Light | 18:31 / 05.04.2019
88577
7 дақиқада ўқилади

Жаҳондаги энг йирик масжидлар

Мусулмон оламида масжидларнинг ўрни беқиёс. Улар нафақат ибодат, балки маърифат, саховат, ахборот алмашинуви марказлари ҳамдир. Эътиборингизга дунёдаги энг йирик* масжидлар еттилигини келтириб ўтамиз. 

7. Шайх Зайд масжиди. Абу-Даби, Бирлашган Араб Амирликлари

Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Зайд ибн Султон Наҳайён шарафига номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган ва расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид сиғими 40 мингдан ортиқ намозхон учун мўлжалланган. Шайх Зайд масжиди 82та гумбаз, минглаб устун ва қандиллар ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта гилам (бу гиламни минг нафар тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжиднинг асосий биносида диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил ўз нурини сочади. Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. Умумий майдони 22 минг кв.м. ва бу майдон ҳам поклик рамзи бўлган асосий бино сингари оқ мармар билан қопланган.

6. Ҳасан II масжиди, Касабланка, Марокаш

Фото: Shutterstock

Марокашнинг йирик Касабланка (Дорул Бийзо) шаҳридаги Ҳасан II жоме масжиди 1986-1989 йилларда қуриб битказилган бўлсада, ўз фаолиятини 1993 йилда бошлаган. Масжид минорасининг баландлиги 210 метр бўлиб, бу борада энг баланд кўрсаткич саналади. Умумий майдони 9 гектарга яқин бўлган масжидда умумий ҳисобда 105 минг киши ибодат қила олади. Қурилиш ва жиҳозлаш учун сарфланган 800 млн долларнинг ҳаммаси ихтиёрий равишда қилинган эҳсонлардан жамланган.

5. Истиқлол масжиди. Жакарта, Индонезия

Фото: expedia

Дунёнинг энг кўп мусулмони жамланган давлатга мос бу йирик масжид қурилишига 1949 йилда Индонезиянинг мустақилликка эришиши туртки бўлган. Аввалига ғоя, кейинчалик лойиҳага айланган бу ташаббусга 1961 йилда киришилган ва давлат кўмаги, эҳсонлар ва ҳомийлар кўмагида ўз бағрига 120 минг кишини сиғдира оладиган бу йирик масжид барпо қилинган.

4. Фейсал масжиди. Исломобод, Покистон

Фото: Wikipedia
Фото: muslim.uz

Дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўриндаги Фейсал масжиди 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган. Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади ва 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади. Лойиҳаси анъанавий масжидларни эслатмаслиги туфайли қурилиш жараёнида дастлаб кўплаб норозиликлар бўлган. Аммо кўринишидан бадавийлар ўтовини эслатувчи масжид тўлиқ қуриб битказилганидан кейин ундаги маҳобат ва қулайликлар барчага манзур бўлган.

3. Имом Ризо масжиди комплекси. Машҳад, Эрон

Фото: travelask.ru

Бу йирик комплексни кўпчилик масжидлар қаторига қўшмайди. Шу боис, шиа мазҳабидаги мусулмонлар учун ниҳоятда муқаддас саналган бу зиёратгоҳ аксарият рўйхатларга киритилмайди. Аммо биз бу комплексда мунтазам ибодат қилиб келингани боис мазкур рўйхатга киритдик.

Имом Ризо масжиди ва умуман бу зиёратгоҳга йилига 15-20 миллион нафардан ортиқ зиёратчилар ташриф буюрадилар. Ундаги етти хонақоҳдан ҳар бири 100 минг нафаргача, комплекс умумий ҳисобда 700 минг нафаргача намозхонни сиғдира олади.

2. Набавий масжиди (Масжид ун-набий), Мадина, Саудия Арабистони

Фото: Wikipedia

Мадинаи Мунавварадаги барча мусулмонлар учун табаррук масжид – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарнинг масжиди. Масжид қурилишида Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шахсан ўзлари иштирок этган. Масжид ичида Пайғамбар (с.а.в.) ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттобнинг (розияллоҳу анҳум) қабрлари жойлашган. Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтириб борилган. Масжиднинг 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27та томи, 400дан ортиқ устунлари, 6800та қандиллари бор. Саҳни 100 минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, бир вақтда 1 миллиондан зиёд кишини ўз бағрига сиғдира олади.

1. Масжид ул-ҳаром. Макка, Саудия Арабистони

Энг улкан, барча мусулмонлар талпинувчи мўътабар масжид. Умумий саҳни 400 минг кв. метр бўлиб, 1,1 млн нафар намозхонни сиғдира олади ва бу кўрсаткич ҳаж мавсумида 4 миллион нафарга қадар ортиб кетади. Каъба эшиги 280 килограммлик соф олтиндан ясалган. Ҳар бирининг баландлиги 90 метрдан ортиқ тўққизта минораси, тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор.

Қуръони Каримда «Масжидул ҳаром» ибораси бир неча маънода ишлатилади. Гоҳида «ҳарам» маъносида келади. Маккаи Мукаррама шаҳри атрофида белгиланган махсус чегара билан ўралган, шаҳар ва унинг атрофидаги маълум жойларни ўз ичига олган минтақадир. Бу ҳудуд, Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган кунида ҳаром қилинган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир: дарахти кесилмайди, ўсимлиги юлинмайди, ҳайвонлари овланмайди ва уруш қилиб бўлмайди. Ичида ва атрофида ёмонликлар ва шариатда кўрсатилган бир қанча ишларни қилиш ҳаром бўлган масжид дегани.

Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам бир қатор йирик масжидлар жойлашган. Жумладан, 2018 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркия билан ҳамкорликда қуриб битказилган масжид бир вақтда 20 минг намозхонни сиғдира олади. Остонадаги «Ҳазрат Султон» масжиди эса 11 гектарлик ҳудудда жойлашган бўлиб, умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ. Сиғими эса 5 минг кишини ташкил қилади.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги Марказий Осиёда энг йирик бўлиши ва жорий йилда ишга тушиши кутилаётган масжид ўз бағрига 120 минг кишини сиғдириши мўлжалланган. Қатарлик ҳомийлар кўмагида 2009 йилдан буён қурилаётган бу масжид битганидан сўнг дунё етакчилари сафидан жой ола билади.

«Ҳазрати имом» мажмуаси Ўзбекистондаги энг йирик масжид ҳисобланса, Андижон вилояти Асака туманидаги «Холид ибн Валид» масжиди ҳам йирик масжидлар қаторида туради.

*Жума, ҳайит намозларида масжид асосий биносига қўшимча ён-атрофдаги майдонларда ҳам ибодат қилинишига кўра йирик масжидлар рўйхати турли манбаларда турлича кўрсатилган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид