Ҳиндистонда спиртли ичимликдан заҳарланиш қурбонлари сони 140 нафарга етди
Ҳиндистоннинг Ассам штатида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш қурбонлари сони 140 нафарга етди. Яна 300 киши шифохоналарда қолмоқда, улардан баъзиларининг аҳволи оғир. Бу ҳақда штатнинг соғлиқни сақлаш вазири Химанта Бисва Шарма маълум қилди.
“Қурбонлар ва жабрланувчилар сони ҳар дақиқа ортмоқда”, деб айтган вазир. Унинг таъкидлашича, ўтган кун ичида 50 га яқин одам ҳаётдан кўз юмган. Аввалроқ 114 киши вафот этгани маълум қилинганди.
Заҳарланиш штатнинг икки округи – Голахат ва Жорхатда юз берган. Қурбонлар ҳақидаги хабар 21 февралдан келиб туша бошлаган. Қурбонларнинг аксарияти дунёда энг машҳур чой турлари етиштирилувчи Ассамдаги чой плантациялари ишчилари бўлган.
Мутасадди идораларининг тахмин қилишича, жабрланувчилар тозаланмаган пальма шакарига таркибида метанол ва бошқа зарарли кимёвий қўшимчалар бўлган спирт қўшиб тайёрланган қўлбола алкогол истеъмол қилган.
Ҳиндистонда қалбаки алкоголдан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез содир бўлиб туради. Аҳолининг ночор қатламлари давлат дўконларида лицензион алкоголни сотиб олишга имкони етмайди. Мамлакатда арзон қўлбола спиртли ичимликлар қора бозори фаолият юритиб, бу спиртли ичимликларни тайёрлашда хонаки тарзда ишлаб чиқарилган арзон спирт қўлланади ва таъмни кучайтириш учун турли кимёвий моддалар қўшилади.
Мавзуга оид
16:43
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
19:27 / 13.11.2024