Жамият | 20:34 / 21.02.2019
32123
6 дақиқада ўқилади

Ўз юртида мусофирлар. Фуқаролик орзусидаги мўйсафиддан икки оғиз сўз

Ўзга юртда сарсон мусофир юртдошларимиз ҳақида кўп эшитамиз. Уларнинг дардини юракдан ҳис этамиз. Аммо, биз билан шу юртда бирга яшаб келаётган ватандошларимиз ҳам борки, улар инсонийлик жиҳатидан олганда шу юрт фарзанди, аммо қонуний жиҳатидан сал бошқачароқ. Яъни, улар фуқаролиги бўлмаган шахслар. Бундай инсонлар ислоҳотлар натижасида бирма-бир Ўзбекистон паспортига эга бўлишмоқда. Биз бундай мақомдаги ватандошларнинг «кўп»ини кўрдик, бироқ бизга йўлланган бир мурожаат эътиборимизни тортди.

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаролиги йўқ Маҳмуджон Юсупов йўллаган мурожаати асосида унинг хонадони томон йўл олдик. 78 ёшни қоралаган бу мўйсафид билан бир пиёла чой устида суҳбат қурдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Ўзим шу ерда 1942 йилда туғилганман. Авваллари Норин совхози деб аталадиган жой бўлар эди. 1963 йилгача ўша жойларда яшадим. Ўзимизнинг ҳовли ва боғларимиз бор эди. Қишлоқ хўжалиги механизацияси бўйича ўқиганим учун пахта заводига ишга кирганман. Маълум вақт мастер бўлиб ишлаб юрдим. 1963 йили Қирғизистонга жўнатишди. У ерда сиртқи ўқишга кирдим. Ўша ерда ишлаб юрдим, кейин уйландим. Яхши обрў-эътибор топдик, ҳеч кимга ёмонлик қилмадик. 6 нафар фарзандли бўлдим. Аёлим ўқитувчи бўлиб ишларди. 1989 йилда аёлим билан ватанга қайтиш масаласида тортишиб қолдик. Бу ерга ўзим қайтиб келдим. Уларнинг ҳолидан хабар олиб турдим. Бу ерда ҳужжатлаштириш ишларини қиламиз десак, «сиз бошқа жойда бўлгансиз, шу сабабли жиноят қилганмисиз йўқми текширишимиз керак», деб паспортимни паспорт столда олиб қолишган. Бирор жойда ишлашга ҳаққим йўқлиги учун ғишт қуйиб, кун ўтказдим. 1992 йил 2 июлда бир буйруқ чиққан экан. Буйруққа кўра, 27 июлгача ҳужжатлаштириш қилинсин дейилган экан. Лекин мени ҳеч ким огоҳлантирмади. Кейинги 3 йил ичида беҳуда уриндим. Кейин қўлимга ҳужжат бериб «қаёққа кетсангиз кетаверинг» дейишди. Мен қаёққа бораман, ахир бу ер ватаним-ку? Қўлимга шу ҳужжатни беришди (фуқаролиги йўқ шахс маълумотномаси). Бу ҳужжат билан ҳеч қаёққа боролмайман, сайлаб-сайланолмайман. Лекин, меҳнат қилганим ҳақида меҳнат дафтарчаларим бор. 1999 йил пенсияга чиқдим. Ўртада 2000 йили бу ҳужжатни янгилаб беришди», дейди кекса мурожаатчи.

Мўйсафиддан фуқаролиги бор шахс билан унинг ҳуқуқларида қандай фарқ борлиги ҳақида сўрадик.

«Мен ташқарига чиқмоқчи бўлсам, 400 АҚШ долларига тенг тўлов тўлайман. Қирғизистондаги фарзандларимни кўриб келишга ҳаққим борми ёки йўқ? Бу ердаги фарзандларим Ўзбекистон фуқаролари. Бир марта мени ҳамқишлоқларим маҳаллага раис қилишмоқчи бўлди. Лекин ҳужжатдаги камчилик, яъни фуқаролигим йўқлиги важи билан сайловга қўйилмадим. Шунча вақт, бу ер учун меҳнат қиласан. Сени ҳамма маъқул кўрса-ю, шундай сабаблар халақит қилса. Менга мансаби ҳам керак эмас. Шунчаки, ўзимнинг юртимда фуқаро бўлишни хоҳлайман, ахир бунга ҳаққим бор-ку? Қаёққа бормай бир хил гап. Нима қил деса, қиляпмиз. Бу диёрда 45 йил ишлаган бўлсак. Шунча одам олди-ку, бирор гуноҳимиз бўлса айтсин. Фақат сабр қилишимни сўрашади. Менинг ҳуқуқим йўқ бўлса айтишсин. Бобом ҳам, отам ҳам қаҳрамон бўлишган. Неча марта телевидениедан келишди, ўтган йили апрель ойида съёмка қилиб кетишган. Шу бўйи жим бўлиб кетишди. Ана беради, мана беради дейишади. Хабар олгани борсангиз, тескари қараб кетишади.

Бу ерда боғим бор. Меҳнат қилиб фарзандларни ўқитдик. Нолимаймиз. Худога шукр қиламан. Ҳамма нарсам етарли. Машина, уй-жой. Лекин одамга алам қилар экан-да, болам», дейди мўйсафид кўзда ёш билан.

Маҳмуджон бобо ҳақида маҳалладошларидан фикр олиш мақсадида «Янгиҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Баҳромов билан учрашдик.

«Маҳмуджон ака маҳалламизда шунча йил яшаб, яхши ном орттирган. Шу ердан уйланганлар, бола-чақали бўлган. Бир неча бор паспорт бўлимларига мурожаат қилган. Биз керакли ҳамма ҳужжатларни қилиб берганмиз. У киши маҳалладаги жамоат ишларида, тўй ва маъракаларда, тадбирларда доим лаббай деб қатнашади. Шунча вақтдан бери бир маҳалла бўлиб яшаб келяпмиз. Раис бўлганимга 15 йил бўлган бўлса, ёмонлигини кўрмадим. Ҳашарларда ҳам доим ёшларга бош бўлиб туради. Нега паспорт беришмаяпти, буниси бизга ҳам қоронғи», дейди маҳалла раиси.

Наманган вилояти миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ҳам бир кириб ўтдик. Бошқарма раҳбари, подполковник Қорабаев билан учрашдик. Лекин Ички ишлар тизимидаги шаффофликка бўлган ишонч ўрнига яна ёпиқликка дуч келдик.

Мўйсафид ҳамюртимизнинг ҳолати жуда таъсирли. Унинг сўзлари таъна сўзлари эмас, бу сўзлар чорасизлик ва адолатсизликдан норози бўлаётган киши тилидан чиқаётган сўзлар эди. Юртга шунча йил меҳнати сингган инсон бу ватандан ҳам озгина эътибор илинжида мурожаат қилса-ю, жавоб ололмаса...

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид