Спорт | 13:50 / 27.03.2019
23562
2 дақиқада ўқилади

Мурод Хонтўраев яна пичоқлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Фото: Sputnik/Табылды Кадырбеков

Интернетда аралаш яккакурашлар жангчиси, ўзбекистонлик Мурод Хонтўраевга яна пичоқ билан ҳужум қилишгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

ОАВ маълумотига кўра, ҳодиса бугун, 27 март куни, Тошкентда юз берган.

«Хонтўраев ўзининг яқинларидан бири билан гап талашиб қолган. Натижада можаронинг иккинчи иштирокчиси Мурод Хонтўраевга пичоқ билан ҳужум қилган. Хонтўраевга тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг жароҳати у қадар жиддий эмаслиги айтилмоқда», - дейилади ОАВ хабарида.

Kun.uz’нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари маълумотига кўра, бундай воқеа юз бермаган.

«Хонтўраев билан ҳаммаси жойида, у ҳеч ким билан можарога бормаган», - дея айтиб ўтишди манбалар.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Тошкент савдо маркази» (собиқ Turkuaz) ҳудудида яккакураш спорт турининг аралаш тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилгани хабар берилганди.

Кейинчалик, интернетда MMA жангчиси Мурод Хонтўраевнинг офисига уюштирилган ҳужумга оид видеолар тарқалди.

Бундан олдин, Мурод Хонтўраев бир қатор шахслар билан биргаликда 2018 йил 21 июнга ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клублардан бирида «жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузган, тартибсизлик қилгани» ҳақида хабар берилганди.

Унинг ўзи тан жароҳати (кўкрагига пичоқ билан зарба берилган) билан Юнусободдаги 7-касалхона (собиқ 17-шаҳар касалхонаси)га ётқизилган, кейинги куни милиция томонидан олиб кетилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид