Спорт | 16:39 / 08.02.2019
15498
2 дақиқада ўқилади

«Фламенго» клуби базасида ёнғин: ўн киши ҳалок бўлди

Фото: PaginaBrazil / Twitter

Бразилиянинг «Фламенго» футбол клубига қарашли Ninho do Urubu машғулот базасида юз берган ёнғин оқибатида ўн киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар қилмоқда.

Уч киши жароҳат олган, улардан бири жиддий аҳволда касалхонага ётқизилди. Таъкидланишича, жабрланганлардан бири 14 ёшда.

Ёнғин маҳаллий вақт билан соат 05:10да (Тошкент вақти билан 01:10) бошланган, уни фақат икки соатдан кейин ўчиришди. Олов 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган «Фламенго» ёшлар жамоаси ўйинчилари ухлаб ётган бинода тарқалган. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

База 2018 йилда очилган, у Лотин Америкасидаги энг замонавийларидан бири, дея қайд этади телеканал. Ninho do Urubu’да «Фламенго»нинг ҳам асосий, ҳам ёшлар жамоаси футболчилари шуғулланади.

А сериясида - Бразилия чемпионатининг юқори дивизиони - «Фламенго» Сан-Паулунинг «Палмейрас» клубидан ортда қолиб, 72 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Мавзуга оид