Ўзбекистон | 18:40 / 14.03.2019
62009
4 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари дастлаб Tashkent City халқаро бизнес марказига ташриф буюриб, конгресс-холл ва беш юлдузли меҳмонхона барпо этилиш жараёни билан танишди.

Мазкур иншоотлар қурилиши ўтган йил март ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда муҳташам конгресс-холл ва 21 қаватли меҳмонхонанинг бетон-каркас ишлари ниҳоясига етган. Ҳозирда металл конструкциялар ва коммуникацияларни монтаж қилиш, том ёпиш, ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Президентга конгресс-холлнинг фасади, хоналари ва йўлакларининг кўринишига доир лойиҳалар намойиш этилди.   

Маълумки, Tashkent City бизнес-марказлар, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган замонавий комплекс бўлади. Келгусида бу ерда олий даражадаги тадбирлар, йирик халқаро анжуманлар ўтказилади.

Шавкат Мирзиёев конгресс-холлнинг асосий зали, ҳар бир хонасини кўздан кечириб, уларнинг қандай безатилиши ва жиҳозланиши, меҳмонлар учун қандай шароитлар яратилиши билан қизиқди. Халқаро саммитлар чоғида кўплаб делегациялар қатнашишини инобатга олиб, юқори мартабали меҳмонлар ва иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши, дам олиши учун кенг қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Конгресс-холлнинг биринчи қавати замонавий дизайнда, иккинчи қавати эса классик услубда бўлиши зарурлигини таъкидлади. Йўлакларни юртимиз рассомларининг энг сара асарлари билан безатишни таклиф қилди. 

Мазкур конгресс-холл ёнида қурилган меҳмонхонага оид лойиҳалар ҳам намойиш этилди.

Шу билан бирга, Президент Tashkent City яқинида қад кўтарган Humo Arena муз саройида олиб борилаётган сўнгги пардозлаш ишларини кўздан кечирди. 

Давлат раҳбари 2017 йил 3 февраль куни ушбу мажмуа лойиҳасини маъқуллаб, унинг қурилишига тамал тоши қўйган эди. Ўтган қисқа даврда мамлакатимиз шаҳарсозлигида янгилик бўлган кўп тармоқли спорт мажмуаси бунёд этилди.

Мажмуа Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишмасида, 9 гектар майдонда қурилган. Замонавий муҳандислик технологияларини уйғунлаштирган Humo Arena мажмуасидан 12,5 минг ўринли кўп тармоқли муз аренаси, 200 ўринли машғулотлар майдони, тренажёр зали, спорт музейи ва кўплаб бошқа объектлар ўрин олган. 

Ҳар бири 60х30 метр ўлчамдаги асосий ва машқ майдонлари мусобақаларни халқаро талаблар даражасида ўтказиш, ёшларни спорт билан шуғуллантириш учун яхши имконият беради.

Мобил ўриндиқлар спорт мусобақаларидан бўш пайтда оммавий тадбирларни ўтказишга ҳам мослаша олади. Бу ерда хоккей, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг билан бирга баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо ва бошқа турдаги беллашувлар ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, байрам тадбирлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун ҳам шароит яратилган. 

Янги мажмуа мамлакатда спортни ривожлантириш, унинг қишки турларини оммалаштириш, спортчилар тайёрлашни янги, халқаро даражага олиб чиқиш борасидаги ишларга кучли суръат бағишлайди.

Президент мажмуадан самарали фойдаланиш, оммавий тадбирлар вақтида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, иншоот атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Мавзуга оид