Жамият | 21:17 / 11.03.2019
1275
7 дақиқада ўқилади

Учинчи ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталигида қандай янгиликлар кутилмоқда?

8–13 апрель кунлари Тошкентда учинчи ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги ўтказилади. Бу йилги ҳафталик концепциясида сезиларли ўзгаришлар рўй берди.

Биринчидан, тармоқ тадбирлари кўлами кенгайди: ADWEEK доирасида бир вақтда иккита – маркетинг ва реклама соҳасида халқаро конференциялар ўтказилади.

Уларда қатнашиш учун Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистондан халқаро миқёсдаги энг яхши амалиётчи-экспертлар таклиф этилган. Хорижий мутахассисларни саралаш маркетинг соҳасидаги маҳаллий экспертлар фикрларини, маърузалар мавзуларининг янгилиги ва долзарблигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Бунга, кўп жиҳатдан, бизнес-тренинглар ва семинарлар ташкил қилувчи компаниялар қўллаб-қувватлаши эвазига эришилди.

8–9 апрелдаги маркетинг конференциясида қуйидагилар маъруза қилади: Андрей Себрант – Яндекс стратегик маркетинг бўйича директори, Андрей Федорив – Украинадаги биринчи рақамли маркетолог, Fedoriv брендинг агентлиги асосчиси, Илья Балахнин – россиялик биринчи рақамли амалиётчи-маркетолог, Paper Planes Consulting Agency бош директори ва бошқарувчи шериги, Владислав Бермуда – Россиядаги кросс-маркетинг бўйича биринчи рақамли эксперт, Дмитрий Сидорин – Sidorin Lab шаън бошқаруви бўйича биринчи рақамли агентлик асосчиси ва раҳбари, Алексей Шпико – IMZO компанияси бош директорининг ривожланиш бўйича ўринбосари, Асхат Ускембаев – АЗ Қозоғистон амалий реклама мактаби асосчиси, шунингдек маркетинг соҳасининг бошқа «юлдуз»лари.

«Шу кунларда, учинчи ADWEEK ҳафталигига тайёргарлик давомидаёқ «биринчи» ва «энг яхши» иборалари тез-тез янграмоқда. Бу йилги мақсадимиз – тадбирни барча иштирокчилар учун максимал даражада самарали ўтказиш. Токи бу самара нафақат уларнинг ўз бизнеслари ривожида, балки бутун маркетинг тармоғи тараққиётида ҳам акс этсин. Шу сабабли, биринчи бор катта амалий тажрибага эга хорижий мутахассисларни таклиф этишга урғу бердик.  Барча маърузалар бетакрор бўлади. Конференцияга келган ҳар бир киши икки кун ичида маркетингнинг турли йўналишлари бўйича аниқ билимларга бойибгина қолмай, шу ердаёқ «ўзида синаб кўриши» мумкин бўлади. ADWEEK бу йил ҳам маркетинг ва реклама соҳасидаги асосий таълимий ва коммуникацион майдон бўлиб қолади», - деб таъкидлади ҳафталик ташкилотчиси, «Миллий маркетинг маркази» корхоналар ассоциацияси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.

Халқаро маркетинг конференцияси билан параллел равишда, қарор топган анъанага кўра, маркетинг ва реклама кўргазмаси ҳам ўтади. Бу йил дизайн, брендинг, креатив, digital, SMM, рекламада визуал технологиялар, ташқи реклама, полиграфия хизматлари, сувенир маҳсулотлар, web production ва бошқа, жами 12та мавзуий йўналиш бўйича компаниялар қатнашиши кутилмоқда.

