Спорт | 23:14 / 07.03.2019
16041
5 дақиқада ўқилади

Тўлабек Акрамов: «Бабаян «Локомотив» асосий жамоасининг ишларига аралашмайди»

Ўтган ҳафта ўзбек футболидаги энг таниқли шахслардан бири Самвел Бабаян Тошкентнинг «Локомотив» жамоасида иш бошлади. У клуб президенти Мансур Ражабовга маслаҳатчи этиб тайинланди. Бир йил аввал ЎФА томонидан футболдан четлаштирилган мутахассиснинг қайтиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Маълум бўлишича, унинг дисквалификацияси 2018 йилнинг 15 январидан 1 февралига қадар давом этган.

Kun.uz мазкур тайинлов, шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги биринчи рақамли футбол жамоаси фаолиятига доир бошқа саволларга жавоб олиш учун «Локомотив» бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов билан суҳбат уюштирди.

 Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

– «Локомотив» кескин танқидлар остидаги Самвел Бабаян билан ҳамкорлик бошлашга қарор қилганини қандай изоҳлайсиз?

– Саволингиз жуда ўринли. Буни ҳозир трендга чиққан мавзу, десак ҳам бўлади. Биз мухлисларни ҳам тўғри тушуниб турибмиз. Биз Бабаянни Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи бўлгани ёки аввал ишлаган жойлари сабаб чақирганимиз йўқ. Биз уни мутахассис сифатида чақирдик. Бундан мақсад – ҳозир клубимиз қошидаги мактабда 500га яқин ёш болалар футбол билан шуғулланишяпти. Футболга алоқадор бўлган инсонларнинг хабари бор, охирги йилларда «Пахтакор» академиясида қилинаётган ишларда айнан Самвел Бабаяннинг ҳиссаси жуда катта. Шу мақсадда асосан шу болалар мактабидаги инфратузилмани янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Бабаян хизматидан фойдаланишга қарор қилдик.

Клубга таклиф қилганимиздан кейин интернетда шов-шув кўтарилиб кетди. Мен мухлисларни ҳам тушуниб турибман, лекин Бабаяннинг ўтмишига клуб жавоб бермайди. Яна бир марта қайтараман, биз Самвел Бабаянни мураббий қилиб олиб келганимиз йўқ. Сабаби у катта жамоага аралашмайди. Ўзига ишларни белгилаб бердик. Асосан, мактабимиз инфратузилмасини катта чўққиларга, кейинги босқичга олиб чиқиш билан шуғулланади. Мақсад шу.

Бабаян ёшлар билан жуда яхши ишлайди. Буни амалда ҳам исботлаган. Ҳозир ўзбек футболида ўз ўрнини топган футболчилар, масалан, Жалолиддин Машарипов, Одил Аҳмедов, Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров, Даврон Ҳошимов ва бошқа кўплаб ўйинчиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Шу томонлама кучли мутахассислардан бири бўлгани учун Самвел Бабаянни клубимизга таклиф этдик.

Яна бир марта қайтараман, мухлислар адаштиришмасин, Самвел Бабаян фақат мактабимизга қарайди, селекция ишларини ҳам ўзи олиб боради ва асосий жамоага аралашмайди.

– Ёш тарбияланувчилар «Локомотив»нинг келажаги эканини инобатга олсак, уларни Самвел Бабаянга ишониб топшириш таваккал эмасми?

 – Мен буни риск деб айта олмайман. Нимагаки биз Бабаян билан бугун таниш эмасмиз. Унинг мактаб учун қилиб келаётган ишларининг ҳаммасидан хабаримиз бор. Шунинг учун буни риск деб ўйламайман. Профессионал қараш керак. У – ўз ишининг устаси. Ўзбекистон терма жамоасида қилган натижаларининг бизга қизиғи йўқ. Биз профессионал сифатида ишга қабул қилиб, болалар мактабимизни кўтармоқчимиз. Унда бу тажриба бор.

Яна айтаман, футболга алоқадор бўлган инсонлар унинг потенциалини жуда яхши билишади. Мухлисларни ҳам тўғри тушунаман, улар мухлис кўзи билан қарашади. Шунинг учун айтяпманки, Бабаяннинг Ўзбекистон терма жамоасида кўрсатган натижасининг бизнинг клубга ҳеч қанақа алоқаси бўлиши керакмас. У ўтмишига ўзи жавоб беради. Ким нима хоҳласа, ким нимани сўраб олмоқчи бўлса, ўзи жавоб бераверсин. Лекин биз Бабаянга белгилаб берган ишимиз бор.

Ўйлайманки, 1-2 йилдан кейин интервью олишга келсангиз, натижасини сўраб олсангиз бўлади.

Интервьюни Kun.uz`нинг видеотармоқлардаги саҳифаларида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Маълумот учун, «Локомотив» раҳбарияти томонидан Бабаян зиммасига қуйидаги учта асосий вазифа юклатилган:

1. Клуб инфратузилмасини кўтариш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш;

2. «Локомотив» болалар ва ўсмирлар футбол мактабини ривожлантириш ва замонавий фаолият юритишини йўлга қўйиш;

3. Клуб материал-техник базасини янада шакллантириш ҳамда бунинг учун керакли барча чора-тадбирларни амалга ошириш.

Мавзуга оид