Спорт | 17:20 / 06.03.2019
24442
10 дақиқада ўқилади

Европа энди «Реал»никимас. «Қирол»нинг «тахтдан қулаши» ҳақида

«Реал» Чемпионлар Лигасидаги иштирокини бу сафар 1/8 финалдаёқ якунлади. Ҳа, футбол тарихидаги энг машҳур клуб охирги йилларда «ўзиники қилиб олган» мусобақани 1/8 финалда якунлаши катта сенсация бўлди. «Аякс»да яхши авлод шакллангани, ҳар бир чизиқда ажойиб футболчилар жамлангани бор гап, лекин «Реал»нинг Чемпионлар Лигасида ҳар қандай жамоага ютқазишини сенсация дейиш мумкин. Ахир Мадрид оддий жамоа эмас, мусобақанинг охирги уч мавсумдаги ғолиби! Қуйида «Бланкос»нинг Европада ўрнатган «ҳукмронлиги» ва унинг қандай «қулагани» ҳақида мулоҳаза юритсак.

12 йил кутилган «десима»

Фото: Reuters

«Реал» 2001/02 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлгач, кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақасидаги совринлари сонини 9тага етказиб олганди. Турган гапки, «Галактикос» мухлислари кейинги мавсумдаёқ совринлар сони 10тага етишини ва «десима»ни (испанча «ўнинчи») тезроқ нишонлашни орзу қила бошлашди. Бироқ улар кейинги совринни 12 йил кутишга мажбур бўлдилар. Бу орада Перес мураббийликка кимларни олиб келмади дейсиз.

2013 йилда «Бланкос»ни унгача икки марта Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган Карло Анчелотти қабул қилиб олди. «Папа Карло» билан Мадрид ниҳоят ЕЧЛдаги 10-совринни қўлга киритди. Бутун дунёдаги шарҳловчилар Роналду «Атлетико»га қарши финалда 4-голни ургач, «Десима» деб ҳайқиришди. Айнан ўша ўйиндан «Реал»нинг Европадаги гегемонлиги бошланганди. Орада «Барселона»даги «уч мушкетёрлар» порлашини инобатга олмасак, албатта.

Ўзингдан чиққан балога...

Фото: Reuters

Узоқ кутилган совринни қўлга киритгач «қоннинг ҳидини сезган» «Реал» Чемпионлар Лигасининг 2014/15 йилги мавсумини ҳам фаворит сифатида бошлади. Бироқ, ярим финалда «Реал»ни ўз футболчиси тўхтатиб қолди. Ҳа, гап Альваро Мората ҳақида кетмоқда. «Реал» яримфиналда «Ювентус»га дуч келади. Туринда «Юве» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади ва голлардан бирига «Реал»дан ижара асосида «Ювентус»га ўтган Альваро Мората муаллифлик қилади. Мадридда ҳам «Реал» ўзи учун қулай 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганда Мората яна гол уриб, ўтган йил ўзи таркибида ЕЧЛ бош совринини боши узра кўтарган «Реал»ни ярим финалда қолдириб кетади. Бу ўйинларни бежизга эсламаяпмиз. Айнан 2014/15 йилги мавсумда «Реал» охирги марта Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлмаганди.

Зиданнинг ҳет-триги

Фото: © Getty Images

2016 йилнинг 4 январида «Реал» охирги 10 йилликдаги энг тўғри тайинловни амалга ошириб, Зинедин Зиданни бош мураббий сифатида эълон қилди. Рафаэль Бенитес тушунарсиз ҳолатга келтириб қўйган жамоани қабул қилиб олган Зидан мавсум охирида Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди. «Реал» Зидан даврида ниманинг эвазига Европа тахтини бунчалик мустаҳкам эгаллаганига жавоб топсак, «Аякс» нега бугун «Реал»ни мусобақадан чиқариб юборганини англаш ҳам осонроқ бўларди.

Зидан «Реал»да қилган энг асосий иши шуки, у барча билан яхши муомалада бўлди. Ундан кейин келган мураббийлар доим ким биландир чиқиша олмади ва бу натижаларга таъсир қилди. Масалан, Солари Иско ва Марселони захирага ўтқазиб қўйди. Бэйлдан ҳам фойдалана олмаяпти. Лопетеги умуман «Реал»да нима қилиб юрганини ўзи ҳам тушунмаган. Лекин Зидан биринчи навбатда «Реал» кийиниш хонасига салобат олиб кирганди. Ўз вақтида дунёнинг энг зўр ўйинчиси бўлган, жаҳон чемпиони, футболдан ҳам мардларча чиқиб кетган Зиданнинг обрўси унинг энг катта ютуғи эди.

Бироқ Зидан фақат футболчиликдаги номи билан натижа кўрсата олмасди. Зизу даврида «Реал»да ҳаммаси яхши эди дейиш тўғри эмас. У муаммоларни сезиб, вақтида кетди деганлар ҳам топилади. Зидан Ла Лигада «Барселона»дан 17 очко ортда қолиб ҳам Чемпионлар Лигасини ютиши мураббий мавжуд бўлган ресурслардан унумли фойдаланганидан далолат. Зидан ўзи учун энг муҳими нима эканини аниқ белгилаб олганди. Шу сабаб Роналдуга Ла Лига ўйинларида қўрқмай дам бераверди. Асосий мақсад қилиб Чемпионлар Лигасини танлади.

Албатта, бу гаплар Зиданнинг учинчи мавсуми ҳақида. У «Реал»даги илк мавсумида Чемпионлар Лигасини ютиш билан бирга «Барселона»га Ла Лига чемпионлик пойгасида яхшигина қаршилик кўрсатди (Якунда «Барселона» 91, «Реал» 90 очко тўплаганди). 2016/17 йилги мавсумда эса Зидан ҳам ЕЧЛда, ҳам Ла Лигада ғолиб бўлади. Ўтган мавсум аввалидан «Реал»да муаммолар кўзга ташлана бошлади. Кетма-кет дуранглар, «Бетис», «Жирона» каби жамоаларга қарши мағлубиятлар «Реал»да муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Жамоа чемпионатдаги икки класикода ҳам мағлуб бўлди. Ла Лигани учинчи ўринда, «Барселона»дан 17 очко кам тўплаган ҳолда якунлади. Буларнинг барчасини эса битта нарса ювиб кетди: «Реал» яна Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди. Худди Зидан «Ўлсак ўламиз, лекин Чемпионлар Лигасини ютамиз» дегандек. Ундан кейинги мураббийлар эса камчиликларни кўрсатиб қўйишди. Ахир ҳамма ҳам Зидан бўла олмайди-да!

Қисқаси, Зидан ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда жамоанинг кучига тўғри баҳо бера олганди. «Реал» ўтган мавсумда ҳам кўп ютқазган бўлиши мумкин, лекин асосийси, қачон ютқазмаслик керак эканини била олди. Масалан, «Барселона» Чемпионлар Лигасида бир марта мағлуб бўлди. У ҳам бўлса «Рома»га қарши чорак финалнинг жавоб баҳсида. Шу битта мағлубият каталонияликларнинг ЕЧЛни чорак финалда якунлаши учун кифоя қилди. «Реал» эса ўтган йилги ЕЧЛда иккита ўйинда енгилган бўлса-да, бу жамоанинг мусобақада ғолиб бўлишига халақит бермади.

Зидан вақтида кетдими?

Фото AFP

Зидан нега «Реал»дан кетганининг асл сабабини мураббийнинг бир неча йилдан сўнг ёзилган автибиографиясида ўқиб қолармиз. Ҳозирча эса фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Улар орасида жамоадаги муаммоларни билгани учун кетди деган тусмол ҳам йўқ эмас. Албатта, Зидан муаммо бошланади деб қочиб қолмаган. Масалан, мавжуд муаммоларни тузатиш учун Перес билан келиша олмаган бўлиши мумкин. Чунки, Перес анчадан буён катта трансферларни амалга оширмаяпти. Зидан ЕЧЛни учинчи марта ютгач, кейинги мавсум Ла Лигада ҳам муносиб қатнашиш учун 4-5 нафар футболчининг рўйхатини Переснинг олдига ташлаганини ҳам тахмин қилсак бўлади. Ҳар ҳолда Зидан кетишини кутилмаганда эълон қилди. У ақлли инсон бўлгани сабаб кетаётиб барчаси жойида эканини тушунтириб кетди. Қўпол қилиб айтганда «клубнинг устига мағзава ағдармади». Бироқ мураббий йўқ жойдан кетганига ҳам ишониш қийин.

Хуллас бизнингча, «Реал»да муаммо ўтган мавсумдан бошланган. Зидан ва Роналдунинг олдинма-кетин жамоани тарк этиши, Ла Лигадаги пасайиш – буларнинг барчаси бежизга эмасди. Шунчаки, ЕЧЛдаги ғолибликлар «Реал» мухлисларини сармаст қилиб қўйган ва улар ички муаммоларга унчалик эътибор беришмаганди. Чемпионлар Лигасидаги «ҳет-трик»ни бежизга Зиданнинг номи билан боғлашмайди, чунки унинг кетиши билан «Реал» барчанинг кўз олдида орқага қараб кетмоқда. Ўтган мавсум Зиданнинг авторитети, ақлли қарорлари ва Роналдунинг доим «ваҳший» формада бўлгани «Реал»даги муаммоларни ўз соясида қолдириб келди. Бироқ Солари, Лопетеги каби «Реал»дек буюк жамоага муносиб бўлмаган мураббийлар, клубнинг афсонавий 7-рақамини захирада ўтириб қолган Диасга бериб қўйган Переснинг тушунарсиз қарорлари (балки Перес қариб қолгандир) клубдаги муаммоларни «сув юзасига чиқариб қўйди».

«Реал» шунча йил чемпион бўлди, энди қулаш вақти келди деган гапларга қўшилмаган бўлардик. Чунки, «Реал» «Лестер» ёки «Лидс» эмаски бир мавсум порлаб йўқолиб қолса. Бу дунёдаги энг кўп мухлиси бор жамоа ва мухлислар «Реал»нинг доим яхши ҳолатда бўлишини талаб қилишади. Шундай экан, 2009 йилда «Реал»га қайтиб, «Галактикос»ни «уйғотгани» айтиладиган жаноб Переснинг ҳам тез орада у хоҳлаган вақтида алмаштирадиган мураббийлари каби курсиси қимирлаб қолса ажаб эмас...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид