Ўзбекистон | 15:45 / 01.04.2019
5404
4 дақиқада ўқилади

Tashkent Law Spring  қандай форум бўлади? Ташкилий қўмита вакили билан суҳбат

Ўзбекистонда илк маротаба  Tashkent Law Spring  халқаро юридик форум ўтказилиши кутилмоқда.

Форум доирасида давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, Ўзбекистоннинг ва дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция ва халқаро алоқалар соҳасидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар ҳуқуқдаги энг сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, замонавий юридик фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш учун йиғилиши кутилмоқда.

Форум ташкилий қўмита аъзоси,  Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Аъзам Мадаминовнинг Kun.uz'га айтишича, форум бутун дунёдан бир жойга йиғилаётган ҳуқуқшуносларни муҳокамага асосланган танишув, фикр алмашинуви ва ҳамкорлиги учун платформа яратади. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотларга теран назар ташлаб, жаҳон ҳамжамиятини бундан бохабар этиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. 

«Тошкент келажакда ҳуқуқий масалалар муҳокама этиладиган ҳаб-марказга айланиши лозим», — дейди у интервью чоғида.

Маълум қилинишича, форум жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари, шунда асосий табдирлар илк икки кунда ўтказилиши белгиланган. «Ҳуқуқ жадал модернизация даврида»  номи остида ташкил этилаётган юридик форумда қуйидаги йўналишлар бўйича бир қатор мавзуларда алоҳида сессиялар ташкил қилинади, уларда халқаро даражадаги мутахассислар чиқишлари тингланади ва муҳокамалар бўлиб ўтади:

1. «Сифатли давлат бошқаруви» йўналиши.

2. «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш» йўналиши.

3. «Фаол инвестицион сиёсат» йўналиши.

Бундан ташқари, Форум дастуридан Ўзбекистоннинг инвестицион муҳитига бағишланган тақдимот ҳам ўрин олган.

«Форумда «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив юридик хизмати» номинациялари бўйича тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтади», — дея маълумот беради Мадаминов. 

 Tashkent Law Spring тадбирида иштирок этиш пулли. Аъзам Мадаминов бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:

 «Ҳар қандай жиддий тадбирнинг қадри бўлади. Тадбирда мажлисбозлик бўлмайди, у номига ўтказилмаяпти. Форумда юридик соҳа вакиллари иштирокида жонли муҳокамалар пайдо бўлиши кутилмоқда. Тадбир маърузачиларининг аксарияти олис хорижий юртлардан ташриф буюради. Буларнинг барчаси —харажат.

Пул тўлаган одам учун тадбирдан нимадир керак, деб тушунсак бўлади. Биз кўчадан 2 минг кишини таклиф қилиб, институт талабалари иштирокида ҳам форум ўтказишимиз мумкин. Лекин бундан ҳеч ким манфаатдор бўлмаса керак», — дейди у.

 Гарчи ҳуқуқ масалалари бўйича минтақа маркази бўлишга интилаётган Тошкент юридик форумида айнан ҳуқуққа оид турли масалалар муҳокама этилиши назарда тутилган бўлса-да, унда мустақил инсон ҳуқуқи фаоллари, ташкилотлари иштироки ҳақида маълумот йўқ. 

«Биз эълон бердик, нуфузли халқаро ташкилотларга таклифнома юбордик. Шу билан бирга ўзини таклиф қилган маърузачилар пайдо бўлди. Масалан, биз кутилмаганда Нигерия Адлия вазирлигидан таклифни қабул қилдик. Лекин ҳеч қайси ташкилот инсон ҳуқуқлари мавзусида маъруза қилишга қизиқиш билдирмади», — дейди ташкилий қўмита аъзоси.

 У мавзунинг долзарб эканлигини инкор этмайди, аммо Мадаминов суҳбат давомида иштирокчилар орасида ҳуқуқ фаоллари ҳам рўйхатдан ўтмаганини инобатга олишни сўради.

Қайд этилишича, форумнинг маданий дастури доирасида, хоҳлаган иштирокчилар Буюк Ипак йўлининг қадимий шаҳарларидан бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива, Нукус, Қўқон, Марғилон, Тошкент шаҳарларидаги ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ноёб тарихий ва маданий объектларга экскурсия дастуридан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид