Фан-техника | 23:41 / 02.04.2019
32632
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz билан Бокудаги «Классик автомобиллар кўргазмаси»га фотосаёҳат

Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев номли маданият марказида классик автомобиллар кўргазмаси фаолият кўрсатади. Унда турли даврларда ишлаб чиқарилган автомобиллар намойиш қилинади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази таклифига кўра, "Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона кўприк" медиатури доирасида Бокуда бўлиб, сизларни ушбу классик автомобиллар кўргазмаси билан таништиришга қарор қилди.

Кўргазмада Германия, АҚШ, Италия, Франция, Буюк Британия ва МДҲ давлатларида ишлаб чиқарилган автомобилларни кўриш мумкин.

Экспозиция кенг экспонатлар коллекциясини ўзида жамлаган бўлиб, унда автомобиллардан ташқари уларнинг аксессуарлари, йўл белгилари ҳамда улар ҳақидаги нашрлар ҳам сақланади. Сайёҳлар нафақат автомобилларни ишлаб чиқариш ва автомобилсозлик саноатининг ривожланиш тарихи билан танишишади, балки архив материаллардан тайёрланган видеороликни ҳам томоша қилишади.

"Классик автомобиллар кўргазмаси" 2015 йилнинг 23 февраль куни очилган бўлиб, унда Ҳайдар Алиев фонди номидан Лейла Алиева қатнашган.

Озарбойжон Автомобиль федерацияси томонидан ташкил этилган кўргазмада ХIХ аср охиридан бошлаб ишлаб чиқарилган ва шу кунларгача етиб келган машиналар намойиш этилган. Шунингдек, у ерда бугунги кунда ишлаб чиқариши тўхтатилган, лекин ҳануз автосервислар қизиқишига сазовор бўлувчи автомобиллар ҳам талайгина.

Кўргазма олдидан Озарбойжон Автомобиль федерациясининг автомобиллар тарихига бағишланган "Тўрт ғилдиракли тарих" китоби нашрдан чиққан.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг 26 августида Боку кўчаларида кўргазма экспонатлари иштирокида Классик автомобиллар паради ташкиллаштирилди ва бу маҳаллий аҳоли ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди.

Автопарадда 1980 йилга қадар ишлаб чиқарилган 150 дан ортиқ классик автомобиль иштирок этган.

"Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган яхши", деганларидек, Kun.uz фотожамланмасини томоша қилиб завқланинг!

Мавзуга оид