Жамият | 14:39 / 07.02.2019
37941
8 дақиқада ўқилади

Андижон томонларда: МарҲаматнинг лой йўллари ва йўлка устидаги «астанопка» ҳақида

Бирор танқидий мавзуни ёритаётганда миянгда минг ўй кечади. Ўқиган одам «Мухбир мана шу жойда «майдалашибди». Тузук-қуруқ муаммо топса бўларди-ку?», демасмикин деган ўйда хижолат ҳам бўласан. Чунки, журналист учун жуда жиддий муаммо бўлиб кўринган жиҳат, кимларгадир ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин. Нима бўлса ҳам бугунги мақоламиздаги уч муаммо жамият ва кишилар учун бир қадар долзарблигига ишонтиришга ҳаракат қиламиз.

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти, Марҳамат тумани марказидаги серқатнов бўлган Мустақиллик кўчасида пиёдалар йўлакчаси ўртасига савдо дўкони ва бекат қурилаётгани, туман марказида яна бир талай муаммолар мавжудлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Арзномачиларни маҳтал қилмай, Андижоннинг чекка тумани томон йўлга чиқдик.

«Мухбир ака, зап келдингиз!»

Асака орқали йўл билан Марҳамат туман марказига етиб келиб, «тротуардаги бекат муаммоси»ни ўрганишга чоғланаётганимизда, турнақатор турган такси ҳайдовчиларидан бир гуруҳи ёнимизга келди. Улар саломлашгач, «Мухбир акалар, бекатдан ҳам муҳимроқ муаммоларимиз бор.  Ёрдам берасизларми? Бизга ўн дақиқа вақт ажратсаларинг бўлди?», дея гап бошлашди.

Улардан бири, «Агар мумкин бўлса, машинамда шаҳарни бир айланиб келсак», дея қаттиқ туриб олгач, улар билан шаҳар кезгани чиқдик.

Дарҳақиқат, кейинги ўн дақиқа давомида шаҳар айланиб, таксичи йигитлар бизга туман марказидаги энг долзарб муаммолардан бирини кўрсатганига амин бўлдик. Улар бизни марказнинг Туркистон МФЙ ҳудудидаги (аҳоли бу жойларни «Черёмушка» дер экан) кўп қаватли уйларга олиб борувчи йўлларнинг аҳволини кўрсатишди.

Мазкур ҳудуддаги йўлларнинг, йўл деган номи бор холос. Аҳоли ва транспорт қатнови учун яроқсиз мана шу «сўқмоқ»лардан ишга қатнаётган кишилар, мактабга бораётган болажонларга раҳмингиз келади.        

Туман марказидаги кўчаларда озодаликка умуман эътибор берилмаслиги таажжубланарли. Марказ айланиб фақат дилимиз хира бўлди, холос. Энг гавжум кўчалар ва уларнинг атрофида қачон ободонлаштириш ишлари  олиб борилгани номаълум. Ҳаммаёқ лой, кўлмак ва чиқинди билан тўла. Кўчалар ёмонлигидан ҳайдовчилар машиналарини ҳам ювмай қўйишибди чоғи, атрофда ювилган автомашинанинг ўзи кам.

Икки таксичи йигит Ғайратбек Бойназаров ва Муҳаммаджон Қодиров бизга кўрсатган кўчалар нақадар аянчли ҳолатдалиги суратларда кўриниб турибди.

Биз ўн дақиқалик сайр ичида Марҳаматда йўлларни таъмирлаш корхонаси борлигига шубҳа қилиб қолдик.

«Тротуардаги бекат»

Юқорида айтганимиздек, ҳақиқатан ҳам туманнинг энг марказий ва энг гавжум кўчаси тротуарига бекат қурилибди. Мана шу жойда шаҳар ва туманларимиз марказларида бекатлар мавзусига ойдинлик киритиб кетаман. Жамоат транспорти тўхташи учун қурилаётган барча бекатлар маълум ҳужжатларга асосан тадбиркорларга бериляпти ва ишбилармонларимиз кўчалар четига ярми дўкон ва ярми бекатдан иборат енгил конструкцияли иншоотлар барпо этишяпти.

Марҳамат тумани марказидаги Мустақиллик кўчаси ёқасидаги икки бекатни ўргандик. Қарангки, бекат шундоқ пиёдалар йўлакчаси устига қурилибди. Энди пиёдалар йўлакча бўйлаб ҳаракатланатуриб пешонасини «дўконли бекат» деворига уришади ва айланиб, қисилган ҳолда дўконлар ёнидан юришга мажбур бўлади. Айнан мана шу кўчанинг нариги бетида ўтган 2018 йил бошида бунёд этилган яна бир «дўконли бекат»ни кўздан кечирдик. Ҳайтовур, бу бекат тротуардан четроққа қурилган экан. Демак, бу иншоотни бекат деб бўлмайди. Чунки, унинг олдида катта йўлдан ажратиб турувчи панжара ҳам бор эди. Қизиқ, «бекат ҳам тротуар орқасига қуриладими?». Ушбу бинодан фақат дўкон сифатида фойдаланиляпти холос.

Бизда туғилган, «Ўзи мана шу жойларга бекатлар зарурмиди?», деган саволга жавоб излаб туман ҳокимлигига бордик. Туман ҳокимлиги биноси пештоқидаги ҳолатга мақоламиз сўнгида тўхталамиз.

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Омадбек Аслонов биз билан муаммоли ҳолатни ўша жойнинг ўзига бориб кўришини айтгач, Мустақиллик кўчасига бирга қайтдик. Бу орада туман архитектори ҳам етиб келди.

Ҳар икки мутасадди пиёдалар йўлакчасидаги мазкур бекат, вилоят йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хулосасига асосан, барча қурилиш меъёрларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига асосан барпо этилаётгани, мана шу пиёдалар йўлакчаси устига қурилаётган «астанопка» марказга сув ва ҳаводек зарур эканлиги ҳақида сўзлади. Биз эса жимгина уларнинг сўзини тинглаб, пиёдалар йўлакчаси четидан минг қийналиб ўтаётган пиёдалар оқимини кузатдик.

Бироқ бизнинг кўчанинг нариги томонидаги бекатдан фақат дўкон сифатида фойдаланилаётгани, ҳатто, бекатнинг катта кўча томони панжара билан ўралгани ҳақидаги саволимиз жавобсиз қолаверди.

Пиёдалар йўлакчасидан мосуво бўлиб, унинг ёнидаги лойли ва кўлмакли жойидан қийналиб ўтаётган аҳоли вакиллари билан мутасаддилар ёнида суҳбатлашдик. Уларнинг бари тротуар ўртасига қурилган бекат фақат ноқулайлик туғдираётганини айтишди.

Шу ердан ўтиб кетаётган Носиржон Мамадалиев ва Светлана Гостичева аҳоли учун ноқулай жойга қурилган бекатдан ҳамма норизолигини билдиришди.

Айни пайтда Марҳамат тумани марказида жамоат транспорти бўлган автобусларнинг ўзи йўқ. Кўча атрофи турли йўналишларга қатновчи «Дамас»ларга тўлиб кетган.

Бекатлар тадбиркорларга жамоат транспорти тўхташ жойидан кўра, савдо дўкони учун берилгани эса сир эмас. Мутасаддилар мазкур масалани яна бир бор кўриб чиқишга ваъда беришди.

Туман ҳокимлиги пештоқидаги саводсизлик

Энди ўша ким учундир майда, ким учун эса муҳим муаммога тўхталсак. Ҳокимлик биноси пештоқига катта ҳарфлар билан, «Мархамат тумани хокимлиги» деб ёзиб қўйилибди.

Туманнинг барча соҳаларини бошқарувчи давлат органи ҳисобланган бино юзидаги ёзувда бундай имло хатолар бўлиши кутилмаган ҳолат. Наҳотки, туман ҳокимлигида мана шу хатони кўра оладиган зиёли киши йўқ. Ахир, Марҳамат - бир вақтлар қадимий Довон давлати пойтахти бўлган, Мингтепа дея дунёга донғи кетган Дукчи эшон юрти бўлса...

Замонамизнинг энг зўр ўзбек шоири Муҳаммад Юсуф ҳам марҳаматлик. Бир авлод ўзбек тилига бўлган ҳурматни мана шу инсондан ўрганди.

«Иккита юмшоқ «ҳ» ўрнига қаттиқ «х» ёзилиши фожиами? Ошириб юборманг?!», дея ўйласангиз хато қиласиз. Ҳар куни мазкур бинога юзлаб кишилар кўзи тушади. Энг асосийси, ёш авлод вакиллари ўша пештоқдаги ёзувни кўриб катта бўлишади. Улар ўз тумани номи қандай ёзилишини мияларида сақлаб қолишмайдими?

Ҳокимлик биноси ёнидаги солиқ идорасида туман номи бехато, унинг чап тарафидаги аҳоли бандлигига кўмаклашувчи Марказ биносида эса хато билан ёзилган.

Марҳамат тумани ҳокимлиги зиёлилик борасида, ўзбек тилига ҳурмат борасида ёш авлодга «зўр ўрнак» бўляпти.

Марҳаматдаги ҳолатлардан дил хира бўлиб қайтдик. Ўйлаймизки, мазкур мақолани ўқиган мутасаддиларнинг ҳам дили бироз хира тортиб, шижоат билан камчиликларни бартараф этишга киришадилар.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид