Жамият | 12:23 / 11.02.2019
10053
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартранс» маъмурий биносида ёнғин содир бўлди

Фото: dyxx.uz

2019 йилнинг 11 февраль куни соат 08:30да Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Юнусобод тумани, “Буюк турон” маҳалласи А.Темур 1-тор кўчаси 6-уйда жойлашган “Тошшаҳартранс” ОАЖ биносида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотига кўра, хабар асосида ёнғин жойига зудликда 5 та асосий ва 2 та махсус ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Бўлинмалар соат 08:35да воқеа жойига етиб келиб, ёнғин соат 08:52да тўлиқ бартараф этилган. 

Ёнғин “Тошшаҳартранс” ОАЖ биносида ижарада бўлган “ВY МIRAGE СОNSTRUCTIОN DESIGN” МЧЖга қарашли мебель ишлаб чиқариш корхонаси бош офисида юзага келиб, оқибатда 60 кв. метр майдонда иморатнинг том ва шифт қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан бинонинг 400 кв. метр майдони сақлаб қолинган. 

Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид