Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Акция давом этади: китобга муҳаббат уйғотиб...
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки меҳрибонлик уйларига 720 та китоб ҳадя қилди.
Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш буйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган тадбирлар давом этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан уюштирилди. Миллий банки бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари қаторида, вилоят бўлимлари ва Тошкент шаҳри бош бош бошқармаси раҳбарлари болаларга бу бебаҳо совғаларни улашдилар.
Китобнинг бола дунёқараши шаклланиши, ақлий ривожланишидаги аҳамияти беқиёс. Айнан китоб орқали инсон ҳаётда омадга ва бахтга эришади.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 19 мартида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларга эътиборни кучайтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.
Унда ўртага ташланган ғоя асосида кўплаб вазирлик, ташкилот ва бошқармалар ёшларга китоб ҳадя этиш бўйича тадбирлар уюштирдилар. Миллий банк томонидан тайёрланган 40 жилдли совға тўпламига ўзбек ва дунё адабиётининг етакчи намоёндалари, жумладан – Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Дейл Карнеги, Марк Твен, Антон Чехов ва бошқа ижодкорларнинг сара асарлари жамланди. Ёш китобхонларга эртаклар тўплами, кичик болажонларга эса хорижий тилларни ўрганишга кўмак берувчи ранг-баранг китоблар тақдим этилди.
Бу тадбирлар бутун республика бўйлаб бир кунда ўтказилди ва Миллий банк ташаббуси билан кўплаб меҳрибонлик уйлари китоб фонди янада бойитилди.
Ўзмиллийбанк матбуот хизмати