Спорт | 15:37 / 25.03.2019
9977
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Вазиятлардан унумли фойдаланиш устида кўпроқ ишлашимиз керак»

Фото: AFP/Getty Images

«China Cup» халқаро турнирининг учинчи ўрни учун кечган Хитой-Ўзбекистон учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Эктор Купер қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

«Бугун гол киритиш учун кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Аммо уларнинг фақат биттасидан унумли фойдаландик. Биз келгусида бу йўналишда иш олиб борамиз. Ўйлайманки, бу мусобақадан ўрин олган ўйинлар биз учун яхши тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Эндиликда хато ва камчиликларни таҳлил қилиб чиқамиз. Аввал ҳам айтганимдек, бор эътиборимиз Жаҳон чемпионати саралашига қаратилган.

Ўзбекистоннинг Хитойга қарши аввалги ўйинлари билан бугунги ўйинни солиштира олмайман. Мен аввалги ўйинларда терма жамоа бош мураббийи эмасдим. Аммо Хитой таркибида янги футболчилар борлигини биламан. Каннаваро улар билан яхши жамоа шакллантира олишига ишонаман. Хитой ҳам биз каби бор эътиборини Жаҳон чемпионати саралашига қаратган.

Ўйлашимча, Қатар-2022га чиқиш учун Осиёдаги барча терма жамоалар қаттиқ кураш олиб боришади. Биз йўлланмани қўлга киритиш учун бор кучимизни сарфлаймиз», - деди Купер.

Аргентиналик мутахассиснинг маълум қилишича, бугунги баҳснинг биринчи бўлими охирида шикастланиб захирага олинган яримҳимоячи Отабек Шукуровнинг жароҳати жиддий. Терма жамоа шифокорлари унинг камида икки ойга сафдан чиққанини билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси мусобақанинг дастлабки ўйинида Уругвайдан енгилди (0:3). Хитойга қарши учрашувда эса 35-дақиқада Элдор Шомуродов томонидан урилган ягона гол ғалабани таъминлади.

Мавзуга оид