Спорт | 16:50 / 13.02.2019
18150
7 дақиқада ўқилади

«Аякс»даги инқироз ёки «Барселона» «Реал»га қандай ёрдам берди? ЕЧЛ анонси

Бугун, 13 февраль куни соат 23:00да (Тошкент вақти билан 14 февраль куни соат 01:00да Чемпионлар лигасининг нимчорак финал ўйинлари доирасида яна бир қизиқ ўйин бўлиб ўтади. «Реал»нинг бу босқичдаги рақиби жорий мавсумда «бир бош баланд сакраган» «Аякс» бўлади.

«Аякс» - «Реал»
13 февраль. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони. 
Ҳакам: Скомина (Словения).
Йўқотишлар: де Йонг, Магальян (иккиси сўроқ остида) - Льоренте (жароҳат), Иско (сўроқ остида).

Тахминлар
Икки ой муқаддам, Европанинг энг кучли жамоалари ЕЧЛ нимчорак финалидаги илк рақибларини билиб олишганида «Аякс» ва «Реал» жуфтлигида барчасини олдиндан маълум деб бўлмасди.

Турнирнинг амалдаги ғолиби (мадридликлар охирги уч мавсумда тенгсиз бўлишган) қаршисида «Бавария» билан бир гуруҳдан жой олиб, мағлубиятсиз гуруҳ босқичини якунлаган (3 ғалаба ва 3 дуранг, тўплар нисбати 11:5). Ёш футболчилар порлаган амстердамликлар жамоаси «Аяксида» номини олди, бу жамоа етакчилари 19 ёшли сардор Маттейс де Лигт ҳамда 21 ёшли ҳавбек Френки де Йонг бўлишди. Бу футболчилар клуб мухлисларида келажакка ишонч уйғотишди, қолаверса, Хулен Лопетегининг муваффақиятсизликларидан кейин унинг ўрнига тайинланган Сантяго Солари бошчилигидаги жамоа у қадар қудратли кўринмасди. Декабрь ойи ўрталарида «Реал» ЕЧЛ гуруҳ босқичида ЦСКАга 0:3, Испания чемпионатида «Эйбар»га 0:3 ҳисобларида мағлуб бўлганди.

Бу ҳолатда «Реал» чемпионликни ҳимоя қила олишига шубҳалар пайдо бўлганди.

Танаффус ва трансферлар дарчаси

Аммо кейин амстердамликлар учун икки ҳал қилувчи бурилиш рўй берди - Нидерландия чемпионатидаги бир ойлик танаффус ва қишки трансферлар дарчаси очилиши. 

«Аякс» Европа грандлари кейинги ярим йил мобайнида рақобат қилган ўзининг асосий юлдузларидан бири билан хайрлашмади, лекин у фақат яна ярим мавсум Нидерландия пойтахтида қолиши, кейин Каталония пойтахтига йўл олиши ҳал бўлди. Амалда Де Йонгнинг трансфери ҳал бўлган, у ёзда 75 миллион евро эвазига «Барселона»га бориб қўшилади. Аммо бу трансфер ҳақида январь ойидаёқ эълон қилиб қўйилди. «Барса» пулни аямади ва Европа футболидаги жавоҳирлардан бирини қўлга киритди, аммо шу билан биргаликда асосий рақиби «Реал»га ёрдам бериб юборди.

Чунки де Йонгнинг ўзи неча марта «Барселона» келлажакдаги жамоаси экани, ҳозирда фақат «Аякс» ҳақида қайғуриши, «хаёли ва юраги Амстердамдалиги»ни таъкидлаган бўлсада, унинг иккинчи даврадаги ўйинларида жиддий пасайиш кузатилди. Ўз навбатида унинг дўсти, тез орада гранд клубга ўтиши кутилаётган Маттей де Лигтнинг («Барселона» ва «ПСЖ» унга асосий даъвогар) ҳам хаёли жойида эмас. Бу икки футболчи билан боғлиқ вазият туфайли «Аякс»да инқирозли ҳолат юзага келди.

