Жамият | 18:40 / 05.04.2019
8914
2 дақиқада ўқилади

Термизда халқаро фестивалнинг ички танлови бошланди

Термиз шаҳрида ўтказилаётган биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ички танлов — Республика бахшилар мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Кўрик-танловда иштирок этиш учун 100дан ортиқ маҳаллий бахши, жиров, оқин ва бахшилар истак билдиришган. Иштирокчиларнинг санъат йўналишидаги фарқлар инобатга олиниб, танлов 3 йўналишда, хусусан, очиқ овоз, ички овозда достон айтадиган бахшилар ва жиров, оқинлар йўналишида ўтказилиши белгиланди. 

Ташкилий қўмита маълумотида таъкидланишича, танлов натижасига кўра 3та номинацияда ғолиблар алоҳида мукофотлар билан тақдирланади. Унга мувофиқ:

-  «Энг яхши аёл бахши»

-  «Энг ёши улуғ бахши»

-  «Энг ёш бахши»

номинацияларида ғолиб бўлган танлов иштирокчилари, бундан ташқари 20та рағбатлантирувчи мукофот эгаларига алоҳида совринлар топширилади. 

Танлов ташкилий қўмитаси бахшиларнинг достонларни яхши билиш шартини устун қўйиб, исталган достондан парча айтиб беришини сўраши белгиланди. Бунда ички овозда достон айтувчилар «Алпомиш», ташқи овозда айтувчилар эса «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», жировлар «Эдигей», оқинлар эркин мавзуда чиқиш қилиши сўралади.

Мавзуга оид