Жамият | 12:20 / 22.02.2019
112236
8 дақиқада ўқилади

Сунъий тухум қаердан пайдо бўляпти?

Ижтимоий тармоқларда Хитойдан кириб келаётгани тахмин қилинаётган сунъий тухум билан  боғлиқ лавҳалар жуда тез тарқаляпти. Чиндан ҳам бундай тухум борми, табиийсидан қандай фарқланади? Бу маҳсулотни ким ишлаб чиқармоқда?

Сунъий тухум билан боғлиқ илк хабарлар бундан 10 йиллар аввал тарқала бошлаган. Ҳали интернет у қадар оммалашмаган ўша пайтларда газеталарда Хитойда сунъий тухум ишлаб чиқарилувчи кичик фабрикалар пайдо бўлгани ва ўз маҳсулотларини сотишга киришгани тўғрисида маълумотлар чоп этилганди. Бу маълумотлар дастлаб Россия нашрларида пайдо бўлган бўлиб, у пайтларда ҳали бундай маҳсулотларнинг Ўзбекистонга кириб келгани тўғрисида бирор гап йўқ эди.

Марказий телеканалларда, етакчи газеталарда айнан шу мавзуда сўз юритилган, сунъий тухум кўрсатилмагани ҳолда бундай маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин ёки мумкин эмаслиги муҳокама қилинганди. Соҳанинг қатор экспертлари, паррандачилар, олимлардан иборат иштирокчилар охир-оқибат якдил хулосага келишди: сунъий тухум яратиш, маҳсулот сифатида ишлаб чиқариш мумкин эмас!

Улар ўз фикрларини қуйидаги асосий далиллар билан мустаҳкамлашди:

1. Тухум оддийгина маҳсулот бўлгани билан жиддий тузилмага эга. Айниқса унинг ядросида тирик жон ривожланиши кўп босқичли ва жуда мураккаб жараёндир;

2. Табиий тухумнинг баҳоси шу даражада арзонки, уни сунъийлаштириш ҳеч бир жиҳатдан ўзини оқламайди (экспертлардан бири истеҳзо тариқасида шундай деганди: «борди-ю кимдир эринмай бирорта сунъий тухум яратган тақдирда ҳам у тухумнинг баҳоси «Фаберже» тухуминикидан қиммат бўлади);

3. Тухумнинг мазасини босувчи маҳсулот яратишга уриниш бефойда.

Шу билан бу мавзу унутилгандек бўлди – сунъий тухум масаласи тинчиб кетди. Бу орада тараққиёт ўз жойида турмади, айниқса инсониятнинг доимий эҳтиёжи бўлган талабгир маҳсулотларни сунъийлаштириш бўйича ҳам анча қадамлар ташланди. Бу борада яққол етакчиликни Хитой эгаллаб олди. Гарчи бу давлат бундай тажрибалар ўтказувчи, ишлаб чиқарувчиларни очиқдан-очиқ ҳимоя қилмаса-да, фаолиятига ҳам жиддий тўсқинлик яратмасди. Бу ҳам экспорт, иш ўринлари, даромад дегандай...

Интернет ҳам ривожланиб кетди. Дунёнинг қайсидир бурчагидаги қизиқ бир жараён зум ўтмай бошқа давлатларни ҳам айланиб чиқа бошлади. Айнан интернет ёрдамида уддабурон хитойликлар (кейинчалик Вьетнам, Камбоджа каби давлатлар вакиллари ҳам) аввалига сунъий гуруч, кейин сунъий сабзавотлар ишлаб чиқараётганига гувоҳ бўлдик. Сабзавотлари етиб келмаган бўлса-да, сунъий гуруч ҳатто Ўзбекистонга ҳам кириб келди.

Яна тухумга қайтамиз. Интернетда сунъий тухум тайёрлаш жараёни, ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари батафсил кўрсатилган видеолавҳалар пайдо бўлди. Бир қарашда арзон туйилган маҳсулот ўта катта ҳажмда ишлаб чиқарилса ва унинг сақланиш муддати оширилса, бу бизнес ҳам ўзини оқлаши ва катта фойда келтириши ойдинлашди.

Аввалига сунъий тухумлар Қирғизистонга ва Қозоғистонга кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Чегара мустаҳкамлиги, божхона назорати қаттиқлиги, қолаверса Ўзбекистоннинг ўзи табиий тухумни (қаранг, тухумни шунчаки тухум демай сунъий, табиийга ажратишга мажбур бўлдик) катта ҳажмда экспорт қилиши, нисбатан арзон нархлар туфайли бизга сунъий тухум кириб келиши қийиндек эди.

Аммо охирги тарқалган видеолавҳа бу ишончни йўққа чиқарди. Роликда пўсти арчилган икки тухум тасвирга олинган. Пичоқ билан уларни кесиб кўрсатаётган киши тухум сариғининг ўша таърифланганидек резинасимонлиги, дум-думалоқлиги, эзилганда ҳам парчаланмаслиги ва ерга урганда сакраб кетишини кўрсатиб беради. Шунингдек, у бу тухумларни пойтахтдаги «Ўрикзор» бозоридан сотиб олинганини айтади ва эҳтиёт бўлишга чорлайди.

«Ўрикзор» савдо мажмуаси республикадаги озиқ-овқатлар сотилувчи энг йирик улгуржи бозор ҳисобланади ва у ерда алоҳида тухум расталари ҳам бор. Аммо улар орасида айнан сунъий тухум бор-йўқлиги, бўлса ҳам қандай нархда сотилгани маълум эмас. Балки охирги хабарлардан кейин сотувчилар бундай маҳсулотларни сотувдан олишгандир.

Шу ўриндан ҳақли савол туғилади: сунъий ва табиий тухумни қандай қилиб ажратиш мумкин? Биз энг оддий фарқларни санаб ўтамиз:

1. Табиий тухум пўстлоғи ғадир-будир, сунъийники силлиқ;

2. Табиий тухумнинг иккита бир хилини учратиш қийин, сунъий тухум эса битта фабрикадан чиққани учун ҳаммаси бир хил;

3. Сунъий тухумнинг сариғи резинасимон, ерга урилса сакрайди, кесилганда ҳам ички массаси бир хил рангда. Табиий тухум сариғи озгина сиқилганда парчаланиб кетади, сақланганда яшил тусга киради, кесилганда ялтираб турмайди;

4. Чақилганда табиий тухумнинг оқи ва сариғи ажралиб туради, сунъийсиники тезда аралашиб кетади ва бир хил рангга кириб қолади;

5. Тухумнинг бир четида бўшлиқ бўлади. Табиий тухумда бу бўшлиқ одатда ҳар-хил жойларга жойлашади. Сунъий тухумда ҳаммаси бир жойда.

Муҳим эслатма: сунъий тухум ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз фаолиятларини такомиллаштириб бормоқда ва борган сари бу фарқларни йўққа чиқаришмоқда.

Сунъий тухумнинг организмга бевосита салбий таъсири ҳақида йирик тадқиқотлар ўтказилмаган, маълумотлар ошкор қилинмаган. Лекин айрим зарарли жиҳатлари мавжуд албатта – ҳажми ва товуқ парваришига кўра табиий тухумнинг энергетик қуввати бор (100 грамми тақрибан 155 ккал), сунъий тухумда эса бундай қиймат йўқ. Инсон ошқозони очлик ҳиссини йўқотса ҳам, сунъий тухум истеъмолидан сўнг бирор фойда олмайди, аксинча, ошқозон-ичак трактида бузилишлар кузатилиш эҳтимоли катта. Энг муҳими, тўла-тўкис кимёвий бирикмалардан таркиб топгани учун оғир асоратлар келтириб чиқариши мумкин.

Сунъий тухумнинг таркиби – пўстлоғи кальций карбонат, парафин ва гипсдан иборат. Оқи ва сариғи калий альгинат, желатин, кальций хлорид ва турли бўёқлардан иборат.

Маълумот учун: Хитойда сунъий тухум ишлаб чиқариш шунчалик катта ҳажмда амалга оширилмоқдаки, бугунги кунга келиб унинг таннархи табиий тухумнинг 23-25 фоизига тенг бўлиб қолди ва тушишда давом этмоқда. «Нью лайт оф Мьянма» нашри маълумотларига кўра, Хитойда сотилувчи аксарият тухумлар айнан сунъий тухумлардир ва уларни очиқдан-очиқ кўрсатиб, икки хил нархда сотиш урфга кириб бўлган.

Абдували Хурбоев, «Тошкент парранда» МЧЖ ҳисобчиси:

– Сунъий тухум ҳақида эшитдим, аммо ўзим кўрганим йўқ. Менимча бу маҳсулотни Ўзбекистонга олиб киришдан фойда йўқ, сабаби паррандачилик соҳаси бизда етарлича ривожланган, ўз маҳсулотимиз билан халқимизни таъминлай оламиз. Ички бозорга чиқаришдан ташқари қўшни давлатларга, жумладан Афғонистонга ҳам тухум экспорт қиламиз. Сунъий тухумнинг кириб келиши маҳсулотимиз нархига ҳозирча таъсир қилмади. Балки кириб келганда ҳам маълум муддат арзонлигига қизиқиб харид қилиб кўришар, лекин ўйлайманки бу алдовнинг умри қисқа бўлади. Харидор барибир табиий маҳсулотни харид қилишига ишонаман.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид