Жамият | 19:00 / 21.02.2019
64512
5 дақиқада ўқилади

«Ҳушёрхона»дан ҳушёр бўлинг: Навоийдаги тинчи бузилаётган бир маҳалла ҳақида

Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги, осойишталиги маҳалладан бошланади. Айниқса, маҳаллаларда аҳоли тинчлигини сақлаш, уларнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш доимо устувор вазифалардан ҳисобланади. Қачонки, маҳаллада хавфсизлик, соғлом турмуш тарзи таъминланса, аҳолиси ҳам хотиржам яшайди. Аксинча, маҳалла аҳолисини қандайдир ҳадик қийнаса, улар доимий хавотирда, фарзандлари хавфсизлигидан қайғуриб яшаса-чи?

Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаган Навоий шаҳридаги «Бинокор» маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан буён ана шундай ҳадикда яшаётганини маълум қилган.

Маълум бўлишича, маҳалладаги аҳоли хонадонлари орасида Навоий вилояти наркология диспансерига қарашли «Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси» ва «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» жойлашган.

Мазкур масканларга ҳайдовчилар спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш учун, маст фуқаролар эса уларга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун олиб келинади.

«Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктига олиб келинган фуқаролар бир неча соат ўтиб шу ердан қўйиб юборилади. Айримлари маҳалла ҳудудининг ҳар жойида ётиб олишади. Бундайларнинг маҳалла ҳудудидан қачон ва қандай ҳолатда чиқиб кетиши аниқ эмас. Ахир, бу пункт уйимиз қаршисида жойлашган. Маҳалла аҳолиси фарзандлари хавфсизлигидан доим хавотирда яшайди. Қолаверса, фарзандларимиз кўча-кўйда юрганда бундай шахсларни турли ҳолатларда кўради. Бу фарзандларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Улар ҳам доим қўрқувда юради. Маҳалла аҳолиси фарзандлари кўчага чиқаришга қўрқади. Бу муаммо бизни бир неча йиллардан буён қийнаб келади. Аввал ҳам ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Аммо масала ижобий ечим топмаяпти», – дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Назира Раҳимова.

Маҳалла аҳолиси бизга ушбу ҳолат акс этган суратларни ҳам тақдим этди. Суратда мазкур масканлар атрофида ва маҳалла ҳудудида маст ҳолдаги шахсларнинг ётиб олганини кўриш мумкин.

Ушбу масала юзасидан «Бинокор» маҳалласи раиси Жобир Мирзаев ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.

«Бу ерга ички ишлар ходимлари томонидан маст ҳолатдаги шахслар олиб келинади. Шу ернинг ўзида турли низолар келиб чиқади. Айниқса, тунда. Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктидан қўйиб юборилган шахслар бир-бирлари билан ўзаро жанжаллашади. Бақир-чақирдан маҳалла аҳолисига тинчлик йўқ. Бу масканларни маҳалла ҳудудидан кўчириш борасида ҳокимият вакилларига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо бирор фойдаси бўлгани йўқ», – дейди маҳалла раиси.

Мазкур ҳолат юзасидан «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» бошлиғи Валижон Давроновдан изоҳ сўрадик.

«Бизнинг пунктга олиб келинган маст ҳолатдаги шахсларни ҳолатига қараб 3 соатдан 12 соатгача ушлаб турамиз, зарур тиббий ёрдамларни кўрсатиб, кейин қўйиб юборамиз. Маҳалла аҳолисининг эътирозларидан хабарим бор. Бу пункт маҳалла ҳудудига 2010 йилда вилоят ҳокимининг қарори билан жойлашган», – дейди мутасадди.

Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам ушбу пункт Навоий вилояти ҳокимининг 2010 йил 12 октябрдаги 228-Қ-сонли қарори асосида «Бинокор» маҳалласи ҳудудига жойлаштирилган. Кейинчалик эса унинг ёнидан «Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси» учун ҳам жой ажратилган.

Маҳалла аҳолисининг эътирозлари юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари билан ҳам суҳбатлашдик. Мутасадди бу масала Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан ҳал этилиши лозимлигини билдирди.

Ўрганиш давомида ушбу масала юзасидан Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Навоий вилояти наркология диспансери бошлиғи билан телефон орқали боғланганимизда, мутасадди биз билан учрашолмаслигини айтиб, саволларимиз бўлса «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» бошлиғига мурожаат қилишимиз кераклигини билдирди. Пункт бошлиғининг фикрларини эса юқорида келтириб ўтилди. Маҳалла аҳолиси осойишталигини таъминлашга масъул бўлган профилактика инспектори билан ҳам учрашишнинг имкони бўлмади.

Маҳалла аҳолиси ушбу муаммо туфайли доимий хавотирда яшамоқда.

Тегишли вазирлик ва мутасадди ташкилотлар, қолаверса, ҳокимликлар ушбу масаланинг ижобий ечимига жиддий эътибор қаратишига ишонч билдирамиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид