Ўзбекистон | 09:43 / 22.03.2019
33114
3 дақиқада ўқилади

МТС «Ўзбекистондаги поралар» иши бўйича баёнот берди

Фото: Максим Стулов / Ведомости

Россиянинг МТС оператори маълум қилишича, ўзини Ўзбекистондаги ноқонуний хатти-ҳаракатларда айблаётган сармоядорлар даъволари юзасидан АҚШда компанияга қарши берилган ариза доирасида ўз манфаатларини ҳимоя қилади.

«МТС шуни маълум қиладики, компания ва унинг айрим менежерларига қарши АҚШдаги Нью-Йорк штати округ судига даъво аризаси берилган. Компания айбловларни кўриб чиқмоқда ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ниятида», - дейилади Қимматли қоғозлар бўйича комиссия (SEC) сайтида жойлаштирилган ҳужжатда.

Бундан ташқари, компания жавоб шикояти билан чиқиш имкониятини истисно қилмаган, деб хабар беради ТАСС.

Бундан олдин, Американинг Rosen Law юридик фирмаси «Мобильние телесистеми» ширкатига қарши синфий даъво билан чиққанди. Rosen Law хабарида айтилишича, 2014 йил 19 мартдан 2019 йил 7 мартгача бўлган даврда Россия компанияси қимматли қоғозларини сотиб олган барча инвесторлар унга қўшилиши мумкин.

Даъволар МТС компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятига алоқадор коррупцияга қарши текширув билан боғлиқ. Унинг якунларига кўра, 7 март куни эълон қилинганидек, оператор АҚШ ҳукуматига жами 850 миллион доллар тўлаб беради.

Rosen Law’нинг билдиришича, МТС компания коррупцион схемаларга жалб этилгани ҳақидаги маълумотни инвесторлардан яширган, унинг доирасида 420 миллион доллар миқдорида пора берилган, шунингдек, бозорга суриштирувларнинг эҳтимолий оқибатлари кўламини сездирмаган.

АҚШ маҳкамалари 2014 йилдан бери операторнинг Ўзбекистондаги бизнеси бўйича МТСга нисбатан коррупцияга қарши суриштирув ўтказган. Америка ҳукуматининг билдиришича, МТС, VEON (аввалги Vimpelcom Ltd.) ва Telia Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш мақсадида мамлакат собиқ президенти оиласи билан боғлиқ тузилмаларга кўп миллионлик поралар учун сохта компаниялар ҳамда консультатив шартномалар тармоғидан фойдаланган. VEON суриштирув якунлари бўйича 2016 йилда 795 миллион доллар, Telia Company - 965 миллион доллар жарима тўлади.

2016 йилда МТС Ўзбекистондаги бизнесдан чиқиб, маҳаллий ҳукуматга Universal Mobile Systems (UMS) операторидаги 50,01 фоиз акцияларни рамзий 1 долларга сотди. Шу тариқа, 2014 йилда Ўзбекистон бозорига қайтганидан сўнг, МТС мамлакатдан якуний чиқиб кетишига қадар икки йил ҳам ишламади. Аввалроқ, МТС Ўзбекистондаги бизнесни йўқотган эди - 2012 йилда оператор шўъбаси «Уздунробита» - ўша вақтда абонент базаси 9,3 млн киши бўлгани ҳолда ўзбек алоқа бозорида етакчи бўлиб турган компания лицензиядан маҳрум этилди. 2014 йил охирида МТС барча даъволарни ҳал қилиш бўйича расмийлар билан келишув битимини имзолади. Натижада, МТС UMS’нинг 50,01 фоизини, «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК (Ўзбекистон собиқ Давлат алоқа қўмитаси тузилмаси) 49,99 фоизини олди. Қўшма корхона «Уздунробита»нинг инфратузилмаси ва ускуналарида ишлаган.

Мавзуга оид