Ўзбекистон | 21:08 / 16.02.2019
19217
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимияти ОТМларни кўчириш таклифидан бехабар бўлган

Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент давлат техника университетининг шаҳардан ташқарига кўчирилиши ҳақида шаҳар ҳокимиятининг хабари йўқ. Бу ҳақда 16 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, пресс-анжуманда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «отахон» олий таълим муассасаларининг четга чиқарилиши ҳақидаги таклифни ОАВдан билганини айтган.

«Бундай масала кўтарилаётганлиги ҳақида ўзимиз ҳам оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотлар орқали хабар топдик. Бу ҳақида ҳокимият аппаратида ҳеч қандай гап бўлгани йўқ», – деди Ортиқхўжаев.

15 февраль куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари​ Турсун Аҳмедов Ўзбекистондаги икки йирик олий таълим муассасаси – Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети бино ва жойлашувини шаҳардан ташқарига чиқаришни таклиф этганди. У таклифини асослаб қуйидаги фикрни билдирган:

«Биз олий таълим муассасалари ва илмий-текшириш институтлари йирик шаҳарларда қандай жойлаштирилганини жаҳон тажрибаси мисолида чуқур ўргандик. Ўрганишлардан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, йирик институт ва таълим муассасалари шаҳар ташқарисида ё атрофида жойлашади. Бу (ўзгариш назарда тутилмоқда - таҳр.) эртага бўлади, дегани эмас. Балки, 5 йил ё маълум вақтдан кейин бўлар, негаки, йирик мегаполисларнинг ўзига хос қонунияти бор. Унда кўпроқ бизнес марказ, хизмат ва савдо марказлари жойлашади, бошқа объектлар шаҳар атрофи ё ташқарисида бўлиши назарда тутилади», – дейди у.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда биринчи ва етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни пайтда назарий билимларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш учун ЎзМУнинг 3 та дала-амалиёт майдони, 32 та ўқув-илмий лабораторияси, 3 та ўқув-илмий-тажриба маркази, 1 та ОТМлараро илмий лабораторияси ва 2 та ноёб объектнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети эса 1920 йил ташкил этилган муассасаса ҳисобланади. Унда жами 334та ўқув аудиторияси, 117та лаборатория ва спорт иншоотлари мавжуд.

Мавзуга оид