Жамият | 14:05 / 01.04.2019
6533
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Саратонга чалинган Мастуранинг муолажалари якунланиб қолди

Инсон бошига тушаётган ташвишлар ҳам, қувончли дақиқалар ҳам ўткинчи эканлигини билмайди, тушунмайди. Унутувчан одамзод синовларни енгиб ўтаверади, қувончли дақиқаларни хотира муҳридан ўчириб бораверади.

Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг декабрь ойида оғир хасталикка чалинган Мастура исмли бемор қиз учун хайрия акцияси ташкил қилган эдик. Унда хаста қизнинг яқинлари, қон-қариндошлари ҳам камтарона ҳаёт кечирувчи, қўли қисқа инсонлар эканлиги баён қилинганди.

Бир неча кун аввал бемор қизнинг ҳозирги ҳолатини билиш мақсадида унинг оила аъзолари билан учрашдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

“Ассалому алайкум. Халқимизнинг саховатли инсонлари кўп экан. Уларнинг борига шукур. Фарзандимнинг соғлиғи билан қизиқишгани, узоқдан бўлса-да ёрдам қўлини чўзиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришгани учун раҳмат. Фарзандимни оёққа туришига катта кўмак беришди. Улар орасида мусофир юртларда меҳнат қилаётган, болажон юртдошларимиз ҳам кўп. Дунё тургунча туришсин. Бошлари омон бўлишсин ҳаммасининг. Болаларига бош бўлиб юришсин.

Қизим ҳозирда 5-кимётерапиясини олмоқда. Шундан сўнг, Худо хоҳласа яна битта кимётерапияси қолади. Шукур, Мастурахоннинг ҳозирги аҳволи, ҳаракатлари, ейиш-ичишлари яхши”,- дейди Мастуранинг онаси Гўзал Холхўжаева.

Инсонга берилган ҳар бир ризқдан эҳсон қилиш биз бандаларнинг вазифамиздир. Аммо, бу эҳсоннинг тўғри жойга йўналтирилиши эса амалнинг энг нозик нуқтасидир.

Қадрли юртдошим, тўғри йўналтирган амалингиз қабул бўлиб, сахийлигингиз сабаб хонадонингиздан файз-у барака аримасин.

Мавзуга оид