Буни статистикада ҳам кўриш мумкин: Биринчи даврада пойтахтликлар жамоаси ички чемпионатда 11 учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этган, бу ўйинларда атиги 4 бор гол ўтказиб юборган. Таътилдан қайтгач эса, «Аякс» икки ўйинда жами 10та гол ўтказиб юборди. Аввалига ўз майдонида «Ҳеренвен» билан 4:4 ҳисобида дуранг ўйнади, кейинги турда «Фейенорд»га сафарда 2:6 ҳисобида ютқазди. Де Йонг ва де Лигт бу ўйинларда 90 дақиқадан ўйнашди, аммо уларнинг майдонда бор-йўқлиги сезилмади.

Френкининг жароҳати

Ўтган дам олиш кунларида «Аяксида» яна ютқазди, бу сафар «Ҳераклес»га ўз майдонида 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Ҳолбуки, бу жамоа чемпионатдаги охирги 11 ўйинида 8 марта ютқазганди, жароҳат туфайли де Йонг бу ўйинни якунлай олмайди, 79-дақиқада белидаги оғриқ туфайли майдонни тарк этди. У бугун Мадрид клубига қарши майдонга чиқиши ҳам сўроқ остида.

Бу вақтда голланд матбуоти Маттейс де Лигтни танқид қилмоқда. «Де Лигт фақат ўзини ўйлайди. Жамоа легионерлари сардорлик боғичини бошқа футболчи тақиши керак деб ҳисоблашмоқда. Ёши уникидан каттароқ ва ундан тажрибалироқ футболчи. «Аякс» ҳозирги ҳолатида «Реал» билан тенгма-тенг ўйнай олиш салоҳиятига эга эмас», дейилади De Telegraaf нашри хабарида.

«Аякс» «Реал»ни охирги марта 1995 йилда мағлуб этган, ўшанда гуруҳ босқичидаги икки ўйинда «Қироллик клуби» 1:0 ва 2:0 ҳисобларида мағлуб этилган, амстердамликлар жамоаси финалгача етиб бориб, «Милан»дан устун келган ҳолда (1:0) ЕЧЛ кубогини қўлга киритган. Жамоада ўша муваффақиятни такрорлаш имконияти амалда деярли йўқ.

«Қаймоқранг» ўзгаришлар
Бу вақтда эса «Реал»нинг ўзида ижобий ўзгаришлар бўлди. Солари жамоаси Испания чемпионатининг охирги 5 учрашувида ғалаба қозонди, охирги турда Мадрид дербисида «Атлетико» мағлубиятга учратилди (3:1), «Реал» сентябрь ойидан буён илк марта иккинчи ўринга чиқиб олди. Шунингдек, жамоа кейинги беш йилда илк марта Испания Кубоги финалига чиқиши мумкин: бир ҳафта муқаддам турнир ярим финалида «Барселона»га қарши «Камп Ноу»да ўтказилган биринчи учрашувда керакли натижани қайд этди (1:1).

Винисиус-Бензема тандеми

«Реал»да Карим Бенземанинг ўйини очилди, у январь ойи охири ва февраль ойи бошидаги 4 ўйинда 6 гол урди - бу «Аякс» ҳимояси учун ёмон хабар. Бунданда ёмони эса, Бензема 18 ёшли Винисиус билан тандем ҳосил қилган. Бу икки жуфтлик ҳар ўйинда олқишларга сазовор бўлмоқда. Авваллари Карим Криштиану Роналду учун ўйнаган бўлса, энди барчаси аксинча. Винисиус ўз тезлиги ва техникаси эвазига рақибларни доғда қолдириб, Бенземани қулай вазиятга чиқармоқда. Солари бу тандемни Гарет Бэйл ва Марко Асенсио жуфтлигидан афзал кўрмоқда.

Винисиус Испания чемпионати ва Испания Кубогидаги илк голларини уриб бўлди. ЕЧЛдаги биринчи гол ҳам вақт масаласи. Бу вақт тезроқ келадиган кўринмоқда.

Мавзуга оид