ADWEEK–2019’нинг яна бир фарқли жиҳати – бу оммавий тадбирлар шаклига чиқилишидир. Ўзбекистонда биринчи марта кўп сонли томошабинлар учун, Алишер Навоий номидаги кино саройида ABC Show – дунёнинг 45та етакчи фестивалида ғалаба қозонган энг кўп тақдирланувчи видеороликлар ва босма ишлар коллекцияси намойиш этилади. ABC Show’нинг асосий ғояси – Best of the Best – дунёнинг энг яхши видеороликларини, ўта обрўли халқаро фестивалларда тақдирланган ишларни намойиш этишдир. Фақат ABC Show коллекциясида дунё креативининг энг яхши намуналари Full HD сифатида сақланади. Коллекциядаги ҳар бир ролик рус тилига таржима қилинган ва мутахассислар шарҳлари билан бойитилган. Шоуда қатнашиш янги илҳомлар учун, товар ва хизматлар бозоридаги ечимлар учун ғоялар излаётган, бизнесни ривожлантириш ва сотувларни кенгайтиришга интилаётган барча-барчага тавсия этилади.

Бундан ташқари, бу йил ҳафталик доирасида TAF! биринчи Тошкент реклама фестивали ўтказилади. Фестиваль дастуридан TAF! креатив танлови, Биринчи халқаро реклама конференцияси ва креатив танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўрин олган. Миллий фестивални ташкил этиш ғояси аста-секин юзага келди. Сир эмаски, тобора кўплаб маҳаллий мутахассислар ва агентликлар турли халқаро реклама фестивалларида муносиб қатнашади ва мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Шундай фаоллик самараси ўлароқ, мутахассисларнинг профессионал ҳамжамияти юзага келган бўлиб, у мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлади.

ADWEEK’ни ўтказиш бўйича икки йиллик тажрибани ҳисобга олиб ва нафақат хорижда, балки ўз юртимизда ҳам креатив ғоялар ва фикрларни амалга оширишга талаб борлигини ҳис этиб, ҳафталик ташкилотчилари ADWEEK доирасида илк реклама фестивалини ўтказишга қарор қилишди, у миллий реклама ва креатив мактаби ривожи учун платформа, мамлакатимиз креатив агентликлари рейтингини яратиш учун асос бўлиши лозим.

TAF! Креатив танлови ҳафталик арафасида ўтказиладиган энг қизиқарли тадбирлардан бири бўлади. Унинг доирасида ҳозирданоқ қизғин ишлар бормоқда, танлов қатнашиш истагида бўлган барча агентликлар учун очиқ. Ишлар онлайн равишда, учта тоифа ва 14та номинация бўйича қабул қилинади. Бу йил, аввалги йилдаги каби, ҳакамлар ҳайъати тадбирга таклиф этилган креатив ва реклама соҳасидаги экспертлардан ташкил топади. Танлов ғолиблари ва лауреатлари ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталигини якунлаб берувчи тантанали тақдирлаш маросимида эълон қилинади.

12–13 апрелда «Зарафшон» концерт залида ўтадиган TAF! биринчи халқаро реклама конференцияси бунданда қизиқарли ва ўзига хос бўлиши кутилмоқда. Конференцияда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан таклиф этилган экспертлар маъруза қилади. Конференциянинг бош ғояси – реклама ва креатив соҳасининг энг яхши вакилларининг ўз бизнесингизда қўллаш мумкин бўлган тажрибаларини ўзлаштиришдир. Конференция «қаймоғи» ўзига хос «воқеалар таҳлили» бўлади – унда TAF! креатив танлови иштирокчиларининг ишлари таҳлил қилинади.

Жорий йилда ҳафталик тадбирларида пуллик иштирок кўзда тутилган, фақат кўргазма бундан мустасно – унга кириш аввалгидек бепул. Чипталар қиммат эмас, маркетинг ва реклама билан қизиқувчи барча учун ҳамёнбоп.

Ҳафталик ташкилотчилари ўз саъй-ҳаракатлари билан янги профессионал форматни, таъбир жоиз бўлса, мамлакатда маркетинг ривожланиши учун замин яратаётганликларини таъкидлайдилар. Унинг ҳаётга қобиллиги буткул Ўзбекистон маркетинг ва реклама соҳасининг тақдирига бефарқ бўлмаган барчанинг фаол иштирокига боғлиқдир.

ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги тўғрисидаги батафсил ахборот, конференция дастури, кўргазма ҳақидаги маълумот – www.adweek.uz сайтида. TAF! биринчи Тошкент реклама фестивали ҳақидаги барча маълумот билан www.tafest.uz сайтида танишишингиз мумкин. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид