Ўзбекистон | 17:48 / 21.02.2019
3996
2 дақиқада ўқилади

Экотизимда депозит хизмати йўлга қўйилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлашни самарали йўлга қўйиш мақсадида депозит хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига таяниб Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Қўмита тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда асосий чиқинди ажратадиган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарувчилари кичик ва кўп сонли корхоналар бўлгани учун депозит хизмати маҳсулот таннархининг ортиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Хорижда депозит хизмати йирик корхоналар томонидан тақдим этилади. Ҳозирда мазкур хизматни амалиётга татбиқ этиш бўйича Австрия тажрибаси ўрганилмоқда. 

Таъкидланишича, маҳсулот чиқиндисини йиғиб олишнинг оптимал, камхарж йўллари ишлаб чиқилгач, бизда ҳам депозит хизмати йўлга қўйилиши мумкин. 

Ўтган йили ноябрь ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 10 йилга мўлжалланган​ «Маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш» стратегияси доирасида мамлакатда депозит тизими йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берилган эди. 

«Маиший чиқинди масаласини ҳал қилиш учкн дастлаб унинг ҳосил бўлишини камайтириш керак. Бунга кўра, 40 микронгача бўлган полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланди. Чунки улар утилизация учун яроқсиз. Шунингдек, кейинги йили депозит тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотининг чиқиндисини қабул қилиб олади ва утилизациясини таъминлайди», — деган эди қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ойбек Аҳаджонов. 

Маълумот учун, экологияда депозит хизмати маҳсулот чиқиндисининг уни ишлаб чиқарувчи субъект томонидан йиғиб олиниши ва утилизация (қайта ишлаш) қилинишини англатади. Бу чиқиндини иккиламчи ишлаш орқали хомашёни тежаш ва чиқиндидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Мавзуга оид