Жаҳон | 16:39 / 01.04.2019
4488
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон биринчи Каспий иқтисодий форумини ўтказишга тайёрланмоқда

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси билан 2019 йил 12 август куни «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида (Туркманбоши, Туркманистон) биринчи Каспий иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Ҳозирда уни ўтказиш учун Туркманистонда фаол тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Каспийда ҳамкорликни ривожлантиришнинг фаол тарафдори бўлиб, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Каспий денгизи давлатларининг IV саммитида Каспийда транспорт ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида, шунингдек, Каспий иқтисодий форумини ташкил этиш бўйича иккита янги битимни тайёрлаш юзасидан ташаббус билдирди.

2018 йил 12 августда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи Каспий саммитида минтақа давлатлари раҳбарлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни ва 2019 йилда Туркманистонда биринчи Каспий иқтисодий форумини ўтказиш бўйича якуний ҳужжатни имзолашди.

Ушбу форум ишига тайёргарлик кўриш доирасида Каспий минтақаси мутахассислари, экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 2019 йил 5 февралда халқаро форум бўлиб ўтди. Унда «Каспий денгизи энергетика ва транспорт тизимларининг иқтисодий ривожланиши» ҳамда «Каспий денгизидаги туристик ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик» сессияси ўтказилди.

Августдаги форум уч қисмдан иборат: халқаро конференция, Каспий инновацион технологиялар кўргазмаси ва ҳуқуқий-шартномавий қисм.

Форумнинг биринчи қисми доирасида - 2019 йил 12 августда қуйидаги масалалар бўйича халқаро конференция ўтказилади:

- қўшма инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш;
- махсус, алоҳида, эркин иқтисодий зоналарни яратиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш;
- қонунчилик, стандартлар, иқтисодий соҳада қоидалар ва статистик ахборот бўйича тажриба алмашиш;
- рақамли иқтисодиётда ҳамкорлик;
 - соҳилбўйи давлатлари ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш;
- қўшма корхоналар ташкил этиш.

Мавзуга оид