Фан-техника | 16:39 / 11.02.2019
18579
5 дақиқада ўқилади

Дактилоскопия тарихи: бармоқ излари қандай кашф қилинган?

Фото: KUN.UZ

Дактилоскопия ─ бармоқ излари орқали шахсни аниқлаш ҳақидаги фан ҳозирда турли соҳаларда самарали қўлланилади. Унинг пайдо бўлиш тарихи ҳақидаги мақола Postda газетасида берилди.

Уильям Ҳершель XIX асрнинг охирларида Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги маъмуриятида хизмат қиларди. У маош олиш учун келадиган аскарлар сони йилдан йилга кўпайиб бораётганлигига ҳайрон бўлади. Бу ҳодисанинг тагига ҳеч етолмасди. Чунки юз кўринишига қараб ҳиндларни фарқлай олмасди. Маҳаллий аҳоли вакиллари эса бундан усталик билан фойдаланишар ─ бир куни ўзлари ойлик олишса, эртаси куни маош олгани бирор қариндошини жўнатишарди. Бунинг устига уларнинг аксарияти саводсиз эди.

Охири тоқати тоқ бўлган Ҳершел улардан рўйхатдаги ўз фамилиясининг тўғрисига ва тўлов қоғозига бармоқ изларини қолдиришни талаб қилди. Синчиклаб қараса, бир одамнинг бармоқ изи бошқасиникига ўхшамас эди. Шундан сўнг анатомия дарсликларини варақлаб, ўзининг кашфиётини бармоқдаги папилляр чизиқлар ёрдамида асослади.

Пул тўлаш борасидаги муаммони ҳал этгач, орадан бироз вақт ўтиб, Бенгалиядаги қамоқхонада тартиб ўрнатишга киришди. Гап шундаки, содир этган оғир жиноятлари учун бу ерда жазо ўтаган айрим маҳкумлар озодликка чиққач, ўзларини ижтимоий хавфли бўлмаган жиноятлари учун жазо ўтиб чиққан кишидек кўрсатишарди. Ҳершелнинг кўрсатмасига кўра, маҳкумлар рўйхатига уларнинг бармоқ излари илова қилингач, бундай ҳолларга бутунлай чек қўйилди.

 «Бошингизни даволатиб келинг» ​

Ютуқлардан руҳланган Уильям Ҳершель кашфиётининг самарасини Англияда синаб кўрмоқчи бўлди. Бунинг учун лорд Жеймс Тинчберннинг миллионлик мероси билан боғлиқ масалани ҳал этишда ўз хизматини таклиф қилди. Ушбу жараён 30 йилдан буён давом этиб келаётган эди. Австралиялик Кастро фамилияли фирибгар ўзини лорднинг бедарак йўқолган ўғли деб таништириб, унинг беҳисоб бойликларига даъво қила бошлади. Лорднинг кўзи хиралашиб қолган бевасини алдашга, унинг қариндошлари, шифокор ва адвокатларни ҳам чалғитишга муваффақ бўлади. Фирибгарни фош этиш учун бир неча йил ва катта миқдорда суд харажатлари талаб қилинди. Ҳершель Англия турмалари бош директорига йўллаган хатида ўз усули ёрдамида Кастрони осонгина фош эта олишини баён қилади. Аммо директор унга бошини даволатишни тавсия қилади.

Криминалистикада самарали усул

Охир-оқибат Ҳершелнинг кашфиёти бутун дунёда кенг қўллана бошлади. Айниқса, Англияда ушбу усулдан самарали фойдаланилди. Масалан, 1948 йилда тўрт ёшли қизалоқ Жунн Энн Дев ўлдирилганидан кейин полициячилар томонидан криминалистика  тарихида мисли кўрилмаган чора қўлланилди. Жиноят содир этилган Блекберн шаҳрининг катта ёшдаги эркакларини ёппасига текширувдан ўтказишга, яъни ҳамманинг бармоқ изларини олишга қарор қилишди.

Қизалоқ шифохонадан ўғирланиб, тез орада боши мажақланган ҳолдаги мурдаси топилган эди. Шифохона кўздан кечирилганда, Жуннинг каравоти остидан дистилланган сув шишасини топиб олишади. Унда жиноятчининг бармоқ излари қолган эди.

Полициячилар бир неча ой давомида 16дан ошган эркакларнинг бармоқ изларини йиғишади. Улар охирги кўчадаги хонадонларни текширишга киришишди. 22 ёшли Питер Гриффитнинг бармоқ излари ўша шиша идишдаги изларга мос тушиши аниқланди. Бунинг устига, Гриффит ўша шифохонада асаб касаллигидан даволангани ойдинлашди. Тез орада Питер бутун умр хотин-қизлардан қўрққанини, шунинг учун ҳимоясиз қизчани ўлдирганини тан олади.

Ҳеч қачон ўзгармас муҳр

Дактилоскопияни англияликлар ўйлаб топишди, америкаликлар эса ҳар қанақасига алдашга уриниб кўришди. Ўзининг шов-шувли жиноятлари билан ном қозонган Ма Баркер жиноий гуруҳи аъзолари полиция таъқибидан қочиб қутулиш учун ўзларининг ташқи қиёфасини, ҳатто бармоқ изларини ўзгартиришга уринишди. Жарроҳ Жозеф Моран санитарияга зид шарт-шароитларда гангстерлар Карпис ва Фред Баркернинг бармоқлари учидаги терисини кесиб ташлади. Шундан сўнг улар то жароҳатлари битгунича оғриқни қолдириш учун тақиқланган препаратларни қабул қилишди. Орадан бир неча кун ўтиб, не кўз билан кўрсинларки, бармоқлари учини қоплаган янги теридаги папилляр чизиқлар эскиси билан бир хил эди.

Жиноят оламининг яна бир вакили Жон Диллинжер 1934 йилда жарроҳлар Уильям Лезер ва Говард Кесседига бармоқларидаги папилляр чизиқларни жарроҳлик йўли билан йўқ қилишни сўраб мурожаат қилади. Шифокорлар уни норози қилишдан қўрқиб, бунга журъат этишолмайди. Шунинг учун бармоқларининг учини кислота билан куйдиришади. Аммо 1934 йил 22 июль куни Федерал қидирув бюроси агентлари Диллинжерни отиб ташлагач, унинг бармоқлари учидаги папилляр чизиқлар яна тиклангани маълум бўлди. Шу тариқа бармоқ излари инсон шахсини тасдиқловчи ўзгармас муҳр эканлиги ўз тасдиғини топди.​

Мавзуга оид