Жаҳон | 22:54 / 12.02.2019
41095
2 дақиқада ўқилади

Афғон уруши афсонаси “қора майор” вафот этди

Қозоғистонда афғон уруши фахрийси, “қора майор” деган лақаб олган Борис Керимбаев ҳаётдан кўз юмди. Фахрий 71 ёшда бўлган. Қозоғистон мудофаа вазирлигида маълум қилинишича, истеъфодаги полковник узоқ давом этган касалликдан кейин вафот этган.   

Керимбаев 1948 йилда Қозоғистон ССРда туғилган. У “қора майор” лақабини Афғонистонда иккинчи “мусулмон” батальони командири бўлганда олган.

1982 йил майида Керимбаев отряди Панжшер дарасини эгаллаб олган ва уни деярли бир йил давомида ушлаб турган. Бу дара орқали собиқ иттифоқдан Афғонистонга ҳарбий ва фуқаролик мақсадидаги юклар етказилган стратегик трасса ўтган. Дарани Аҳмад Шоҳ Масъуд армияси кучларидан бир ой ҳимоялаб туриш керак бўлган. “Қора майор”да 500 киши, рақибда эса бир неча баробар кўпроқ куч бўлган. Кучлар орасидаги тафовут катталигига қарамасдан, Керимбаев душманга қарши партизан уруши олиб боришга қарор қилган. У жанговар йўқотишлари энг кам бўлган командирлардан биринчиси бўлган. Аҳмад Шоҳ Масъуд Керимбаевнинг “калласи” учун миллион доллар ваъда қилган, бироқ “қора майор”ни мағлуб эта олмаган. Охир-оқибат Масъуд 40-армия қўмондонлиги билан вақтинчалик ярашув сулҳи тузишга мажбур бўлган.

1992 йилда Керимбаев Қозоғистон қуролли кучларидан саломатлиги сабабли истеъфога чиққан.  

“Мен эртами-кеч кетаман, бундан кафолатланмаганман. Ўтириб, ҳеч нарса қилмаслик ва фойда келтирмаслик – бўш жой бўлиш, маъносиз ҳаёт демакдир”, деб айтган Керимбаев.

“Қора майор” билан видолашув маросими 14 февралда Олмаотадаги Армия уйида бўлиб ўтади. 

Керимбаевнинг ҳаёти ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. 2017 йилда у ҳақида “177-отряд... Қапчағайдан Кобулгача” деб номланган ҳужжатли фильм олинган.

Мавзуга оид