Ўзбекистон | 18:51 / 14.02.2019
9960
3 дақиқада ўқилади

«Энди болаларнинг гувоҳномаси бор». Kun.uz'да ёритилган масала ижобий ҳал бўлди

9 февраль куни Kun.uz сайтида Тошкент вилояти, Тошкент туманида истиқомат қилувчи Зокир Мамарафиқов ва унинг рафиқаси Гулнора Файзиева (у 1984 йили Ўзбекистон ҳудудида туғилган, собиқ иттифоқ тугатилгач, унинг яшаш жойи Қозоғистон ҳудудига тўғри келиб қолган ва ҳамон Ўзбекистон фуқаролигини олмаган) оиласида туғилган болалар ҳужжатсиз, туғилганлиги тўғрисида гувоҳномалари йўқлиги масаласи ёритилганди. Айни вақтга келиб прокуратура аралашуви билан масала ижобий ечим топган.

Бу материал сайтда эълон қилингач, Давлат хизматлар агентлиги муносабат билдирди, унда ФХДЁ мудираси Наргиза Каримова Гулнора Файзиева фарзандларининг туғилишини қайд этиш масаласида шахсан ўзи Тошкент тумани ФҲДЁ бўлимига мурожаат этмаганини рўкач қилганди (унинг турмуш ўртоғи, болаларнинг отаси мурожаат қилган - таҳр.).

Кейинроқ Давлат хизматлари агентлиги ҳам мазкур масала юзасидан расмий муносабат билдирди. Агентлик хабарида болаларнинг туғилганлигини қайд этишга асос бўлувчи Халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органининг ФҲДЁ бўлимига умуман мурожаат этмагани ифода этилган. Аммо Kun.uz'да нусхаси мавжуд хатда ёзилишича, Тошкент вилояти Тошкент шаҳар Халқ таълими бўлими мудири ФҲДЁ бўлимига расмий мурожаат билан чиққан. Хатда болаларнинг ота-онаси, фарзандларнинг шахсий маълумотлари келтирилиб, болаларга туғилганлик гувоҳномасини олишда кўмак сўралганди. 

Бугун, 14 февраль куни эса Зокир Мамарафиқов Kun.uz таҳририяти билан боғланиб, 4 нафар фарзандининг туғилганлиги қайд этилгани ҳақидаги янгиликни билдирди.

«Ва ниҳоят фарзандларим туғилганлиги расман қайд этилди. Тўнғичим, 2009 йилда туғилган фарзандим мактабга боради, энг кичиги эса 2017 йил дунёга келган. Онасининг фуқаролик паспорти, шунинг ортидан мен билан бўлган никоҳ расмийлаштирилмагани учун болалар туғилганлик гувоҳномасидан мосуво эди», – дейди ота. 

Мамарафиқовнинг айтишича, Тошкент туман прокуратураси ходимларининг фаол аралашуви билан болаларнинг туғилганлиги қайд этилди. 

«Раҳбар ва мутасаддилардан нолимайман, мана – прокуратура ёрдам берди», – дея тўртта гувоҳномани кўрсатди у. 

Отанинг хурсандчилигига барчамиз шерикмиз. Ўйлаймизки, барча ташкилот ва идоралар ўз фаолиятида пайдо бўлаётган турли масалалар юзасидан айни прокуратура ходимлари танлаган йўлдан кетади: оммавий ахборот воситалари танқидни ижобий ўзгаришлар учун эълон қилади ва бундан тўғри хулоса қилиш зарур.

Мавзуга оид