Ўзбекистон | 09:18 / 12.03.2019
7164
2 дақиқада ўқилади

Вагит Алекперов: “Лукойл” Ўзбекистонда янги конлар очилишига умид қилади

Фото: REUTERS/Sergei Karpukhin

Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси Ўзбекистон иқтисодиётига ишонади. Бу ҳақда компания раҳбари Вагит Алекперов айтиб ўтди.

Алекперов компания яқинда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарби, яъни Қорақалпоғистондаги янги ҳудудни ўрганиш бўйича келишув имзоланганини эслатиб ўтган.

“Ҳозир компания Қорақалпоғистондаги катта ҳудудни ўрганиш бўйича келишув имзолади – бу Ўзбекистон шимоли-ғарби. Биз бу ҳудудда лойиҳаларимиз келгусида ҳам ривожланиш динамикасига эга бўлиши учун янги конлар очишга умид қиламиз”, деб таъкидлаб ўтган компания раҳбари. 

“Бугун Ўзбекистонда иқтисодий, қонунчилик, тартибга солувчи соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Компания бугунги кунда иккита йирик лойиҳа – Ҳисор ва Қандим конлари гуруҳини олган”, деб қўшимча қилган Алекперов.

“Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти нафақат углеводородлар соҳасида, балки рангли, қора металлургия, қишлоқ хўжалиги соҳаларида жадал ривожланмоқда. Биз Ўзбекистон иқтисодиётига, Ўзбекистон президенти олиб бораётган сиёсатга ишонамиз”, деб айтган “Лукойл” раҳбари.

Ҳозирда “Лукойл” Ўзбекистонда “Ўзбекнефтгаз” билан биргаликда “Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот” газ лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.  

Лойиҳа Бухоро-Хива туманида табиий газ ва газ конденсатини қазиб олишни ва Устюрт туманида геологик қидирув ишларини олиб боришни кўзда тутади. Лойиҳанинг амал қилиш муддати 35 йилни ташкил қилиб, 2039 йилгача мўлжалланган.

Лойиҳанинг бевосита амалга оширилиши билан “Лукойл Оверсиз” компаниясининг шўъба корхонаси “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” шуғулланади. Лойиҳани амалга ошириш муддати давомида киритиладиган инвестицияларнинг умумий ҳажми 3 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид