Ўзбекистон | 08:39 / 27.03.2019
55896
2 дақиқада ўқилади

Президент қабулхонаси ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилди

Иллюстратив фото

Интернетда Тошкент шаҳрининг Қоратош ва Фурқат кўчалари кесишмасида президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонаси очилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. 

Иддао этилишича, навбатга ёзилган илк фуқаролар билан президент Мирзиёев шахсан учрашади ва уларнинг мурожаатларини тинглайди.

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси билдиришича, бу ҳақдаги хабарлар ёлғондир. Тошкент шаҳрида президентнинг шахсан ўзи фуқаролар билан учрашадиган ҳеч қандай қабулхона очилмайди.

Шунингдек, онлайн-трансляция кўринишидаги қабулларни ташкиллаштириш ҳам режада йўқ. 

Манба бу каби асоссиз хабарларга ишонмасликка чақирди.

Маълумки, президент виртуал қабулхонаси Россия, Қирғизистон, Беларусь, Украина ва бошқа кўплаб давлатларда бор. Бироқ, ҳеч бир мамлакатда президентнинг шахсан ўзи қабулхонада ўтириши кузатилмайди. Қабулхоналарда ишловчи шахслар давлат раҳбарининг вакили саналади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. 2017 йил эса Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганди. 

2019 йил 17 январда Ўзбекистон президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Ҳужжат билан 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.

Президент фармони билан Халқ қабулхоналарига бир қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди. Хусусан, энди Президент Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасидаги фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб боради.

Мавзуга оид