Тожикистонда танасидан 10 та игна топилган чақалоқнинг онаси 8 йилга қамалди
Тожикистонда 27 ёшли Муҳайё Ёқубова ўз фарзандининг соғлиғига жиддий зарар етказганлиги учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 26 феврал куни Рудакий туман судида чиқарилди.
Рудакий туманидаги Сарикишти қишлоғида яшовчи Муҳайё Ёқубова ўғлининг танасига 10 та металл игнани атайин тиққан, бунинг натижасида бола жиддий зарар кўрди, дея хабар беришган «АП» суддан. Аммо, улар онани бундай шафқатсиз хатти-ҳаракатни амалга оширишга нима ундагани бўйича маълумот бермаган.
«Тожикистон Жиноят кодексининг 110-моддаси (Соғлиққа қасддан оғир шикаст етказиш) бўйича аёл айбдор деб топилди. Ҳукм кучга киргунга қадар у озодликда бўлади: аёл 10 кун ичида суд қарори бўйича шикоят билан чиқиши мумкин», - дея таъкидлаб ўтишган судда.
Шу билан бирга, Муҳайё Ёқубова ўзини айбдор деб ҳисобламаяпти. «Озодлик» радиоси билан суҳбатда у чақалоққа игналарни тиқмагани ва ҳеч қачон бундай қилмаслиги ҳақида айтган.
Аёл 2018 йил июль ойида ўз фарзанди соғлиғига жиддий зарар етказганликда гумонланиб қўлга олинган. Аввалига, у Россияда ишлаётган эрини қайтариш учун шу ишни қилганини айтди. Кейинчалик буни рад этди ва милиция ходимлари таҳдиди остида тан олганини билдирди.
Июнь ойи охирида 9 ойлик Мудассирнинг яқинлари танасида игна борлиги пайқаб қолишган ҳамда шифокорларга мурожаат қилишган. У Миллий тиббиёт марказига олиб кетилди, шифокорлар эса ИИВга ушбу ҳолат ҳақида хабар беришди.
Рентген орқали текширувда боланинг боши, бурнининг остки қисми, оёқлари, бўйни, кўкрак қафаси ва бошқа аъзоларида игналар борлиги аниқланган.
Айрим игналар тананинг ичига чуқурлаб кетгани оқибатида шифокорлар чақалоқни қайта операция қилишларига тўғри келган. Шифокорлар ўшанда бу игналар бола танасида камида уч ойдан бери мавжудлигини айтган эдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йил январь ойида 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Азизбек Абдумажидов баданида 16та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. У 17 январь куни операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 га яқин шифокорлар иштирок этди ва боланинг танасидан 13 та игна чиқариб олинди.
Азизбекнинг танасига игналар қандай кириб қолгани ҳануз сирлигича қолмоқда. Ўша пайтда ҳам унинг баданида игна санчилгани белгилари бўлмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Азизбек Абдумажидовнинг ички органларидан игналар топилгани ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмаганини инобатга олиб, 2018 йил 31 март куни жиноят иши бўйича ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024