Ўзбекистон | 07:46 / 19.03.2019
18717
2 дақиқада ўқилади

Президент фармони: БАА фуқаролари учун визасиз режим белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Фармон билан 2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга иш юзасидан келадиган Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларига Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши талаби бекор қилинган ҳолда, бир йил муддатгача бўлган кўп марталик визаларни Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассасаларида ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмасдан 3 иш куни мобайнида расмийлаштиради.

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон Фармони билан тасдиқланган 2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатининг 32-банди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги ПҚ–3836-сон қарори билан тасдиқланган 2018 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларига Ўзбекистон Республикасига визасиз транзит кириш, вақтинчалик бўлиш ва чиқиш тартиби белгиланган мамлакатлар рўйхатининг 62-банди.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов ва Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юкланди.

Мавзуга оид