Спорт | 23:26 / 11.03.2019
7376
2 дақиқада ўқилади

Андрей Фёдоров: «Жамоа тезкор голдан кейин ортиқча хотиржамликка берилди»

«Локомотив» бош мураббийи Андрей Фёдоров ОЧЛ доирасида «Ар-Райян»га қарши сафар ўйинидаги мағлубиятга (1:2) қуйидагича изоҳ берди.

«Ар-Райян»ни ғалаба билан табриклашни истайман. Ўйин биз учун жуда осон бошланди ва тезкор гол ура олдик. Афсуски, биринчи бўлимда юзага келган вазиятларни голга айлантира олмадик. Ҳимоядаги иккита қўпол хато сабабли гол ўтказиб юбордик. Кейин эса рақибнинг зич ҳимоясини ёриб ўтишимиз қийин бўлди ва якунда ютқаздик. Бугунги мағлубиятимизга ўзимиз сабабчимиз. Жамоа ёмон ўйнагани йўқ, аммо гол ура олмадик.

Янги мураббий 3-4 кун ичида жамоа ўйинини ўзгартириб юбора олмайди. «Ар-Райян»нинг ўйинида ҳеч қандай сюрприз кўрганим йўқ, улар деярли ҳеч нарсани ўзгартиришмаган. Биргина ўзгариш – асосий таркибда бир-икки нафар янги футболчи тушди. Балки шунинг учун ҳам ўйинни анча осон бошлагандирмиз, бундай бўлишига тайёр эдик.

Ўйинчи алмаштиришда шошилганимиз йўқ, чунки биз яхши ўйнаётгандик, деб ҳисоблайман. Тўп назорат қилдик, вазиятлар яратдик, аммо фақатгина гол ура олмадик. Ўйин охирроғида эса рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтириш учун ҳужумчини майдонга туширдик.

Тўғри, бу ташқаридан қараганда ҳам сезилибди – тезкор голдан кейин жамоа хотиржамликка берилди. Аммо барибир иккинчи бўлимда айнан ўша қатъият билан майдонга чиқдик. Ҳимоядаги хатоларимиз ўйин тақдирини ҳал этди», – деган Фёдоровнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Мавзуга оид