Ўзбекистон | 14:40 / 23.02.2019
6516
6 дақиқада ўқилади

Senior&Junior: университетда талабалар бир-бирига ёрдам беради

Фото: Flickr

Талабалик бахтига эришган ўспириннинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас: сессия жараёни ҳақида турли узунқулоқ гаплар, нотаниш муҳит, ўқитувчилар билан муносабат, ҳар бир фандан охири кўринмайдиган адабиётлар рўйхати... Устига-устак, олий ўқув юртларида таълимнинг муайян қисми мустақил ўзлаштиришга ажратилган бўлади. Чекланган муддатда катта билимлар базасини ўзлаштириш керак. Тошкент давлат юридик университетида шу каби масалаларда дастак бўладиган янги лойиҳа ишга тушиш арафасида. 

Университетда таълим олаётган талабалар орасида ўз-ўзини бошқариш тизимини самарали ташкил этиш ҳамда мустақил таълим жараёнини ривожлантириш мақсадида Senior&Junior дастури йўлга қўйилмоқда. У талабалар ўртасида бир-бирини ўқитиш ва ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.

«АҚШ ва Япония таълим тизими билан танишганимда, талабаларнинг ўқиш билан боғлиқ масалаларда бир-бирига ёрдамлашишига асосланувчи дастурдан бохабар бўлдим. Яъни яхши билимга эга юқори курс талабалари ўқишга янги кирганларга фанларни ўзлаштириш, университет ҳаётига кўникиб, самарали менежмент борасида йўл-йўриқ кўрсатади. Буни ўзимизда ҳам йўлга қўйиш бўйича таклиф берганимда университет маъмурияти қўллаб-қувватлади», – дейди ғоя муаллифи, ТДЮУ фуқаролик ҳуқуқи факультети талабаси Абдурашид Ҳакимов.

Лойиҳа сеньёр (инглизчадан «катта») ва жуниор (инглизчадан «кичик») муносабатларига асосланади. Сеньёр муайян фанлар бўйича яхши кўрсаткичларга эга бўлган, жуниор эса таълим жараёнида қандайдир муаммоларга дуч келаётган талаба. Уларнинг бири иккинчисига қийинчилик туғдираётган масалаларда ёрдам кўрсатади.

«Мисол учун, университет талабаларининг 20 фоизи аъло баҳога ўқиса, 30 фоизи яхши баҳога ўзлаштиради. Қолган  50 фоизи эса яхшидан қуйироқ, қониқарли даражада билимларни эгаллайди. Бизнинг бош мақсадимиз – мана шу 50 фоизни яхши даражага, яхши даражадагиларни эса аълога кўтариш. Ўзлаштириши аъло бўлган 20 фоиз талаба учун эса бу ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашнинг қулай усулидир», – дейди Абдурашид Ҳакимов.

Унинг баён этишича, лойиҳа беш асосий функцияни ўз ичига олади. 

Биринчидан, лойиҳа талабаларни бир оиладек бирлаштиради. Университетга энди келган биринчи курс талабаси оддий масалаларда қийналиб қолиши мумкин: бинолар, кафедралар қаерда жойлашган, ўқитувчиларни қандай топиш мумкин, сессияда қандай тайёргарлик кўрган маъқул... Шу каби масалаларда юқори курс талабалари ёрдам берса, аниқ мақсад ─ самарали таълим олишга эришиш осон кечади.

Иккинчи функция – талабаларни рағбатлантиришни кўзда тутади. Мисол учун, биргаликда ишлаган сеньёр ва жуниорнинг ўзлаштириш кўрсаткичи аввалги семестрга қараганда бошқаларникидан юқори бўлса, улар тақдирланади. Бу ўсиш борлигидан далолат беради. 

Илмий-ижодий изланишга иқтидори бўлган ёшларнинг ўз материалларини турли нашрларда чоп этиш, спортга қизиқувчиларни мусобақаларга жалб этиш ҳам лойиҳа функциялардан бири ҳисобланади.

Тўртинчидан, талабалар туризмини йўлга қўйиш мақсад қилинган. Биргаликда ишлаган, изланган талабалар орасида алоқалар мустаҳкамланади, бир-бириникига борди-келди муносабатлари яхшиланади.

Бешинчи функция энг аҳамиятли ҳисобланади, яъни бўлажак мансабдор кадрлар учун бошланғич мактаб вазифаси. Сеньёр талаба ўзи танимаса-да, жуниорга ёрдам беради, унинг муаммоларини тинглаб, ҳал этишга кўмаклашади. Бу унинг кейинчалик халқ дардини эшита оладиган, жамият манфаатини ўйлайдиган кадр бўлиб етиша олишида замин бўлади.

«Мазкур ўқув тизимида иштирок этиш ҳеч қандай оворагарчиликни талаб этмайди. Онлайн тарзда электрон сўровномани тўлдиришнинг ўзи кифоя. Агар талаба жуниор сифатида иштирок этмоқчи бўлса, сўровномада келтирилган фанлар рўйхатидан яхши ўзлаштира олмаганларини белгилайди. Сеньёр бўлиш истагидагилар эса қайси фан бўйича яхши кўрсаткичларга эгалигини белгилаши керак бўлади», – дейди суҳбатдош.

Маълум қилинишича, талаба бир вақтнинг ўзида ҳам сеньёр, ҳам жуниор бўлиши мумкин. Ўзлаштиришда қийналган фанлари бўйича бошқалардан ёрдам олиш баробарида яхши билимга эга бўлган йўналишида кичик курс талабаларига йўл-йўриқ кўрсатади.

«10 нафар билимли, фаол талабадан Сеньёрлар кенгаши тузилади. Улар ўзи ҳам жуниорларга ёрдам бериш баробарида, сеньёр-жуниор муносабатларини назорат қилиб боради. Яъни даъвогарларнинг қай даражада сеньёрликка лойиқлигини аниқлайди, унга жуниорларни бириктириб беради. Агар ўрганувчи, яъни жуниор ўз ўргатувчисидан қониқмаса, кенгашга мурожаат қилиши мумкин», – деб қўшимча қилади лойиҳа муаллифи. 

Лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, унда университет маъмуриятининг иштироки йўқ. Ҳамма нарса талабаларнинг ўз бошқаруви тамойилига асосланган. Фақатгина олиб борилган ишлар, ўзлаштиришдаги ўзгаришлар, ўсиш даражаси статистикаси ректоратга тақдим этилади.

Муаллифнинг сўзларига кўра, лойиҳа пилот сифатида ТДЮУда ижобий натижа кўрсата бошлагач, бошқа олий таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш режалаштирилган. 

«Чунки ўқитувчилар 80 дақиқа ичида барча талабаларни бирдек қамраб ололмаслиги мумкин. Тенгқурларнинг бир-бирига ёрдам бериши эса ҳар икки томоннинг сифатли билим олишига хизмат қилади», – дея қўшимча қилди у.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид