Ўзбекистон | 10:00 / 07.03.2019
7602
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Стокгольм конвенциясини ратификация қилмоқчи

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда кўриб чиқилган муҳим ҳужжат — «Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (2001 йил 22 май, Стокгольм) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

«Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақида»ги конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган. Ҳозирги кунда 182 та мамлакат конвенция иштирокчиси ҳисобланади. Етакчи давлатлардан АҚШ, Италия ва Исроил конвенцияни имзолаган бўлса-да, ратификация қилмаган. МДҲ давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон ушбу конвенцияга қўшилмаган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси мажбурий характерга эга, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки тақиқлашга йўналтирилган Конвенцияни ратификация қилишни назарда тутади.

Депутатларнинг қайд этишича, Конвенцияни ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасига турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан боғлиқ экологик ҳолатнинг яхшиланишига, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи имтиёзлари бош тизимига қўшилиши ҳисобига мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш имконини яратади.

Мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганди.

Мавзуга оид