга қадар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖда Бош менежер лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди. У энди 2002 йилдан буён «Ўзбекистон темир йўллари» бошқарув раиси сифатида ишлаб келган Очилбой Раматов ўрнини эгаллайди.

Бундан аввалроқ Очилбой Раматов президент фармони билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири лавозимига тайинланганди.

2019 йилдан Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш доирасида бош вазир ўринбосарлари сони оптималлаштирилди ва бош вазир ўринбосарларининг бир вақтнинг ўзида муайян идорага раҳбарлик қилиш амалиётини бекор қилинди. Президент қарорига биноан бош вазир ўринбосарлари хўжалик жамиятлари ва компаниялар, шунингдек, давлат улушига эга бўлган бошқа ташкилотлар фаолияти устидан бир вақтнинг ўзида раҳбарлик қилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Шу туфайли Очилбой Раматов «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарлигини тарк этди.

Хуснутдин Хасилов (микрофон тутган)

Хуснутдин Хасилов 1970 йилда Тошкент вилоятида туғилган, 1992 йилда Тошкент темирйўл муҳандислари институтини инженер-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1992 йилда «Ўзинтерсервис» қўшма корхонасида тармоқ бошлиғи сифатида бошлаган. 1999-2002 йиллар «Ўзтемирйўлмаштаъмир» унитар корхонасида турли лавозимларда ишлаган. 2002-2008 йиллар стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи, бир вақтнинг ўзида «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК бош менежер – бош муҳандисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2011 йилда «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК бош менежер – бош муҳандиси лавозимига тайинланган. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Департамент мудири лавозимига тайинланган. 2016 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига мувофиқ «Ўзбекистон темир йўллари» Акциядорлик жамиятининг бош менежер – бош муҳандиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид