Жаҳон | 15:04 / 27.02.2019
33512
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон фуқароси 34 йилдан бери Самарқанд нонини сақлаб келмоқда

Фото: Asia-Plus

Тожикистоннинг Хатлон вилоятилик ўқитувчи Умарали Зулфов 1985 йилда иш юзасидан қадимий Самарқанд шаҳрига ташриф буюради. Умарали ака сафардан гўзал таассуротлар ҳамда каттакон нон олиб келади.

Мана 34 йилдирки бу нон Умарали Зулфовнинг хонадонида бус-бутун ва сифати бузилмаган ҳолда сақланмоқда. У бу нонни Тожикистон бошдан кечирган оғир йилларда, фуқаролик уруши давридаги очарчилик пайтида ҳам емаган, деб ёзади "Азия Плюс".

– Мен бу нонни биродар халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида эҳтиётлаб сақлаб келдим. Оғир кунларни бошдан кечирдик, 5 нафар фарзандларим очликдан нон сўраган пайтлари бўлди, лекин ҳеч ким бу нонни синдириб ейишни ўйлагани йўқ. Ҳар сафар бу нонни кўрганимда Самарқандда ўтказган ажойиб кунларимни ёдга оламан. Нонни ўз ҳолича сақлаш учун вақти-вақти билан кунгабоқар ёғи суриб, қуёшга тоблаб оламиз. Кўпчилик бу нон 35 йил давомида сақланганига ишонмайди – дейди Умарали ака.

Самарқанд нонлари ўзининг беқиёс мазаси, сифати билан азалдан машҳур. Улар йиллаб сақланганда ҳам тошдек қотиб қолиши мумкин, аммо моғорламайди. Сувда бир ивитиб, кейин иситган ҳолда истеъмол қилавериш мумкин.

Ёдингизда бўлса, Kun.uz сайтида ҳам бу маҳсулот ҳақида “Самарқанднинг машҳур нонлари — уни тайёрлашнинг сири нимада?” номли мақола эълон қилинган эди.

 

Мавзуга оид