Ўзбекистон | 00:05 / 07.02.2019
30533
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда никоҳ шартномасини тузишни мажбурий қилиш таклиф қилинди

Ҳозирги кунда Ғарбий Европа давлатлари, АҚШ ва Канадада никоҳ шартномаси институти кенг оммалашган. Бу ҳақда “Оила”  илмий-амалий тадқиқот марказининг оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўлими бошлиғи Гулнора Ишанхонова “Халқ сўзи” газетасига интервьюда маълум қилди.  

2018 йил давомида нотариал идораларда 219 та никоҳ шартномаси тузилган. Шу йил ичида ФҲДЁлар томонидан 311,4 мингта никоҳ ва 32,3 та ажрашиш қайд қилинган. 

Мутахассиснинг фикрича, Оила кодексининг никоҳ шартномасига тегишли меъёрларини қайта кўриб чиқиш вақти келди ва эҳтимол мажбурий никоҳ шартномасини тузиш йўлидан бориш мантиқан тўғри бўлади. Ишанхонованинг фикрича, никоҳ шартномаси оила, муҳаббат ришталарини барбод қилмай, аксинча унинг мустаҳкамланишига кўмак беради.

Ўзбекистон Оила кодекси 1998 йилда қабул қилинган ва унга никоҳ шартномасига оид 6-боб - “Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби” киритилган. 

Шартнома никоҳ қайд этилгунга қадар ва никоҳ вақтида ҳам тузилиши мумкин. У ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим. Ушбу шартномага кўра, эр-хотинлар Оила кодексининг 23-моддасида ўрнатилган биргаликдаги умумий мулк тартибини ўзгартириш, бутун мулкка биргаликда, улушли ёки алоҳида, унинг муайян турлари ёки эр-хотиннинг ҳар бирининг мулкига эгалик қилиш тартибини ўрнатиш ҳуқуқига эгалар.

Мавзуга оид